Путин Россия қўшиб олган ерларида ҳарбий ҳолат эълон қилди, Путин "қиёмат" генералининг Херсон борасида "оғир қарори" нима англатади?

Сурат манбаси, Reuters
Путин Россия қўшиб олган Украинанинг 4 ҳудудида ҳарбий ҳолат эълон қилди. Яқинда Украинадаги Россия кучларига бошчи этиб тайинланган "қиёмат" генерали Сергей Суровикин Херсон борасида оғир қарор қабул қилиниши мумкинлигини айтди. Россия ва Беларуснинг умумий ҳарбий гуруҳ тузиши Украина учун нимани англатади?
Ҳарбий ҳолат
Россия Президенти Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Украинанинг қўшиб олган ҳудудларида ҳарбий ҳолат жорий қилиш ҳақида фармон имзолаганини маълум қилди.
Ҳарбий ҳолат ўзини Донецк ва Луганск халқ республикалари, Запорожье ва Херсон вилоятларида жорий қилинади.
Путин ҳарбий ҳолат қанча муддатга жорий қилинишига аниқлик киритмаган.
Фармон маъқуллаш учун Федерация кенгашига юборилган.
Яқинда Россия парламенти юқори палатаси танаффусдан сўнг йиғилишларни қайта бошлаши айтилганди.
Путин ҳарбий ҳолат жорий қилиш қарорини изоҳларкан, Украина келишув борасида ҳар қандай таклифни рад этаётганини таъкидлади.
"Отишмалар давом этаяпти" деган у.

Сурат манбаси, EPA
Олдинроқ Россия Украинадаги қўшинларига бошчи қилиб тайинлаган "қиёмат" генерали Суровикин Украина қўшинлари томонидан қуршовга олинаётган Херсонда оғир қарорлар қабул қилишга тўғри келишини айтиб чиққанди.
"Қиёмат" генерали деб таъриф бериладиган Суровкинннинг Херсон борасида "оғир қарор" қабул қилиниши мумкин деган гапини айримлар шаҳарни топширишга тайёргарлик, деб тушунган бўлса, бошқалар охиригача ҳимояланиш учун қатъият, деб баҳоламоқда.
Суровикин сешанба куни Херсондаги Россия кучларининг ҳаракати "бугунги кунга келиб осон бўлмаган ҳарбий-тактик вазиятга боғлиқ" деди.

Бу 8 октябр куни тайинланган генералнинг илк оммавий мурожаатидир.
"Херсон аҳолиси учун хавфли вазият юзага келди. Антонов кўприги ва Кахов ГЕСи дамбаси HIMARS реактив снарядлари билан бузилди, улар бўйлаб ҳаракат тўхтатилди. Озиқ-овқат етказиш қийинлашди, сув ва электр токи борасида муаммолар бор", деди Суровикин.
У ҳар қандай ҳолатда ҳам тинч аҳоли ва ўз ҳарбийларининг ҳаётини сақлаб қолиш заруриятидан келиб иш қилишини айтган.
"Оғир қарорларни қабул қилишни истисно қилмаган ҳолда онгли равишда ва ўз вақтида ҳаракат қиламиз", деган Суровикин.
Суровкин мурожаат қилиши биланоқ босиб олинган Херсон маъмурияти Владимир Салдо Днепр дарёсининг ўнг қирғоғидаги 4 тумандан аҳоли эвакуация қилинишини эълон қилди.

Сурат манбаси, Sergei Bobylev/TASS
Салдонинг айтишича, ушбу қарорнинг олиниши Украина ҳарбий кучларининг бўлажак ҳужуми ва Кахов ГЭСи тўғонини бузиб, вилоятнинг катта қисмини сув остида қолдириш таҳдидлари билан боғлиқ.
Днепрнинг чап қирғоғига Херсоннинг 60 минг аҳолисини кўчириш режалаштирилган, бунга 6 кун кетиши мумкин.
Октябр ойининг бошида Украина ҳарбийлари Днепр ўнг қирғоғидаги Россия мудофаасини ёриб ўтиб, Берислав ва Кахов ГЭС тўғони томон ҳаракатлана бошлади. Херсонда жойлашган Россия аскарларини қуршаб олиш режаси рўёбга чиқа бошлади.
Украинага Беларусдан янги ҳужум бўлиши мумкинми?
Россия ва Беларус раҳбарлари умумий ҳарбий гуруҳ тузилиши ҳақида маълум қилди. Бундан ташқари президент Александр Лукашенко Беларуснинг урушдаги эҳтимолий иштирокини оқлаш учун бир неча маротаба Украина гўёки Беларусга ҳужум қилмоқчи, деб чиқганди.
Беларус армияси урушда Россия томонидан иштирок этадими?
Беларус томонидан янги ҳужумлар бўлиши мумкинлиги борасида ёз давомида гапириб келинди. Шу билан бирга Украина Ҳарбий кучлари бош штаби ҳисоботларида Волин ва Полесье йўналишида вазият тинч эканлиги ва ўзгаришлар йўқлиги айтилди.
Бироқ кузга келиб Россия яна Беларус ҳудудларига қўшин ўтказа бошлади. Россияда сафарбарлик эълон қилиниши ҳам хавотирли ҳолат сифатида қабул қилинди. Украина разведкасига кўра, Беларус Россияда сафарбарликка чақирилган 20 минг аскарни қабул қилиб олишга тайёргарлик кўрмоқда.
Украина Россия ва Беларус ерларидан ракеталар ҳужумига тутилган 10 октябр куни Александр Лукашенко Россия билан қўшма ҳарбий гуруҳ тузилганини эълон қилди.
Яқин-яқингача Россиянинг Беларусдаги доимий аскарлари сони минг киши атрофида бўлган.
Ушбу рақам қанчалик жиддий ўзгариши ҳозирча маълум эмас, бироқ ҳарбий ҳамкорликнинг Беларус департаменти раҳбари Валерий Ревенко гап 9 минг аскар ҳақида кетаётганини айтди.
Ижтимоий тармоқлардаги расмларга ишонилса, Беларусга асосан яқинда сафарбар этилганларни олиб келишмоқда.
17 октябр куни Беларус қўшма гуруҳга 170 танк, 100 мм калибрдан йирик 100 та қурол ва 200 та ҳарбий машина етиб келишини айтди.
"Белорусский Гаюн" телеграм каналининг ёзишича, россияликлардан иборат эшелонлар Украина билан чегарадош туманларга эмас, балки Беларуснинг марказий ва шимолий вилоятларига келмоқда.
Ҳарбий таҳлилчи Александр Коваленконинг айтишича, Украинага кенг сиқёсли ҳужум таҳдидини ҳосил қилиш учун Россия Беларусга 40 дан ортиқ батальон-тактик гуруҳларни тўплаши керак.
Феврал ойида Украинага бостириб кирган Россиянинг бу йўналишдаги қўшинлари сони тахминан шунча эди.
Коваленкога кўра, агар гап ҳарбий техникасиз 9 минг аскар ҳақида бораётган бўлса бу таҳдид эмас, балки чалғитишдир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













