Жинсий зўравонлар бичилади, уйғурлар пахта қуллигига “кўз очинг”, мигрантлар шунчалик кўп коронавирусга чалинганми? Dunyo, Xitoy, musulmonlar, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Жинсий зўравонлар бичилади, уйғурлар пахта қуллигига "кўз очинг", мигрантлар шунчалик кўп коронавирусга чалинганми?- Покистон президенти янги қонунни имзолади, Британияда бизнеслар огоҳлантирилди ва Сингапурда янги хавотирлар. Халқаро дайжест.
Янги қонун
Покистон президенти жинсий зўравонликка қарши янги қонунни имзолади.
Янги қонун ушбу жиноят иши билан боғлиқ маҳкама жараёнларини тезлатиш ва жазони кучайтиришни кўзда тутади.
Мазкур қонунчилик асосида жинсий зўравонларнинг ягона рўйхати тузилади, қурбонларнинг шахслари ҳимояланади ва айрим жиноятчиларнинг кимёвий бичилиши мумкин бўлади.
Жинсий зўравонликка оид ишларни энди махсус тезкор судлар кўриб чиқади ва тўрт ой ичида ўз ҳукмини айтади.
Янги қонун Лаҳор чеккасида содир этилган ва жамоатчиликнинг кескин қаҳру ғазабига сабаб бўлган гуруҳ бўлиб жинсий зўрлаш ҳодисаси ортидан қабул қилинмоқда.
Ҳукумат энди янги қонунни 120 кун ичида мамлакат парламентига етказиши керак.
Парламент маъқуллови ортидан қонун доимий амалиётга киради, аммо унгача ҳам кучда бўлади.
Жинсий зўравонлик Покистонда ҳам энг долзарб муаммолардан бири бўлади.
Аммо аллақачон янги қонуннинг танқидчилари топилган.
Уларга кўра, янги қонунда кўзда тутилган жазолар жуда қаттиқ ва уни қабул қилишдан олдин масъуллар керагича маслаҳатлашишмаган.
Уйғурлар пахта қуллигига "кўз очинг"

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-сининг Хитой пахта саноатидаги мажбурий меҳнат ҳоллари билан боғлиқ суриштируви ортидан, британ парламентининг нуфузли қўмитаси аъзоси мамлакат бизнес аҳлиги худди шу каби даъват билан чиқди.
Улар қуллик меҳнати орқасидан етиштирилганини харид қилиб қўймаслик учун пахталарини қаердан олаётганликларини яхшилаб ўрганишлари шарт эканини айтди.
Би-би-си кўришга муваффақ бўлган ҳужжатлар Хитой Шинжонда уйғурлар илова миллий озчилик бўлган юз минглаб одамни мажбурий пахта йиғим-теримига жалб қилганини кўрсатган.
Британ парламенти аъзоси Нусрат Ғанининг айтишича, "Британия ширкатлари бу каби хавотирли воқеълик қаршисида кўз очишлари шарт".
Нусрат Ғани ушбу масалани Бизнес, Энергия ва Саноат стратегияси қўмитаси учун тадқиқ этган.
Унинг айтишича, ширкатлар, "бу каби ҳоллар юз бераётганига кўз юмишни бас қилишлари, ўз таъминот йўналишларини синчковлик билан ўрганишлари, уларнинг қуллик ва уйғурлар меҳнатининг суиистеъмол этилишидан фойда кўрмасликлари борасида қатъий ишонч ҳосил қилишлари шарт".
Би-би-си мазкур масала юзасидан 30 та халқаро брендга мурожаат қилди.
Marks&Spencer, Next ва Tesco Хитойдан олаётган маҳсулотларининг Шинжондаги пахта хом-ашёсидан қилинмаслигини кафолатловчи тартиб-қоидалари амалда эканини айтишди.
Burberry Хитой пахтасидан умуман фойдаланмаслигини билдирди.
Шинжондан тўғридан-тўғри маҳсулот олмайдиган бошқалари эса, пахталари ўзга таъминот занжири билан боғланмаганини кафолатлай олмасликларини айтишди.
Тўққиз ширкат умуман жавоб бермади.
Нусрат Ғани бу масалада аллақачон ўз тартиб-қоидаларига эга ширкатларни мақтаган, қолганлари ҳам улардек йўл тутишлари лозимлигини айтган.
Британия Чакана Савдо Консорциуми барқарор ривожланиш бўйича бўлими раҳбари Питер Эндрюс, "аъзоларининг таъминот амалиётида одамлар ва жамоаларнинг саломатлиги муҳим аҳамият касб этиши, мажбурий меҳнатдан фойдаланилмаганига тўлиқ ишонч ҳосил қилиш ва ана шу олий мезонларни сақлаб қолиш учун ширкатлар ўзларининг Хитой, айниқса, Шинжондан таъминот занжирларини текширишаётгани"ни айтган.
Буюк Британия 2015 йилги Замонавий Қулдорликка оид Акт асосида қулчиликка қарши махсус қонунни ҳам қабул қилган.
Сингапурда хавотирлар

Сурат манбаси, Reuters
Сингапурда коронавирусга чалинган мигрантлар сони уч баробар кўп бўлиши мумкин.
Бунга шу душанба куни эълон қилинган ўтган тўққиз ойги умумий кўрсаткичлар далолат қилган.
Янги рақамлар мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг ярмига яқини меҳнат муҳожирларини эканини кўрсатган.
Фаоллар бунинг ўзлари учун "кутилмаган" бўлмаганини айтишмоқда.
Сўз эса, Сингапурдаги 152 минг нафар хорижлик ишчи ҳақида кетмоқда.
Мамлакатдаги жами меҳнат муҳожирларининг сони эса, 323 минг кишини ташкил этади.
Улардан 65 мингга яқинининг тест натижаси ҳануз чиқмаган, чиқса, бу рақамлар янада ортиши мумкин.
Мигрантлар ҳам икки хил усулда текширилганлар.
Бирида коронавирусга чалинган-чалинмаганликлари аниқланган.
Иккинчисида, вирусни аллақачон юқтириб бўлган-бўлмаганликлари ўрганилган.
Бу мигрантларнинг аксарияти бир хонада бир неча киши бўлиб, ётоқхоналарда яшаб келишган, эркаклар.
Ҳали коронавирус авж олган апрель ойидаёқ қолган аҳолидан ажратиб қўйилган.
Ўтган бир неча ойда Сингапурда коронавирус деярли жиловлаб бўлинган.
Аммо қолган одамларга берилган енгиллик мигрантларга берилмаган.
Уларнинг ҳаракатланишига қўйилган чекловларнинг фақат келаси йили босқичма-босқич енгиллатилиши кутилмоқда.
Бу мигрантларнинг аксарияти Жанубий Осиёдан келишган.
Сингапурда кам маошли қурилишлар ёки корхоналарда ишлашади.
Уларнинг аҳволи фаолларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.
Айримлари Би-би-си билан суҳбатда, "Сингапурнинг мигрантларга маҳбуслардек муносабат қилишига ҳеч бир асос йўқлиги"ни айтишган.
Ўзбекистон ҳам минтақанинг энг кўп - миллионлаб сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Бу мигрантлардан аниқ қанчасининг коронавирусга чалингани ва уни юқтириб бўлганига оид расмий маълумотлар ҳалича кўзга ташланмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














