Дайжест. Россия, мигрантлар: Вакцина олишнинг нима шарти бор? Кимлар умрбод депортация бўлди? Ва яна бахтсиз ҳодисалар Rossiya yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Санкт-Петербургда кимлар олдин эмланади?
- Мигрантларга вакцина пулликми-бепул?
- Узоқ муддатли ва бир умрга қувилишлар;
- Муҳожирлар боласини шкаф босиб қолди;
- Электр токи урган мигрант шу заҳоти жон берган;
Эмланиш талаблари
Санкт -Петербург тиббий туризм агентлиги 12 августдан чет эл фуқароларини коронавирусга қарши эмлаш дастури бошланганини эълон қилди.
Ташкилот раҳбари Наталя Юдинанинг таъкидлашича, эмлаш жараёнини мувофиқлаштирувчиларга 60 минг муҳожир учун мингдан ортиқ юридик шахслардан эмлаш учун аризалар келиб тушди, деб ёзади "ТАСС" нашри.
Юдинанинг сўзларига кўра, аввало эмланиши лозим бўлган мигрантлар асосан меҳмонхоналар, чакана ва умумий овқатланиш соҳасидаги ходимлардир.
Шаҳарда ишлаётган муҳожирларни эмлаш учун "Спутник Лайт" вакцинаси мўлжалланган. Янги партияларга буюртма бериш мумкин бўлган ҳолда, препаратнинг камида 200 минг дозасини қўллаш режалаштирилган.
Шунингдек, Юдина ҳозирда ҳудудда мигрантларни вакциналашга йўналтирилган 20 та эмлаш пункти очилгани, бу рақам 30 тага етказилиши таъкидланган.
Ҳудудларда вакциналаш

Сурат манбаси, official
Жорий йилнинг июль ойидан Москвада бошланган мигрантларни вакциналаш Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам йўлга қўйилмоқда. Аммо меҳнат муҳожирларининг вакцина олиши учун пуллик хизматлар таклиф этилган ёки ҳужжатлар талаб қилинмоқда. Жумладан, Екатеринбург бош эпидемиологи Александр Харитонов ҳозирча вакциналаш хизмати пулли ёки бепул бўлиши аниқланмагани, аммо вакцина олиш учун мигрантларнинг тиббий суғуртаси бўлиши шартлигини билдирган.
Ҳозирча вакциналашнинг энг фаол олиб борилаётган ҳудуди мигрантлар энг зич жойлашган Москва ва вилоятига тўғри келмоқда. Маълумотларга кўра, пойтахтда 30 га яқин пунктларда кунига 2000 дан зиёд мигрантлар эмланмоқда.
Вакцина олиш учун муҳожирлардан фақат паспорт талаб этилмоқда. Мигрант мустақил равишда вакцина олишга қарор қилса, хизмат 1300 рублни ташкил этади. Иш берувчи мигрант ходимини эмлатишга ариза берса, бу маблағ иш берувчи томонидан тўланади ва мигрантнинг эмланганлик ҳақидаги сертификати ҳам унинг раҳбариятига тақдим этилади.
Бир умрга депортация
Москва вилоятининг Митиши шаҳар суди қуролли оммавий жанжални уюштирган 12 меҳнат муҳожирини Россиядан чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқарди.
Суд қарорига кўра, муҳожирлар Россия Федерациясида бўлиш тартибини бузганликда айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири 6 минг рублдан жаримага тортилган.
Эслатиб ўтамиз, 6 август куни Митишининг Пограничная кўчасидаги ўқ отиш билан кузатилган оммавий жанжал бўлиб ўтганди. Жанжалда Марказий Осиё мамлакатларидан 40 га яқин муҳожир иштирок этган.
Ҳозирча жанжалнинг қолган 28 иштирокчисининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Россия Ички ишлар вазирлиги Москва вилояти Бош бошқармаси матбуот хизмати безорилик моддаси бўйича жиноят иши очилганини маълум қилган.
Қонун жиддийлигини кўрсатиш

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM/ILLYUSTRATIVTASVIR
Бундан аввалги , июль ойидаги кетма-кет муҳожирлар жанжалларида жами 100 га яқин мигрантлар иштирок этган, полиция 80 га яқин муҳожирни ҳибсга олган.
Россия Давлат Думаси спикери ўринбосари Пётр Толстой баёнотига кўра, Россия ҳудудида оммавий жанжаллар уюштирган ва унда иштирок этган чет эл фуқароларига жиноий, маъмурий жавобгарликлардан ташқари мамлакатга киришга бир умрлик тақиқ қўйилиши мумкин.
Сиёсатчи чет элликларга қонуннинг жиддийлигини кўрсатиб қўйиш ва мигрантлар жамиятининг жиноятларини олдини олиш учун "нафақат қонуний ҳуқуқлар, балки ўз хатти -ҳаракатлари учун ҳам жавобгарлик" берилиши керак, деган фикрни билдирди.
Кўп болали оила эди
Шкаф босган ўзбекистонлик болача икки ҳафталик даволанишдан кейин Санкт-Петербург касалхонасида вафот этди. Икки ёшли болакай ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг фарзанди эди.
Тергов қўмитаси болакайнинг ўлими юзасидан суриштирув ишларини бошлашган. Аниқланишича, Каменноостровский проспектидаги уйлардан бирининг хонадонида кичкина боланинг устига шкаф тушиб кетган. "Тез ёрдам" кўмагида болакай оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган ва у ерда икки ҳафтадан кўпроқ ҳаёти учун курашган.
Хабарга кўра, унга ёпиқ краниокеребрал шикастланиш, ички қонаш, миянинг контузияси ва шишиши ва бошқа кўплаб синишлар ташхиси қўйилган.
Болакайнинг ўлими ҳақида ҳуқуқ -тартибот идораларига хабар берилган. ИИБ ҳодиса юзасидан жиноий иш очган ва чақалоқнинг оиласини текширишмоқда.
Маълум бўлишича, болакайнинг ота-онаси Ўзбекистон фуқаролари - 34 ёшли фаррош ва унинг 28 ёшли рафиқаси бўлиб, кўп болали оила ҳисобланади, улар милиция ёки ижтимоий хизматларда рўйхатдан ўтмаган.
Иш пайти ток урган

Сурат манбаси, RIA NOVOSTI/ILLYUSTRATIV TASVIR
Яна бир бахтсиз ҳодиса Рязань яқинида юз берди. Ўзбекистонлик мигрант электр токи уриши оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
- Рязань вилоятининг Дубняки қишлоғида 34 ёшли Ўзбекистон фуқароси электр токи уриши оқибатида вафот этди, - дея хабар беради ИИБ терговчиси Ирина Корнеева маҳаллий нашрларга.
Тергов маълумотларига кўра, марҳум ватандоши билан биргаликда хусусий буюртмачида қурилиш ишларини бажарган, бир пайт электр токи урган. Муҳожир воқеа жойида вафот этган.
Ҳодиса юзасидан тергов олдидан текширув ўтказилмоқда, деб ёзади ИИБ матбуот хизмати.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













