Путин мангу қолишга ваъда берган Херсондан чекинмоқда, бунга нима мажбур қилди? Украина, Россия, Уруш

херсон

Сурат манбаси, Sergei Malgavko/TASS

    • Author, Анастасия Лотарева Елизавета Фохт
    • Role, Би-би-си

Россия қўшинлари Херсонни ташлаб чиқиш ҳақида буйруқ олди. Бир ярим ой олдин Владимир Путин Кремлда Украинанинг босиб олинган ҳудудларини тантана билан Россия таркибига қўшиб олиб, бу ҳудудларнинг аҳолиси мангу Россия фуқароси бўлиб қолишини эълон қилганди.

Орадан бироз ўтиб, Россия армияси таъминотни таъминлай олмагани учун Херсон шаҳридан чиқиб кетишини маълум қилди.

Украина қандай қилиб муҳим шаҳардан россияликларни чиқаришга эришди?

Херсонни қайтариб олиш бошиданоқ Украинанинг асосий ҳарбий ва сиёсий мақсади бўлиб келди.

"Херсон босқинчилар қўлида қолишни тасаввур қилолмаймиз. Бу принципиал масала", деганди август ойи ўртасида Украина президенти маъмурияти раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Би-би-сига.

Киев мамлакат жанубига ҳужум қилиш ҳақида ёз давомида гапириб келди. Украина қуролли кучлари июл ойида ҳар куни Херсон шаҳрида чап ва ўнг қирғоқни бирлаштириб турувчи стратегик муҳим кўприкларни бомбалай бошлади. Россия қўшинларининг таъминоти айнан шу кўприк орқали амалга ошириларди.

Американинг HIMARS ракета тизими ҳам иштирок этган ўт очиш натижасида Кахов ва Антонов кўприклари ишдан чиқди.

Россия ҳарбийлари паромлардан фойдалан бошлади, аммо паромлар ҳам тез-тез ўтга тутилди. Бу логистика борасида катта муаммолар туғдирди.

Ниҳоят, август охирида жанубга ҳужум бошланди. Россия ҳукумати ва босиб олинган жойдаги маъмурият бошида ҳужумларни ёлғонга чиқаришди. Кейин ҳарбий раҳбарият ҳужум қилишга уриниш "барбод" бўлгани ва Украина армияси катта йўқотишга учраганини айтиб чиқди.

Бироқ Россия армияси дуч келган ҳақиқий ҳолат хурсанд бўладиган эмасди. Жанубга ҳужум қилиш билан бир вақтда Украина қуролли кучлари Харков вилоятига қўққисдан ҳужум қилишди ва баҳорда босиб олинган Балаклея, Купянск ва Изюм шаҳарларини озод қилди. Мутахассислар Херсон томонга қилинган юришларни шарққа қилинган ҳужумдан чалғитувчи ҳаракатлар, дея баҳолашди.

Россия ҳарбийлари Донецк вилоятидаги Лиман шаҳрини бой бергандан бир кун ўтиб Владимир Путин "референдум" натижларига кўра, ўзларини Донецк халқ республикаси, Луҳанск халқ республикаси деб атаб олган ҳамда Херсон ва Запарожье вилоятларни Россия таркибига қўшиб олганини эълон қилди.

байроқ

Сурат манбаси, Sergei Bobylev/TASS

Россия ичида ҳарбий қўмондонларга қилинган кескин танқидлар манзарасида мамлакатда "қисман" сафарбарлик эълон қилинди. Аммо бу Украинани тўхтатиб қололмади.

Октябр ойи бошида Украина Қуролли кучлари Днепр дарёсига яқин Россия ҳарбийларини сиқиб чиқариб, Херсон вилоятининг шимоли ва шимолий-шарқи томон илдам юриш бошлади. Ноябрга келиб Херсондаги бинолардан Россия байроқлари йўқола бошлаган. Маҳаллий аҳоли буни шаҳарни топширишга тайёргарлик, дея қабул қилган.

Энди нима бўлади?

Украина ҳукумати Херсонни тарк этиш қарорига куз бошланган бери армиясини очиқ танқид қилаётган Россия ҳарбий журналистлари блогерларидан фарқли равишда босиқлик билан муносабат билдирмоқда.

Украина президенти маъмурияти раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк "Украина Россия Херсонни жангсиз таслим қилиши борасида аломатларни кўрмаяпти. Шаҳарда етарли даражада Россия қўшинлари бор ва минтақага қўшимча кучлар олиб келинмоқда. Украина ўз ерларини телевизорда кўрсатиладиган саҳналаштирилган баёнотларга қараб эмас, балки разведка маълумотларига таяниб озод қилади" деган.

Херсон

Сурат манбаси, Anadolu Agency

Агар Украина расмийлари ҳақиқатни гапираётган ва шаҳарни тўлиқ топшириш ҳақида гапиришга ҳали эрта бўлса ҳам, Днепр дарёсининг ўнг қирғоғини ташлаб чиқиш буйруғи - Россия армияси учун жиддий зарба.

Херсон Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг қўлга киритган ягона вилоят маъмурий маркази эди. Боз устига ҳукумат унинг расман Россия таркибига қўшилганини эълон қилганди.

Бундан ташқари Россия армияси бостириб кирган кундан бошлаб Одесса ва Николаевга ҳужумга қилишга ҳаракат қилди. Днепр дарёси ўнг қирғоғида муҳим жойни йўқотиш ушбу ҳужумларнинг амалга ошишини бутунлай пучга чиқаради. Чунки ҳарбийлар олдинга юриши учун барибир дарёдан ўтишига тўғри келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek