Қиш Украинадаги урушга қандай таъсир қилади? Ukraina Dunyo Yangiliklar

Ukrainian soldiers in a trench in winter, with deep snow on the ground

Сурат манбаси, Getty Images

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, келгуси қиш мавсумида Украинада миллионлаб одамларнинг ҳаёти хавф остида бўлади.

Украинадаги энергия инфратизилмасининг ярми ё вайрон қилинган ё шикастланган, ҳозирда 10 миллион одам электр қувватисиз қолмоқда, дейди ЖССТ Европа директори Доктор Ханс Хенри П Клуг.

Тез кунларда Украинага қишки об-ҳаво тўла кириб келади, ҳарорат -20 даражага тушиши кутилади ва бу Украина қуролли кучларига ҳудудларни руслардан қайтариб олишда тўсқинлик қилиши мумкин.

Россия, шунингдек, электр станциялари ва ёқилғи омборларига зарба бериш орқали тинч аҳолини совуқда қолдиришга уриниши мумкин.

Украина қиши қандай бўлади?

Декабрь ва март ойлари орасида Украинада ўртача ҳарорат -4,8 ° С дан +2 ° С гача кузатилади.

Декабрда ўртача 14 кун, январда 17 кун, февралда 15 кун қор ёғади. Бу ойларнинг ҳар бирида 1,5 метрдан ортиқ қор ёғади.

Бироқ, мамлакат жанубида, Қора денгиз қирғоғида қиш шимолга қараганда юмшоқроқ келади.

Алоқадор мавзулар:

Қишки об-ҳаво Украинадаги урушга қандай таъсир қилади?

Киевда, шимолда, ҳарорат аллақачон нолга тушмоқда. Январь ойида ўртача ҳарорат -3,8 ° С, кечаси эса ўртача -6,1 ° С гача тушади.

Бироқ, Херсоннинг жанубий минтақасида январь ойининг ўртача ҳарорати анча юқори: -0,9С. Ўртача минимал -3,7С.

Бу Украинанинг шимоли-шарқидаги фронт чизиғида ҳарорат шунчалик пасайиб, ер қаттиқ музлаши мумкинлигини англатади.

Бироқ, Херсон вилоятидаги фронтда қишда қор ва ёмғир ерни ботқоққа айлантириши мумкин.

Қиш жанговар қисмлар учун нимани англатади?

Лой ер ва қалин қор қўшинлар ва уларнинг техникаси ҳаракатини қийинлаштиради.

Бу Украина кучларини ноқулай аҳволга солиб қўяди, дейди Маккензи разведка хизмати бош директори Форбес Маккензи, чунки бу уларнинг тезроқ олдинга силжишига тўсқинлик қилади.

"Украиналикларга тез манёвр қилишлари ва Россия кучларини қувишда давом этишлари учун музлаган ер, совуқ ва қаттиқ қиш керак бўлади", дейди у.

"Бироқ, руслар украиналикларни ботқоққа ботирадиган иссиқ ва нам қишни хоҳлашади."

Украинанинг Херсон атрофидаги операцияларига октябрь ойида кучли ёмғирлар тўсқинлик қилган эди.

Ҳарбий кучларини таъминлаш Украина учун ҳам, Россия учун ҳам жиддий муаммо бўлади.

Халқаро Стратегик тадқиқотлар институти катта илмий ходими Бен Барри, "Қўшинлар қишда кўпроқ озиқ-овқатга муҳтож, исиниш учун эса кўпроқ ёқилғи керак", дейди.

"Бироқ, ҳар икки томон ҳам совуқ ҳавога ўрганиб қолган ва уларнинг жиҳозлари совуқ об-ҳавога мўлжалланган, шунинг учун қишки об-ҳаво уларнинг аскарларини жанг қилишига умуман тўсқинлик қила олмайди", дейди у.

Қишки об-ҳаво жангга қандай таъсир қилади?

Кўпгина ҳарбий экспертларнинг фикрича, қишда Россия ҳам, Украина ҳам қуруқликдаги ҳужумлардан кўра кўпроқ артиллерия ҳужумларига эътибор қаратади.

"Қиш мавсумида таъминотни етказиб бериш қийинроқ ва қўшинлар танқисликка кўпроқ учрайди", дейди Лондон Қироллик коллежининг мудофаа бўйича тадқиқотчиси Марина Мирон.

Украина қўшинларининг артиллерия ҳужуми

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу қишда икки томон ҳам душманининг артиллерия чизиғини вайрон этишга диққатини қаратиши мумкин

"Иккала томон узоқ масофага учадиган артиллерия ва дронлар ёрдамида таъминот линиялари ва таъминот омборларини бомбалаш орқали душман ресурсларини йўқ қилади".

Бироқ, туман ва қор бўронлари ҳар бир томоннинг артиллерия нишонларини аниқлаш қобилиятига таъсир қилиши мумкин, агар улар инфрақизил тасвирлаш ускунасидан фойдаланмасалар.

Украина ва Россия қуролли кучлари асосан дронларга таянади ва уларнинг аксарияти фақат асосий камералар билан жиҳозланган стандарт турлардир.

Россия бу қишда Украина фуқароларига ҳужум қиладими?

Россия аллақачон аҳоли пунктлари ва электр станциялари, сув иншоотлари каби объектларга бир неча марта ҳужум уюштирган.

Чатам Ҳаус таҳлил марказининг Украина форуми раҳбари Орися Луцевичнинг айтишича, бу стратегия қишда ҳам давом этиши мумкин.

"Тинч аҳоли инфратузилмага ҳужумлар давом этишини, асосан, уларни иссиқликдан маҳрум қилишлари мумкинлигини кутмоқда", дейди у.

"Ҳозир одамлар ўтин каби ёқилғи жамғариб, печка, мангал сотиб олмоқда. Касалхона каби жойлар ўз генераторларини сотиб олади."

Россия стратегияси энди Украинадаги қуролли кучларнинг янги тайинланган бош қўмондони генерал Сергей Суровикин қўлида.

У Сурия ва бошқа ҳудудлардаги операцияларни бошқаришда шафқатсиз тактикаси туфайли "Қиёмат генерали" деган ном билан танилган.

Президент Путин генерал Суровикинни медал билан мукофотлаётган пайт.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Генерал Сергей Суровикин Президент Путиннинг Украинадаги янги қўмондони

Мирон хонимга кўра, унинг мақсади Украина аҳолисини руҳан синдириш бўлиши мумкин.

"Россия, агар одамлар совуқда қотиб қолса ва умидсизликка тушса, улар ўз ҳукуматларига қарши исён кўтаришлари мумкин деб ҳисоблайди", дейди у.

Бироқ, Луцевич хонимнинг фикрича, Украина қишга нисбатан яхши тайёрланган.

"Газ омборлари тўла ва уларда дизель каби ёқилғининг катта захиралари бор", дейди у.

"Одамлар Россия урушда ғалаба қозонмаётганини ва агар қишдан омон чиқа олсалар, баҳорда Россияга қарши яхшироқ ҳаракат қилишларини тушунишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek