Украина уруши: 21000 уруш жинояти ўрганилмоқда - Видео Ukraina Rossiya

Сурат манбаси, Reuters
Украина Бош Прокурори Ирина Венедиктованинг Би-би-сига айтишича, Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Россия томонидан содир этилган уруш жинояти ва босқинчилик жинояти деб кўрилаётган 21000 дан ортиқ иш тергов этилаяпти.
Ирина Венедиктованинг сўзларига кўра, прокуратура ҳар куни 200 тадан 300 тагача жиноят ҳақидаги маълумотларни қабул қилмоқда.
Украина Бош прокуратураси жиноятда гумон қилинган 600 тача шахсни аниқлаган, 180 га қарши жиноят иши қўзғатилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бош Прокурор Ирина Венедиктова Украина ҳудудида жиноят содир этган россиялик жиноятчиларга қарши ҳукмлар сиртдан ўқилиши мумкинлигини тан олган.
"Аммо украиналик тинч фуқароларни ўлдирган, қийноққа солган ёки жинсий зўрлаган россиялик аскарлар шуни тушунсинларки, уларнинг судга тортилиши фақат вақт масаласи", деб айтди Венедиктова хоним.
Украина бош прокурори айрим ҳудуд ва айрим одамларга етиб бўлмаслиги важидан ҳамма жиноятларни ҳам тўлақонли тергов қилиш имконияти йўқлигини тан олган.
Украина Бош Прокуратураси тергов қилаётган энг овозали жиноятлардан бири Буча шаҳрида қуролсиз эркакларнинг оммавий қатл этилгани ҳодисасидир.
Ажал домидан омон қолган Иван

Иван Скиба такси ҳайдовчиси, тўрт фарзанднинг отаси. У Буча Ҳудудий Мудофааси аъзоси бўлгани учун Россия аскарлари бошқа сафдошлари билан 4 март куни қатл этишга қарор қилдилар.
Иван Скиба ҳозир Польшада. Олган жисмоний ва руҳий зарбаларидан даволанаяпти.
Би-би-си мухбири Фергал Кин Иван Скиба билан суҳбатлашди.
Иван ҳозиргача ҳам ўша даҳшатли кунлар хотираларидан қутулолмаганини айтади, бу нарсалар тунлари унинг тушларига кириб чиқади.
Украинада ҳар бир жойда ўзининг Ҳудудий Мудофаа бўлимлари тузилган, эркаклар ўз ихтиёрлари билан бу гуруҳларга қўшилганлар.
Улар Украина қуролли кучларига ўз шаҳри ёки қишлоғини ҳимоя қилишга ёрдамлашганлар.
Шундай Ҳудудий Мудофаа гуруҳи Буча шаҳрида ҳам ташкил этилган, Иван Скиба ва Анатолий Прихидко ҳам қўлларига қурол олгандилар.
Улар ўз шаҳри, ўз оиласини мудофаа қилишга отланган ноҳарбийлар эдилар.

Россия Украинага босқинини бошлаганининг дастлабки кунлари Россия қўшинлари тез илдамладилар.
Урушнинг дастлабки кунларида пойтахт Киевга киришга муваффақ бўлган Россия ҳарбий техникаси ҳам бўлди.
Россия Киевга яқин Гостомель аэропортига катта сондаги десант кучларини ташлаган, у ердан тезда Украина пойтахтини қўлга киритишни режалаган эди.
Катта сондаги техника ва ҳарбийлар Киев вилояти, хусусан, Буча шаҳрида Гостомелдан йирик ҳужум бошланишини кутиб қолдилар, кўприклар бузилгани, айрим қишлоқлар сувга бостирилгани Киев томон илдамлашни имконсиз қилди.
Гостомель аэропорти ва унинг атрофи қақшатқич жанглар майдонига айланди, Украина қўшинларининг ҳарбийлар минган ҳарбий самолётларни уриб тушириши, қўнишга улгурган Россия ҳарбийларини мағлуб этиши Буча ва атрофида Россия қўшинини бир ой туриб қолишига олиб келди.
Буча апрель бошигача Россия ишғоли остида қолди, Россия ҳарбийлари чекинганидан кейин у ердаги қирғинлар миқёси ошкор бўлди.

Бугунга келиб Украина уруш жинояти деб кўрилаётган 21000 ишни тергов қилаётганини айтади.
Шулардан дунёга биринчилардан бўлиб тарқалгани - Буча шаҳрида саккиз қуролсиз эркакнинг қатл этилгани бўлди.
Россия ҳарбийлари Ҳудудий Мудофаа аъзоларини қидириб бутун Бучани титкилай бошладилар.
Саккиз эркак Яблонска кўчасидаги 31 уйда яширинган эдилар, руслар улар яширинган жойни ўраб олдилар.
"4-куни соат 10 ларда ундан хабар келди, "Биз ҳали ҳам таранг ўтирибмиз", деган. Бу унинг энг охирги хабари эди", деб хотирлайди эри Анатолийни Олҳа Прихидко.
Эркакларни Россия ҳарбийлари ўзларига база қилиб олган Яблонска кўчасидаги 144 уйга олиб борадилар.
Кузатув камерасига эркаклар қўлга олингани видеоси тушиб қолган.
"Улар ўзаро гаплаша бошладилар: "Буларни нима қиламиз?" Иккинчи рус айтди: "Уларни йўқ қил! Фақат ташқарига олиб чиқ, бу ерда ётмасинлар", деди…", деб хотирлайди Иван Скиба.
Эркакларни ҳовлининг тинч бурчагига олиб чиқадилар.
"Бизни қатл қилишга олиб бораётганларини англаб қолдик. Фақат бир-биримизга «алвидо» деёлдик, холос", дейди Иван.
Сўнг ўқ отиш бошланди.
Иван йиқилди.
Лекин ўқ қорнидан ўтиб кетган, озгина жароҳат олган эди.
У ўзини ўликка солиб ётди.
"Мен ерда нафас олмай ётдим. Ҳаво совуқ, нафас олсам, оғзимдан буғ чиқарди. Шунинг учун нафас олмай ётдим. Қимирламай ётдим, яна отишади, деб кутдим. Энг қўрқинчли лаҳзалар шу эди. Уларнинг кайфияти баланд, бир-бирларига ҳазил ҳам қилишарди", дейди Иван.
Иван аскарлар кетгунча жасадлар орасида ётган.
Сўнг девор ошиб тушган ва қочиб кетган.
У эгасиз уйлардан бирига кириб, яраларини боғлайди ва кийимларини алмаштиради. Ўраниб ётади.
Лекин кейинроқ бу уйга Россия ҳарбийлари кириб келишади ва қандай яраланганини сўрашади.
У артиллерия портлашида снаряд парчаси яралади, деб айтади.
Бир неча кундан кейин Россия ҳарбийлари Иваннинг тиббий ёрдам олиши ва чиқиб кетишига изн берадилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













