Бойларнинг даври ўтмоқдами ёки нега кўпчилик бойлигидан уялмоқда? Dunyo Xitoy yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Вайи Йип
- Role, BBC News
Хитойда бойликни хоҳ атай, хоҳ билмасдан кўз-кўз қилиш борган сари кўпроқ нафрат ва адоват билан қарши олинмоқда. Пекин ҳозир дунёдаги энг кўп миллиардерлар яшайдиган шаҳар ҳисобланади.
650 юань ($101) бир кунлик егуликка етадими?
"Harper's Bazaar China"нинг собиқ Бош муҳаррири Су Мангга кўра етмайди. Унинг ТВ реалити шоудаги гаплари Хитой ижтимоий тармоқларида баҳсларга сабаб бўлган.
"Биз яхшироқ ейишимиз керак, мен бунақа паст стандартлар асосида таом емайман", деган у Хитойнинг "50 км Таоҳуаву" ТВ шоусида. Унда 15 нафар машҳур одам 21 кун бирга яшагани намойиш қилинган.
Унинг гапларидан ғазабланган интернет фойдаланувчилар ўзларининг кунлик егуликка харажатлари 30 юань эканини айтишган.
Гарчи Хитойнинг "Прадо киядиган иблис"и сифатида танилган Су хоним буларнинг бари тушунмовчилик сабабли бўлаётганини - 650 юань бутун шоу давомида сарфланганини айтган бўлса ҳам, омма бунга ишонмаяпти.
"У буни тушунтиришга уриниши мумкин, аммо ҳақиқат шуки, машҳурлар элитист эканликларини ўзлари ҳам билмайди", деб ёзди бир одам "Weibo" тармоғида.
Су хоним бойлиги сабабли шахсиятига қарши ижтимоий ҳужум бўлган охирги машҳурлардан биридир.

Сурат манбаси, Getty Images
Шу йил аввалида "Huawei" асосчиси Рен Женфейнинг кичик қизи Аннабел Яо ҳаёти қийин ўтаётганини гапириши ортидан интернет аҳли ғазабига йўлиққанди.
"Мен ўзимга ҳеч қачон маликадек қарамаганман... Мен аксар тенгқурларим кабиман. Яхши мактабга киришдан аввал қаттиқ ишлаб, қаттиқ ўқишга мажбур бўлганман", деди унинг қўшиқчилик фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмда.
Фильмни "Weibo"да улашар экан, отасининг бойлиги 1.4 миллиард долларга баҳоланган 23 ёшли Аннабел кўнгилочар маҳсулотлар компанияси билан имзолаган шартномаси ўз туғилган куни учун ўз ўзига қилган совғаси бўлганини айтади.
"Арзимайди"
Йиллар давомида Хитойнинг ўта бойлари ўзларининг қимматбаҳо машиналарию сумкаларини интернетда кўз-кўз қилиб, кузатувчиларининг ҳасадини қўзғатиб келади.
Аммо бойликни хоҳ атай, хоҳ билмасдан намойиш қилиш борган сари кўпроқ нафрат ва адоват билан қарши олинмоқда.
Аксарият одамлар Су ва Яо хоним каби машҳурлар ва иккинчи авлод бой болаларни осмон қадар даромад олишга арзимайди деб ҳисоблашади ва шунинг учун уларга ғазабини сочадилар.
"Ўзларини юлдузлар ва уларнинг "енгил" ишларига солиштирар экан, одамлар қанчалар оғир меҳнат қилишаётгани, аммо оз даромад олаётганликларидан ёзғиришади", дейди Дикин университетидан Цзян Сюй. У Хитой медиа маданиятини тадқиқ қилади.
Мельбурннинг РМИТ университетида медиа тадқиқотлари бўйича профессор, доктор Хайцин Юнинг қўшимча қилишича, Су Мангнинг таом ҳақидаги изоҳлари Хитой ёпишга уринаётган қозонни очиб қўйгани учун ҳам одамлар ғазабини қўзғаган" - баъзи одамларда кўп имконият бор, бошқалари эса озига қаноат қилишга мажбур.
Хитойда бой ва камбағаллар орасидаги жарлик жуда катта.
Миллий Статистика бюроси маълумотига кўра, Хитойда аҳолининг ўртача йиллик даромади 5 030 доллардир. Пекин дунёдаги энг кўп миллиардерлар яшайдиган шаҳар ҳисобланади.
Бойларни кузатувчи "Hurun Report"га кўра, Хитойнинг бойлари 2020 йилда жами 1.5 триллион доллар топган. Бу эса Британия ЯММнинг ярмига тенг.
Бу каби ҳолат даромаддаги нотенглик муаммо бўлган аксар мамлакатларга хос бўлса ҳам, Хитойнинг ҳолати жуда ноёб, дейди экспертлар.
Узоқ вақт давомида одамлар "умумий фаровонлик"ка эришишларига умид билан яшаб келган. Ҳатто қайсидир одамлар ёки ҳудудлар аввалроқ бойиса ҳам, "умумий фаровонлик" машҳур собиқ йўлбошчи Ден Сиаопин бош мақсад деб атаган нарса эди.
"Аммо мамлакат очилганига 40 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам, бойлар бойиб боряпти, бошқалар эса ҳафсаласи пир бўлиб, иложсиз ҳолатда анча ортда қоляпти", дейди доктор Сюй.
Баъзида ижтимоий ғазаб кучаяди, чунки одамлар "машҳурлар ўз имкониятлари ва символик қудратларидан фойдаланиб, жамиятга кўпроқ манфаат келтиради деб кутадилар", дейди у.
Ўтган ойда актриса Чжэн Шуанга бир кунлик ТВдаги роли учун 2 млн юань ва бутун лойиҳа учун 160 млн тўланиши ошкор бўлганда интернет аҳли яна ғазабини яширмади.
"Нима дегани бу 160 млн юань? Оддий ишчилар ойига 6000 юандан топиб, 2222 йил ишласа шу пулни топади. Цин сулоласи давридан бери ишлаши керак", деб ёзди бир фойдаланувчи "Weibo".

Сурат манбаси, Getty Images
Жамоатчиликнинг Чжэн хонимга нисбатан хафалиги янада кучли бўлди, чунки у шундоғам можароларга аралашиб юрган эди. Шу йил бошларида у суррогат партнеридан туғилган икки боласини хорижда қолдириб келгани айблови билан нафратга учради. Суррогатлик Хитойда тақиқланган.
Бошқаларга намуна бўла олмайдиган одамнинг бунчалик катта пул ишлаши хитойликлар учун муаммолидир.
Мана нима учун 2018 йилда мамлакатнинг энг машҳур актрисаси бўлишига қарамай, Фан Бинбин солиқдан қочиш айблови билан уй қамоғига олинганда одамлар унга кам ачинди.
Ясама камтарлик санъати
Хўжакўрсинга иш қилишни ёқтирмаслик у маданиятсизлик нишонаси деб кўрилиши билан боғлиқ, дейди экспертлар.
Хитойнинг ўрта синфи каттариб борар экан, ўқимишли шаҳарликлар бойликни кўз-кўз қилишни бефаросатлик ва таги пастлик деб ҳисобламоқда", дейди Хитойдаги янги бойлар ҳақидаги китоб муаллифи доктор Жон Осбург Би-би-сига.

Сурат манбаси, Getty Images
"Бу жуда таҳликали ҳаракат", дейди у, бундай қилиш ўша одамнинг тутган мақоми "мўрт"лиги нишонаси эканини қўшимча қилиб.
Шундай бўлса-да, мамлакатнинг ҳашамга ўчлиги хали бери кетадиган кўринмайди.
"Euromonitor International"нинг бозор тадқиқотларига кўра, Хитой Шарқий Осиёдаги шахсий қимматбаҳо буюмлар бозорида Япониядан ўзиб кетган ва йил охирига бориб савдолар ҳажми пандемиягача бўлган даврга етиб олиши кутилмоқда.
Бойлар учун мувозанат сақлашнинг муҳим калити ўз мувоффақиятини тавозе билан намойиш қила олишдир.
Доктор Ю қайд қилганидек, баъзилар учун бу ясама камтарлик тенденциясини пайдо қилган. "Айрим бойлар моддий бойликлари суратини шунчаки намойиш қилиш ўрнига ўзларини ниқобда кўрсатишга уринмоқда", дейди у.
Масалан, ўзининг ҳашаматли ҳаётини мунтазам равишда намойиш қилиши билан машҳур бўлган инфлюенсер MengQiqi77 бир гал "Weibo"да ёзғириб қолганди: У яшайдиган ҳудудда элетромобиллар учун қувватлаш станциялари етарли эмас экан. "Шунинг учун эримнинг "Tesla"си учун хусусий гаражи бўлган каттароқ уйга кўчиб ўтишга мажбур бўлдик", деб ёзди у.
Бошқа жойда эри "атиги 30 000 юань" турадиган "Zegna" костюмини танлаб жуда "хасислик" қилганини ёзди.
Албатта бунақа постлар интернет аҳлининг ғазабини қўзғаши учун кўп вақт кетмади.
Танқидчилар ўшандан буён унинг постларини масхаралайди, ҳатто уларга "Версал адабиёти" деб ном ҳам қўйишган. Бу атама "Версал атиргули" номли япон мангасидан илҳомланиб топилган бўлиб, 18-асрда қиролича Мари Антуанеттанинг исрофгар ҳаётига асослангандир.
Асаби бузилган бир фойдаланувчи Версал адабиёти муаллифи жиғига тегиш йўлини таклиф қилди. "Шунчаки у мақтанмоқчи бўлган нарсани сезмай қолгандек тутинг ўзингизни", деб ёзди у.
Афтидан, машҳурлар ва бойлар учун осон йўл тўпиш анча мушкул.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













