Европа Иттифоқи Россия қарамлигини камайтириш учун АҚШ билан газ шартномаси имзолади - Украина, уруш

Сурат манбаси, Getty Images
Европа Иттифоқи Россия энергиясига қарамлигини камайтириш учун АҚШ билан суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича йирик шартнома имзолаганини эълон қилди.
Шартномага кўра АҚШ Европага йил охиригача камида 15 миллиард куб метр суюлтирилган газ етказиб беради.
Узоқ муддатга эса, камида 2030 йилгача ҳар йили 50 миллиард куб метр газ сотади. Бу ўтган йили етказиб берилган 22 миллиард куб метр газдан икки баробар кўпдир.
Россиянинг Украинага бостириб киришига жавоб сифатида Иттифоқ Россия газини фойдаланишни тўхтатишини эълон қилганди.
- Россия нефть ва газига қўйилаётган тақиқлар унга ва сизга қандай таъсир қилади? (видео)
- Дайжест. Қиш яқин: газ можароси бошланаяптими? Россия ва Молдова мунозараси, Ўзбекистон ва НАТО музокараси, коронавирус антирекорди ва талаба қиз муҳокамаси
- Украина – Россия: Путин энди Ғарб жазо чораларига қарши нима қилмоқчи?
Бу бошқа жойдан импортни орттириш ва қайта тикланадиган энергияни кўпайтиришни англатади.
Келишувга келингани жума куни АҚШ президенти Жо Байденнинг Брюсселга уч кунлик ташрифи давомида эълон қилинди.
Байден ва Европа Коммиссияси президенти Урсула вон дер Лейн Россиянинг Украинага босқинини муҳокама қилган ва Киевга янги дастаклар таклиф қилишган.
Россия Европанинг йирик газ таъминотчиси ҳисобланади, Украина билан уруш энергия маҳсулотларининг осмонга сапчишига олиб келди.
Энергия маҳсулотларининг нархи босқиндан олдин ҳам иқтисодлар Ковид инқирозидан cўнг тиклана бошлаган вақти кўтарила бошлаганди.
Украинага босқин Европа Иттифоқини Россия газидан фойдаланишни шу йил охиригача учдан икки қисмини қисқартириш мажбуриятини олишга ундади.
Европа ушбу мақсадга бошқа жойлардан газ импортини ошириш ва қайта тикланадиган энергияни кўпайтириш орқали эришишни кўзлаган.
2021 йили Европа Иттифоқи Россиядан 155 миллиард куб метр газ импорт қилган. Бу Европа Иттифоқи истеъмол қиладиган газ ҳажмининг 40 фоизи демакдир.
Оқ уй энергия самарадорлигини оширишга учун ақлли термостат ва иссиқлик насосларини кенг миқёсда қўллаш билан эришиб бўлишини айтган.
Европа Иттифоқи уйларда энергия сарфини тежаш эвазига шу йил 15,5 миллиард куб метр ва шамол ҳамда қуёшдан олинадиган энергия манбаларини кўпайтириш эвазига 20 миллиард куб метр газнинг ўрни қопланиши мумкинлигини айтган.
Европа Иттифоқи 2030 йилга келиб 170 миллиард куб метр газ иқтисод қилишни режа қилган.
170 миллиард куб метрга АҚШ етказиб бериши кутилаётган 50 миллиард куб метр газни қўшганда Европа Иттифоқи 2030 йилга келиб Россия газидан тўлиқ қутилиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














