Шри-Ланкада мусулмонлар қандай таҳқир остида яшашмоқда? Dunyo Yangiliklar musulmonlar

Maram Khalifa
Сурат тагсўзи, Марам Халифанинг турмуш ўртоғи, Шри-Ланкадаги таниқли ҳуқуқ фаоли Ҳижоз Ҳизбуллоҳ қарийб икки йилдирки қамоқхонада
    • Author, Анбарасан Этиражан
    • Role, BBC News, Коломбо

Марам Халифанинг кунлари боласига ғамхўрлик қилишдан ташқари, асосан эрини уйга қайтариш йўлларини топишга уриниш билан ўтмоқда.

Шри-Ланкада фуқаролик ҳуқуқлари бўйича таниқли адвокат Ҳижоз Ҳизбуллоҳ террорчиликда айбланиб, тахминан 20 ойдан бери қамоқда. Прокуратура уни нафрат ва ижтимоий низо қўзғашда айбламоқда.

Улар Ҳизбуллоҳ ёш мусулмон ўғил болалар олдида нутқ сўзлаб, уларни насроний жамиятига қарши гижгижлаганини даъво қилмоқда.

Мусулмон озчиликка мансуб Ҳизбуллоҳ 2021 йил апрелида айбловлар қўйилишидан олдин бир йилдан ортиқ қамоқда бўлган ва ҳамон қамоқда қолмоқда. Унинг суди яқинда бошланиши керак. Унинг рафиқаси бу айбловларни кескин рад этади.

"У мусулмонлар, ва умуман, озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда очиқ ва фаол эди", деди у Би-би-сига. Унинг айтишича, турмуш ўртоғига қўйилган айбловлар "ирқчилик ва камситишларга қарши чиқадиган ҳар бир кишига огоҳлантириш бўлган".

Жаноб Ҳизбуллоҳ 2019 йилги Пасха якшанбасида маҳаллий исломчилар томонидан содир этилган ҳалокатли худкушлик ҳужумларига алоқадорликда биринчи марта ҳибсга олинди. Ҳашаматли меҳмонхоналар ва черковлар нишонга олингани оқибатида 260 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Дастлаб у террорчилардан бири билан алоқада бўлганликда айбланган. Унинг адвокатлари айтишича, прокурорлар кейинчалик у террорчининг отаси, зиравор савдогари фойдасига мулкий низоларга оид иккита фуқаролик ишида иштирок этганини асослаб бергач, кейинчалик бу айбловлар олиб ташланган.

"Amnesty International" ташкилоти ўтган йили ҳукуматнинг ашаддий танқидчиси бўлган жаноб Ҳизбуллоҳни "виждон маҳбуси" деб атаган эди.

Hejazz Hizbullah

Сурат манбаси, Mahesh Shantaram

Сурат тагсўзи, Amnesty International Ҳижоз Ҳизбуллоҳни "виждон маҳбуси" деб атаган.

Фаолларга кўра, жаноб Ҳизбуллоҳнинг ҳибсга олиниши сўнгги йилларда озчиликка қарши давом этаётган тазйиқларнинг бир қисмидир. Шри-Ланкада этник зиддиятлар чуқур бўлиб, 22 миллионлик, асосан синҳала буддавийларидан иборат мамлакатнинг мусулмон аҳолиси 10 фоиздан камроқдир.

Мусулмонлар бошқа бир озчилик бўлмиш тамил жамоасига алоҳида ватан қуриш учун курашаётган "Тамил йўлбарси" исёнчиларига қарши қарийб ўттиз йиллик уруш давомида ҳукуматга иттифоқчи бўлиб келган.

Аммо мусулмон етакчиларнинг айтишича, 2009 йил май ойида Тамил йўлбарсларининг мағлубияти билан якунланган урушдан кейин аксар синҳала аҳолисининг муносабати ўзгарган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари уй ва корхоналар нишонга олинган мусулмонларга қарши ҳужумлар Пасха якшанбаси ҳужумларидан олдин ҳам этник синҳала оломони томонидан содир этилганини таъкидламоқда.

Пасха якшанбаси портлашлари бурилиш нуқтаси бўлди. Ҳужумлардан бир неча ҳафта ўтгач, синҳала тўдалар мусулмонларнинг мулклари ва масжидларини бузиб ташлади, ижтимоий тармоқларда уларга қарши нафрат нутқлари пайдо бўлди. Мусулмон жамоаси ёмонотлиқ қилинмоқда ва синҳаллик муросасиз воизлар мусулмонлар дўконларини бойкот қилишга чақирмоқда.

Мудофаа вазири сифатида Тамил исёнчиларига қарши ҳарбий ҳаракатларга раҳбарлик қилган амалдаги президент Готабая Ражапакса 2019 йил ноябрь ойида синҳала буддист миллатчиларининг кучли қўллаб-қувватлаши билан ҳокимият тепасига келган. У миллий хавфсизлик масаласига урғу бериб сайловолди ташвиқотини олиб борди.

Бир йил ўтгач, унинг акаси Маҳинда Ражапакса парламент сайловларида ғалаба қозонди ва Ражапакса ўз ҳокимиятини мустаҳкамлади.

2019 йили Пасха якшанбасида Коломбода портлаш рўй берган жойда Шри-Ланка мусулмонлари шамлар ёқиб ҳалок бўлганлар ҳақига дуо қилдилар

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, 2019 йили Пасха якшанбасида Коломбода портлаш рўй берган жойда Шри-Ланка мусулмонлари шамлар ёқиб ҳалок бўлганлар ҳақига дуо қилдилар

"Исломий террористлар хавфидан огоҳлантириб, қўрқитиш ҳукуматнинг сайловчилар садоқатини сақлаш учун фойдаланадиган доимий картага айланиб қолган", дейди Шри-Ланка мусулмонлари кенгашидан Ҳилми Аҳамед Би-би-сига.

Пандемия даврида ҳукумат дастлаб мусулмон ва насроний жамоаларига Ковид қурбонлари жасадларини дафн этишга рухсат бермади. Мутахассислар тегишли хавфсизлик чоралари кўрилса, жасадларни дафн этиш мумкинлигини айтишганига қарамай, бир қанча жасадлар мажбуран куйдиртирилди.

Исломда жасадларни куйдириш тақиқланган. Ўшанда расмийлар қабрлар ер ости сувларини ифлослантириши мумкинлигини таъкидлаган.

Озчиликлар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг норозилигидан сўнг, ҳукумат ўтган йили ниҳоят Шри-Ланка шарқида Ковид қурбонларини дафн қилиш учун махсус жой ажратди.

Ўтган йили ҳукумат миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан, барча турдаги юзни тўла ёпувчи ниқобларни тақиқлаш таклифи билан чиқди. Вазирнинг айтишича, "бу охирги пайтларда пайдо бўлган диний экстремизм белгиси эди".

1000 дан ортиқ исломий диний мактабларини ёпиш режаси эълон қилинди, ҳукумат бу мактабларни миллий таълим сиёсатига зид деб ҳисоблайди.

"Урушдан кейинги даврда мусулмонлар янги душманга айланди", дейди ҳуқуқшунос Бҳавани Фонсека.

"Мусулмонларга ҳужум қилинган бир қанча воқеаларга гувоҳ бўлдик. Улар қамалда, деса ҳам бўлади", деди у.

Galagoda Aththe Gnanasara Thero
Сурат тагсўзи, Буддавий руҳоний Галагҳода Атте Жнанасара Терони мусулмонларга қарши нафрат оловини ёқишда айблашади

Аммо ҳукумат мусулмон жамоасига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлганлик айбловларини рад этади.

Шри-Ланка ҳукумати ахборот департаменти бош директори Моҳан Самаранаяке Би-би-сига шундай деди: "Ҳеч қандай жамоага нисбатан институционаллашган, тизимли дискриминация сиёсати йўқ. Аммо мен барча жамоалар, шу жумладан, синҳалалар дуч келиши мумкин бўлган муаммолар борлигини тан оламан."

Мадрасаларни ёпиш таклифи ҳақида у шундай дейди: "Пасха якшанбаси портлашлари юзасидан олиб борилган тергов баъзи таълим даргоҳлари мусулмон ёшларини радикаллаштиришга хизмат қилганини кўрсатганидан кейин бу қарор қабул қилинди".

Ҳукумат сўнгги пайтларда барча жамоалар учун ягона қонунлар кодексини жорий этишга уриниши билан ҳам тортишувларга сабаб бўлди. Танқидчиларнинг айтишича, ўтган ноябрь ойида ҳуқуқий ислоҳотларни илгари суриш учун Президент Ражапакса томонидан тайинланган "Бир мамлакат, бир қонун" ишчи гуруҳи озчилик жамоаларини нишонга олмоқда.

Ишчи гуруҳга озчиликлар ва синҳала учун никоҳ ва меросга оид махсус қонунларни ўрганиш ва ягона қоидалар тўплами бўйича тавсиялар бериш топширилди. Галагҳода Атте Жнанасар Теронинг қўмита раҳбари этиб тайинланиши ҳам озчиликлар орасида норозилик уйғотди - у зиддиятли буддавий роҳиб бўлиб, диний нафрат ва мусулмонларга қарши тарғиботда айбланган.

Би-би-си билан суҳбатда роҳибнинг айтишича, ҳуқуқий ислоҳотлар анча кечиккан. Шунингдек, у фақат мамлакат олдида турган асосий масалаларни кўтараётганини айтди.

"Бу мамлакатда диний муаммоларни келтириб чиқариш мақсадида 500 дан ортиқ насроний гуруҳлар фаолият юритмоқда, - деди у. - Ваҳҳобийлик, салафийликни тарғиб қилувчи исломий гуруҳлар бор ва улар ёшларни адаштиришмоқда".

Шри-Ланка валюта заҳираларининг қисқариши туфайли аллақачон иқтисодий инқирозга юз тутмоқда. Импортга қўйилган чекловлар ўтган йили баъзи асосий товарлар нархини 30 фоизга ошириб юборди, бу эса ҳукуматнинг ҳатто синҳала буддавийлари орасида ҳам обрўсини туширган.

Мусулмон етакчилари орасида ҳозирги молиявий инқироз эътиборни ҳозирча ўз жамоасидан узоқлаштиргани ҳақида фикр бор. Аммо буддавий миллатчилик жиловлансагина кейинги муаммолар олдини олиш мумкин, дейди улар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek