Россия Европага газ етказувчи қувурини ўзи портлатяптими? Норд Стрим 1 ва 2да янги ёриқлар Dunyo Yangiliklar

Швеция Россия газини Европа Иттифоқига элтувчи денгизости қувурда янги ёриқни аниқлади. Бу шу ҳафта аниқланган тўртинчи ёриқ бўляпти.
Аввалроқ Дания ва Швеция Норд Стрим 1 ва 2 қувурларидан газ сизиб чиқаётгани, ҳамда бу атайин амалга оширилган ҳужум бўлиши мумкинлигини айтишганди.
Европа Иттифоқи ҳам бу атайин қилинганини айтган.
Россия ўз қувурларига қарши бу каби ҳужумни амалга оширгани борасидаги даъволарни "олдиндан кутилган ва аҳмоқона" деб атади.
Швеция чегара хизмати аввалроқ Норд Стрим 1 қувурида топилган ёриқдан узоқ бўлмаган масофада Норд Стрим 2 қувурида тўртинчи ёриқни аниқлаганини хабар қилди.
Европа Иттифоқи аввал ҳам Россияни Ғарбга қарши газни қурол сифатида қўллашда айблаган.
Иттифоқ раҳбарлари биргаликда қитъа инфратизилмасига атайин уюштирилган ҳар қандай ҳужумга "ўта қаттиқ жавоб" берилишини айтиб чиқдилар.
Норвегия ўз нефть ва газ қурилмаларини ҳимоя қилиш учун армияни сафарбар қилишини айтди.
Иккала қувур ҳам ҳозирда газ элтмаяпти, аммо ичларида газ бор.
Икки параллель қисмга эга Норд Стрим 1 қувуридан августда Россия уни таъмирлаш учун ёпишини айтганидан буён газ ўтмаяпти.
Қувур Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри яқинидан Германиянинг шимоли-шарқига Болтиқ денгизи остидан 1200 чақиримга чўзилган. Норд Стрим 2 февралда Россия Украинага бостириб кирганида тўхтатилганди.
Сейсмологлар ёриқлар хабар қилинишидан аввал денгиз остида портлашлар рўй берганини қайд қилганлар.
Даниянинг Мудофаа қўмондонлиги Болтиқ денгизида 1 километр диаметрга эга ҳудудда газ бамисоли қайнаб чиқаётгани акс этган видеони тарқатди.
"Бу портлаш бўлганига шубҳа йўқ", - деди Швеция миллий сейсмология маркази мутахассиси Бйорн Лунд.
Россия ташқи ишлар кенгаши вакили Андрей Кортунов эса Би-би-сига қуйидагича жавоб қилди: "Улар ҳамиша Россияга бармоқни ўқташади, лекин бу Россияга тегишли қурилма бўлгани сабабли унга Россия шикаст етказиши мантиққа тўғри келмайди. Европаликларнинг ҳаётини қийинлаштиришнинг бошқа йўллари бор. Инфратизилмага шикаст етказмай ҳам газ таъминотини тўхтатиб қўя қолиш мумкин."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















