Дайжест. Россия, мигрантлар: Полиция отиб ўлдирган ўзбекнинг жасади нега берилмаяпти? Ўзбеклар ва чеченлар жанжали, Марказий Осиёдаги россияликларни ким олиб чиқмоқчи? Rossiya yangiliklar

Соҳиба Бурҳонова

Сурат манбаси, KRYMSKAYA SOLIDARNOST/OFFICIAL

Сурат тагсўзи, Соҳиба Бурҳонова
  • Полиция отган ўзбекистонликнинг иши ҳали судда;
  • Ўзбекистонликлар ва чеченлар жанжали, ҳибслар бошланди;
  • Жириновскийнинг навбатдаги даъвати;
  • Ўзбекистонликлар нега ҳужжатларни кўп қўллайди?

"Россия товон тўлаши керак эди"

Қрим суди 11 май куни тинтув пайтида полиция томонидан отиб ўлдирилган ўзбекистонлик Наби Раҳимовнинг жасадини топширишдан бош тортиш ҳақидаги шикоятни рад этди. Бу ҳақида "Қрим бирдамлиги" маълум қилмоқда.

- Ҳакам "илтимоснома кўриб чиқилганини ва терговчига тақдим этилган материаллардан ҳеч қандай қонунбузарлик аниқланмаганини" кўрсатди, - дейди адвокат Сияр Панич.

Шунингдек, терговчи терроризмга қарши қонунчиликка асосланиб, жасадни топширишдан бош тортганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, аксилтеррор операцияси (АТО) пайтида одам ўлдирилган ҳолларда жасадни топшириш ёки бермаслик тўғрисидаги қарор терговчининг ихтиёрида қолади.

Адвокатга кўра, Раҳимовга нисбатан АТО ўтказилмаган, тинтув ҳам тергов ҳаракатлари, ҳам тезкор қидирув ҳаракатлари доирасида ўтказилган. Бу борада бир қатор қонун бузилишларига йўл қўйилмоқда.

Ўзбекистонлик жабрланувчининг ҳимоячиси суд қароридан шикоят қилишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 майи куни Қримда ижара уйида оиласи билан яшовчи ўзбекистонлик Наби Раҳимов ФХХ томонидан ўтказилган тинтув вақтида полиция ходими томонидан отиб ўлдирилган.

Полиция марҳумнинг қаршилик қилганини билдирмоқда. Адвокат воқеани ўрганиши учун уйга қўйилмаган.

Кейин эса Қрим суди марҳумнинг аёли ўзбекистонлик Соҳиба Бурхоновани миграция қоидаларини бузганликда айблаб, жаримага тортган. Сўнг уни Россиядан чиқариб юборишга ва икки нафар вояга етмаган фарзандини эса "исталган одам васийликка олиши мумкинлиги"га қарор қилган.

Ўзбекистонлик бу оила 1999 йили Россияга ишлаш мақсадида келган эди. Оила ҳуқуқлари учун курашаётган "Қрим бирдамлиги" ташкилоти Европа суди қарорига кўра, Россия марҳум Раҳимовга катта миқдорда товон пули тўлаши лозим бўлганини маълум қилган.

Қуролли тўқнашув, қурбон бор

Мигрантлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM/ILLYUSTRATIVTASVIR

ОАВ хабарлари ва интернетда тарқалган видеоларда ўзбеклар ва чеченлар ўртасидаги жанжалда ўқотар қурол ва таёқлар ишлатилгани маълум қилинади.

Маълумотларга кўра, қурбон ва жароҳатланганлар бор. Полиция Москва яқинидаги Митиши шаҳарчасида муҳожирлар иштирокидаги оммавий муштлашувнинг уч иштирокчисини қўлга олди.

Россия ИИВ айни пайтда мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ишлари бошланганини билдирди. Хабарда оммавий тўқнашувда 40 га яқин одам қатнашгани, бир неча киши ҳибсга олингани, қолганлари қидирилаётгани маълум қилинган.

Митишидаги воқеа сўнгги ҳафталарда Москва вилоятида содир бўлаётган илк оммавий тўқнашув эмас. Муҳожирлар жанжали бир ой олдин Кузминки ҳудудида бошланган ва Москванинг бир неча ҳудудларида турли кўринишларда қайд этилди.

Россия ИИВ оммавий жанжалларда иштирок этган мигрантларни Россиядан депортация қилишга ваъда берди, баъзиларига эса мамлакатга кириш абадий тақиқланди.

Марказий Осиё мамлакатларининг Ташқи ишлар вазирликлари эса ўз фуқароларини Россия қонун-қоидаларига амал қилишга чақирди.

Жириновский энди русларни кўчирмоқчи

Владимир Жириновский

Сурат манбаси, Twitter/vladimirjirinovskiy

Россиялик сиёсатчи Владимир Жириновскийнинг барча россияликларни Марказий Осиёдан олиб чиқиш ҳақидаги даъвати таҳлилчиларнинг энсасини қотирган.

"Спутник" нашри суҳбатлашган экспертлар бунинг имконсизлигини билдиришган ва уларнинг фикрича, рус сиёсатчисининг бу ташаббуси "ҳаддан ташқари популистик характерга эга ва амалдаги воқеликка жавоб бермайди".

"Владимир Вольфович ўз ташаббусларига фурсатга кўра ёндашуви билан танилган. Гоҳ Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини Россиядан чиқариб юбориш учун курашади, кейин эса уларни кимсасиз қишлоқларга жойлаштиришни таклиф қилади. Демак, бу таклиф ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Унинг Афғонистонда "Толибон" (Россияда экстремистик ташкилот деб топилган) ҳаракати фаоллашгани манзарасида янграётгани эътиборга олиниши керак", - дейди сиёсатшунос Равшан Абдураҳим.

Таҳлилчининг сўзларига кўра, ҳозирда Марказий Осиё минтақасидан русийзабон аҳолини фавқулодда эвакуация қилишнинг ҳожати йўқ. Толибон ҳақиқатан ҳам Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегаранинг деярли барчасини ўз назорати остига олган, аммо ҳозирча уларнинг чегарани бузиб ўтишга уриниши қайд этилмаган.

Қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари

Ўзбекистонлик таксичилар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM/ARXIV

Москвадаги такси ҳайдовчилигида ишлаётган чет эл фуқаролари орасида ўзбекистонликлар энг кўп қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланадилар. Бу ҳақда ТАСС ўзининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб хабар берди.

- "Полиция ходимлари сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларига қарши кураш мақсадида мунтазам равишда рейдлар ўтказиб боришади. Рейдлар натижасига кўра, айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари пойтахт бўйлаб қалбаки ҳужжатлар билан машина ҳайдовчи муҳожирлар орасида етакчи ҳисобланади.," - деди агентлик суҳбатдоши.

Хабарга кўра, аниқланган сохта ҳужжатлар сони бўйича Тожикистон ҳайдовчилари иккинчи ўринда бўлса, Туркманистон ва Қирғизистон фуқароларидан нисбатан камроқ ҳолларда сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари тортиб олинади.

"Бундай қалбаки ҳужжатлар жуда ташвишланарли, чунки бундай ҳолатларда барча йўл ҳаракати қатнашчилари хавф остида қолади", - дея қўшимча қилди манба.

Маълумотга кўра, сохта ҳужжат билан қўлга олинганлар ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади ва қалбакилаштиришнинг барча фактлари учун унга нисбатан РФ ЖКнинг тегишли бандларига кўра, жиноий иш қўзғатилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek