Дунё. Янгиликлар: ‘Яҳудий Толибон’ ким? Улар болаларни тутқунликда тутганми? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, RAFFI BERG
Би-би-сининг ўрганишича, Мексикадаги ўрмонда жойлашган яҳудий сектаси мажмуасидан болалар ва ўсмирлар полиция рейдидан сўнг қутқарилган.
Мажмуадан чиқарилган уч ёшли бола Исроилга олиб кетилди.
Алоқадор мавзулар:
Лев Таҳор (ибронийча "Пок юрак") экстремистик амалиётлар ва ўз аъзоларга қаттиқ режим ўрнатиши билан машҳур.
У ёш болалар никоҳини ёқлайди, ҳатто кичик ҳуқуқбузарликлар учун ҳам қаттиқ жазолашни назарда тутади, уч ёшдан ошган қизларнинг баданини тўла ёпувчи либос кийишини талаб қилади.
Бу чеклов Афғонистонни назорат қилувчи сунний мусулмон экстремистик гуруҳи ўрнатган кийиниш қоидаларига ўхшагани учун гуруҳга "Яҳудий Толибони" лақаби берилган.

Сурат манбаси, EPA-EFE
Полиция жума куни эрталаб Чиапас штатидаги Тапачула шаҳридан 17,5 км шимолда жойлашган ҳудудга кириб борди.
Полиция Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик бўйича махсус прокурори томонидан олиб борилган терговдан сўнг федерал судьянинг кўрсатмаси билан болаларга нисбатан зўравонликда гумон қилинган бир неча секта раҳбарларини ҳибсга олиш ва тутқун аъзоларни қутқаргани борган.
Операцияга алоқадор бўлган исроиллик манбанинг айтишича, ўғил-қиз болалар гуруҳнинг қолган қисмидан тезда ажратилган, чунки уларни олиб чиқишга тўсқинлик қилмоқчи бўлган аъзолар сабабли уларнинг ҳаётлари хавф остида қолиши мумкин эди.
Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, бинода 26 киши, жумладан, Канада, АҚШ ва Гватемала қўш фуқаролигига эга исроилликлар бўлган.
Унда айтилишича, Канада ва Исроил фуқароси ҳибсга олинган ва қидирувдаги яна икки аъзо рейддан икки кун олдин бинони тарк этган ва ҳозирда қидирилмоқда. Яна беш нафари иммиграция қоидаларини бузгани учун ҳибсга олинган.
Иштирокчиларнинг қолган қисми то тегишли қарор қабул қилингунча Мексика Ижтимоий ҳимоя вазирлиги муассасасига жойлаштирилган, деди Исроил ТИВ.
Мажмуадан олиб кетилганлар орасида гуруҳни аввалроқ тарк этган исроиллик Исроил Амирнинг уч ёшли ўғли ҳам бор эди. Рейд пайтида ҳозир бўлган Амир душанба куни ўғли билан Исроилга қайтган.
"Хавфли культ"

Сурат манбаси, RAFFI BERG
Мексика полицияси операцияни режалаштириш ва амалга ошириш учун Исроилдан келган тўрт нафар кўнгилли, жумладан, собиқ Моссад агентлари билан бирга ишлаган.
Исроиллик манбага кўра, сектада аёллар ва болалар кўплиги сабабли мажмуага "жуда эҳтиёткорлик билан ва ҳеч қандай зўравонликсиз" рейд уюштирган полиция бўлинмаси таркибида эркак ва аёл хизматчилар бўлган.
"Мексика расмийлари ўз вазифаларини аъло даражада бажардилар", дея қўшимча қилади манба.
Операция тахминан икки йил аввал Амир ва сектанинг айрим аъзоларининг бошқа қариндошлари собиқ агентлардан бирига ёрдам сўраб мурожаат қилганларида бошланган.
Гуруҳ Исроил ва Гватемала ўртасида сафар қилган, у ерда 2014 йилдан бери яшаб, кузатув операцияларини ўтказган ва маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Гватемала хусусий детективи билан ҳамкорлик қилган.
Январь ойида сектанинг 40-50 га яқин аъзоси ноқонуний равишда Мексикага ўтиб кетган ва Тапачула шимолидаги ўрмонга жойлашган.
Сектанинг Гватемаладаги раҳбарлари 2018 йилда ушбу жамоадан қочиб кетган аёлнинг икки боласи Нью-Йоркдан ўғирлаб кетилганидан бери одам ўғирлаш иши бўйича текширилган. Уч ҳафта ўтгач, улар Мексикада топилди.
Мазкур иш бўйича сектанинг тўққиз нафар аъзоси айбланган. Тўрт киши, жумладан, асосчининг ўғли ва ҳозирги раҳбари Начман Ҳелбранс қамоққа олинган, бири судланган, бироқ муддати ўтиб кетгани учун озод қилинган, иккинчисига эса ноябрь ойида ҳукм чиқарилиши керак. Иккиси судни кутмоқда, бири эса Гватемалада ҳибсда.
Лев Таҳорга 1988 йилда Исроилда раввин Шломо Ҳелбранс томонидан асос солинган, кейинчалик у АҚШга кўчиб ўтган. У 1994 йилда одам ўғирлашда айбланиб икки йил қамоқда ўтирди ва 2017 йилда Мексикада чўкиб ўлди.
Сўнгги йилларда 350 га яқин аъзоси бўлган Лев Таҳор маҳаллий ҳокимиятлар назорати остида бўлганидан сўнг мамлакатдан мамлакатга кўчиб ўтишга мажбур бўлди.
Ҳозирда у Исроил, АҚШ, Шимолий Македония, Марокаш, Мексика ва Гватемалада тарқалган. 70 дан 80 гача аъзолар ҳали ҳам Гватемалада.
Гуруҳ кўпинча ўта ортодоксал деб таърифланса-да, у ўз қоидаларига амал қилади ва Исроил суди томонидан "хавфли культ", деб эълон қилинган.
Унинг етакчилари маҳаллий қонунларни бузаётганликларини инкор этиб, гуруҳ эътиқоди туфайли таъқиб қилинаётганини айтиб келади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














