Россияда қақшатқич икки сирли портлашни ким қилган? Rossiya Dunyo Yangiliklar

Россия портлаш бўлган жойлар харитаси

Россиядан олинган хабарларга кўра, икки ҳарбий авиа базада рўй берган портлашлар оқибатида бир неча инсон ҳалок бўлган.

Москва жануби-шарқидаги Рязань шаҳри яқинида жойлашган ҳарбий ҳаво базасида ёнилғи ташувчида келиб чиққан ёнғин ва портлаш оқибатида уч инсон ҳалок бўлган, олти киши яраланган.

Дягилево ҳарбий аэдромида техникага қанча зарар етгани очиқлангани йўқ.

Энгельс авиа базаси

Сурат манбаси, Getty Images

Алоқадор мавзулар:

Саратов вилоятида жойлашган Энгельс аэродромидаги портлашда икки Ту-95 бомбардировкачи самолёти шикастланган, икки одам жароҳат олган.

Икки портлаш сабаблари номаълум. Икки ҳарбий база ҳам Украина чегарасидан бир неча юз километр узоқликда жойлашган.

Энгельс аэродромигача қарийб 700 километр, Дягилевогача қарийб 500 километр.

Расман Украина ҳарбийларининг ихтиёрида бунчалик узоқдаги ҳарбий объектларни нишонга олишга қодир қуроллари йўқ.

Энгельсдаги бомбардимончи учоқлар Украинага мунтазам қанотли ракеталар отиб келади.

Би-би-сининг Россия бўйича муҳаррири Стив Розенберг ёзишича, икки ҳарбий базада деярли бир вақтнинг ўзида рўй берган икки портлаш "уларнинг ортида Украина турипти" деган фикрларга туртки бўлган.

Украина расман бу ҳақда шарҳ бергани йўқ.

Бироқ Украина президентининг маслаҳатчиси Михайло Подоляк Твиттерда шундай деб ёзди: "агар ўзга мамлакатнинг ҳаво ҳудудида нимадир отилса, эртами-кеч учувчи объектлар дастлаб учган жойига қайтади."

4 декабрь куни олинган сунъий йўлдош суратларида Энгельс аэродромида кўп сондаги оғир бомбаримончи самолётлар турганини кўрсатади.

Улар афтидан, Ту-160 ва Ту-95 стратегик бомбардимончи самолётлар.

Энгельс аэродромининг сунъий йўлдошдан олинган сурати

Сурат манбаси, Planet Labs PBC

Сурат тагсўзи, Энгельс аэродромининг сунъий йўлдошдан олинган сурати
Энгельс аэродромининг сунъий йўлдошдан олинган сурати

Сурат манбаси, Planet Labs PBC

Ўтган ҳафта олинган бошқа бир сунъий йўлдош сурати у ердаги учоқлар кўпайганини намойиш этган.

Матбуотда ушбу сурат Россия Украинага қарши янги ялпи ракета ҳужумларини тайёрлаётганидан далолат экани ҳақидаги хабарлар ҳам пайдо бўлди.

Россия Президенти Владимир Путинга икки ҳодиса ҳақида хабар етказилди, деди Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков.

Октябрь ойида Украинанинг "Укроборонпром" компанияси 1000 километрга парвоз қилоладиган, жанговар қисми 75 килограммни ташкил этган дронни ишлаб чиқиш ишларини якунига етказаётгани ҳақида хабар қилган эди.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek