Украина уруши: Россия йўқотишлари Путин учун нимани англатади? Dunyo Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Стив Розенберг
- Role, Би-би-си, Москва
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Одатда, Россия давлат телевидениесининг асосий ҳафталик янгиликлар дастури Кремль муваффақиятларини кўз кўз қилади.
Аммо 11 сентябрда узатилган дастур ноёб эътироф билан бошланди.
"[Украинадаги] махсус операциянинг фронт чизиғи учун бу энг оғир ҳафта бўлди", деди бошловчи Дмитрий Киселев қайғу билан.
"Айниқса, Харков фронтида жуда қийин бўлди, у ерда сон жиҳатдан бизникидан кўп бўлган душман кучлари ҳужуми остида [Россия] қўшинлари илгари озод қилинган шаҳарларни тарк этишга мажбур бўлишди."
Украина: Путин ортга қайтмайдими - Украина шарқида жанглар шиддатлашди Putin Rossiya BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Озод қилинган"ни "босиб олинган" деб ўқинг. Москва бу ҳудудларни бир неча ой олдин босиб олган эди. Бироқ Украина армиясининг яшин тезлигидаги қарши ҳужумидан сўнг Россия ҳарбийлари Украина шимоли-шарқидаги муҳим ҳудудни йўқотди.
Бироқ Россия давлат ахборот воситалари Харков вилоятида содир бўлган воқеани «чекиниш» деб номламаган.

"Россия Мудофаа вазирлиги рус қўшинлари Балаклея, Купянск ва Изюмдан шарманда бўлиб қочгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди, - дейилади "Российская газета" ҳукумат газетасининг сўнгги сонида. - Улар қочмади. Бу олдиндан режалаштирилган қайта гуруҳланиш учун қилинди".
"Московский комсомолец" газетасида ҳарбий кузатувчи бошқача фикр билдирди: "Биз душманни паст баҳолаганимиз аллақачон аён бўлди. [Россия кучлари] жавоб қайтаришига жуда кўп вақт кетди ва қулаш содир бўлди ... кучларимиз қуршаб олинмаслиги ва йўқотишларни камайтириш мақсадида қўшинларимиз чиқиб кетди.»
Бу «мағлубият» россияпараст ижтимоий тармоқларда ва «ватанпарвар» рус блогерлари орасида ғазаб уйғотди, улар хатоларда ўз ҳарбийларини айбладилар.
Шу жумладан, Чеченистоннинг қудратли раҳбари Рамзан Қодиров ҳам.
"Агар бугун ёки эртага стратегияда ўзгаришлар бўлмаса, - деди Қодиров, - Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва мамлакат раҳбарияти билан гаплашишга мажбур бўламан, уларга жойлардаги ҳақиқий вазиятни тушунтираман. Бу жуда қизиқ ҳолат ва ҳайратланарли."

Сурат манбаси, Reuters
Владимир Путин Украинага кенг кўламли бостириб киришга буйруқ берганига олти ойдан кўпроқ вақт ўтди. Эсимда, кейинги кунларда россиялик сиёсатчилар, шарҳловчилар ва телетаҳлилчилар Кремль "махсус ҳарбий операция" деб атаган операция бир неча кун ичида якунланишини башорат қилган эди; Украина халқи рус қўшинларини озод қилувчи сифатида кутиб олиши ва Украина ҳукумати карталардан солинган уйдек қулаб тушиши керак эди.
Ундай бўлмади.
Бунинг ўрнига, Россия армияси олти ойдан кўпроқ вақт давомида ўз позицияларини йўқотмоқда.
Бу ерда асосий савол туғилади: бу йўқотишлар Владимир Путин учун қандай сиёсий оқибатларни келтириб чиқаради?
Ахир, 20 йилдан ортиқ вақт давомида Путин Россия элитаси орасида ғолиб сифатида танилган; у ҳар доим энг қийин вазиятлардан чиқиб кетишга муваффақ бўлганлиги учун; қисқаси, енгилмагани учун.
Мен уни таниқли Ҳарри Худинининг русча версияси сифатида кўрардим. Қанчалик тугилган ва занжирлар боғланган бўлмасин, Путин ҳар доим чиқиб кетишга муваффақ бўлган.
Бу 24 февралдан кейин ўзгарди.
Ўтган олти ой президент Путиннинг Украинага бостириб кириш қарори жиддий хато бўлганини кўрсатди. Тез ғалабага эриша олмаган Россия узоқ давом этган қонли урушга ўралашиб қолди ва бир қатор шармандали мағлубиятга учради.
Авторитар раҳбарнинг енгилмаслик аураси йўқолса, бу ўша раҳбар учун муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Владимир Путин Россия тарихини билиб олади энди. Урушлар олиб борган ва ғалаба қозона олмаган ўтмишдаги Россия раҳбарларининг охири яхши тугамаган.
Россиянинг Япониядан мағлубияти 1905 йилда биринчи рус инқилобига олиб келди. Биринчи жаҳон урушидаги ҳарбий муваффақиятсизликлар эса 1917 йил инқилобига ва чор ҳукмронлигининг тугатилишига олиб келди.
Бироқ, омма олдида президент Путин мағлуб бўлиш ниятида эмас.
12 сентябрда унинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга: "[Россиянинг] махсус ҳарбий операцияси давом этмоқда ва барча дастлабки мақсадларга эришилмагунча давом этади", деди.

Сурат манбаси, kremlin.ru
Бу бизни яна бир муҳим саволга олиб келади: Путин бундан кейин нима қилади?
Владимир Путин нимани ўйлаётгани ва режалаштираётганини биладиган одамни топиш қийин. Кўп нарса у ҳарбий ва разведка раҳбариятидан олган маълумотлар қанчалик тўғрилигига боғлиқ бўлиши мумкин.
Аммо биз биладиган иккита нарса бор: Россия президенти камдан-кам ҳолларда хатоларини тан олади. Ва у камдан-кам ҳолларда кескин бурилиш қилади.
Давлат оммавий ахборот воситаларининг сўзларига қараганда, уруш майдонидаги муваффақиятсизликларда Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлаётгани айбдор эканлигини кўряпмиз.
"НАТО томонидан қўллаб-қувватланган Киев қарши ҳужумга ўтди", дея маълум қилди Россия давлат телевидениеси.
Яна бир ноқулай, бир неча ойдан бери муаллақ турган савол бор: агар оддий қуроллар билан ғалаба қозона олмаса, президент Путин ядровий қуролга ўтадими?
Бир неча кун олдин Украина Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Валерий Залужний огоҳлантирганди: "Маълум бир шароитда Россия қуролли кучлари томонидан тактик ядро қуроли қўлланилиши таҳдиди мавжуд".
Ҳозирча Кремлда ваҳима пайдо бўлишининг аниқ белгилари йўқ. Россия давлат телевидениеси ижобийроқ эшитилади. Россиянинг Украина энергетика инфратизилмасига ракета зарбалари "махсус операциядаги бурилиш нуқтаси" сифатида таърифланмоқда.
Кремль раҳбарига келсак, ўтган шанба куни Украинадан Россия ҳудудини йўқотаётгани ҳақида хабарлар кела бошлаганида, хотиржам кўринган Владимир Путин Москвада Европадаги энг баланд аттракцион чарҳпалакни очиб берди.
Россия президенти ҳамон Москванинг янги Катта чарҳпалаги сингари унинг "махсус операцияси" ҳам ўз манфаатига ҳал бўлишига ишонаётгандек.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















