Ғарб энди бошқа давлатларга катта қўшин киритишни тўхтатадими? Афғонистон, Ироқ ва дунё AQSh Rossiya Turkiya yangiliklar

Афғонистондаги АҚШ қўшинлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Афғонистондаги АҚШ қўшинлари
    • Author, Фрэнк Гарднер
    • Role, Би-би-сининг Хавфсизлик масалалари бўйича мухбири

Ғарб қуролли кучлари шу ойда Афғонистондан чиқиб кетиш учун ошиқмоқда. Франция Малидан ҳарбий ҳозирлигини сезиларли камайтиришни режалаётганига ишора қилган. Ироқда ҳам Британия ва бошқа Ғарб кучларининг бирорта йирик жанговар роли қолмаган.

АҚШнинг собиқ президенти Жорж Бушнинг Террорга қарши урушидан йигирма йил ўтиб, узоқ ўлкаларга ҳарбий кучларни юбориш даври ўз ниҳоясига етдими?

Йўқ ҳозирча, Сахель минтақасида жиҳодчиларга қарши курашиш учун жиддий ҳаракат қилинмоқда, аммо бу курашларни қандай давом эттириш масаласи кескин қайта кўриб чиқилмоқда.

Узоқ жойларда катта миқёсдаги ва узоқ муддатли ҳарбий ҳозирликлар мамлакат ичкарисида молиявий, инсоний ва сиёсий катта йўқотишларга сабаб бўлади.

Афғонистондаги АҚШ етакчилигидаги ҳарбий ҳозирлик бир триллион доллардан ортиққа тушди, барча томонларда - афғон ҳарбийлари ва оддий фуқаролар, Ғарб кучлари ва уларнинг душманлари орасида минглаб инсоний талафотлар бўлди.

Ўзининг 2010 йилдаги авж палласида Ғарб кучлари сони 100 000 га етди. Аммо, мана 20 йил ўтиб, Афғонистонда бир неча минг кишилик ҳарбийларгина қолган экан, толиблар борган сари кўпроқ ҳудудларни қўлга киритмоқда.

Нозик жой

Исёнга қарши курашиш қанчалик давомли ва катта бўлса, унинг шунчалик нозик жойлари кўпайиб бораверади.

Бунинг энг ёрқин мисоли ҳарбий куч йўллаган мамлакат аҳолисида норозиликни кучайтирадиган қурбонлар сони ошишидир.

Вьетнам урушида 58 000 дан ортиқ америкалик ҳалок бўлган, Афғонистонда қарийб 15 минг совет аскарлари ўлган - булар ҳарбий амалиётларни тўхтатишга мажбур қилган омиллар бўлган эди. Франция 2013 йилдан бери Малида 50 аскарини йўқотди ва у ердаги миссияни қўллаш французлар орасида борган сари камайиб бормоқда.

Малидаги Франция аскарлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Франция Малига ўз қўшинларини 2013 йилда киритган

Бундан ташқари кутилганидан ошиб кетадиган молиявий харажатлардир.

Саудия Арабистони 2015 йили Яманга ҳужумни бошлаганида бу уруш олти йилдан кейин ҳам давом этишини кутмаган эди. Бу уруш Саудия ғазнасига нақ 100 миллиард долларга тушгани айтилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари борасидаги хавотирлар ҳам кутилмаганда ҳарбий амалиётларни издан чиқариши мумкин.

АҚШнинг афғон тўй зиёфатини нишонга олган ҳаво ҳужуми, Саудийларнинг Яманда оддий фуқаролар ўлимига сабаб бўлиши, БАА иттифоқчилари томонидан инсон ҳақлари қўпол тарзда бузилиши бу давлатлар обрўсига жиддий зарар бермоқда.

БАА мисолида Ямандаги урушда юк контейнерларига қамаб қўйилган маҳбусларнинг бўғилиб ўлиши ҳақидаги хабарлар бу давлатни Яман урушидан чиқишида катта роль ўйнади.

Шунингдек, қабул қилувчи ҳукумат душман томон билан келишиб олиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Малида ҳукуматнинг жиҳодчилар билан яширинча келишувга бораётгани ҳақидаги хабарлар чиққач, Франция президенти Эммануэль Макрон француз кучларини мамлакатдан бутунлай олиб чиқиб кетиш билан таҳдид қилиши учун етарли бўлди.

Британиянинг истеъфодаги полковниги Жеймс Канлиффнинг айтишича, Ироқда "шиа жангарилари масаласига келганда Эрон таъсири борасида реал хавотирлар мавжуд."

Афғонистонда эса 2001 йили ҳокимиятдан ағдарилган Толибон қайтиши кутилмоқда. Ғарб хавфсизлик расмийларининг айтишича, агар Толибон афғон ҳукуматининг бир қисмига айланса, жосуслик борасидаги ҳамкорликлар тўхтатилиши мумкин.

Осон жавоблар йўқ

Муваффақиятсизликка учраган давлатлар ва диктаторлар муаммосига тайинли бир ечим йўқлиги аниқ. Айрим мисолларга боқсак:

  • Ироқ 2003 йилдан ҳозиргача: Британия қўллаб-қувватлаган ва АҚШ етакчилик қилган ҳарбий истило йилларча давом этган оккупация ва қонли исёнларга уланди. Охирги йиллардаги ривожланишларга қарамай, бу босқин етказган жароҳат шунчалик оғир бўлдики, камида бир авлод сиёсатчилар - агар кўпроқ бўлмаса - Яқин Шарқда кенг миқёсли ҳарбий босқин уюштиришдан тийилиши учун етарли бўлди.
  • Ливия 2011 йилдан ҳозиргача: НАТОнинг мамлакат узра қисқа вақт учоқлар парвозини чеклаганини ҳисобга олмаса, Ғарб кучлари бу юртга айтарли қадам босмаган. НАТОнинг ана шу чекловининг ўзи 2011 йили Қаддофий режими ағдарилиши учун кифоя қилди. Аммо мамлакат фуқаролар уруши ва жиҳодчи исёнчилар домига тушди. Ливияликларнинг аввалги миннатдорлиги Ғарб уларни "ташлаб қўйганидан" ғазабланишига ўзгарди.
  • Сурия 2011 йилдан ҳозиргача: Ғарб президент Башар ал Асад ва Сурия исёнчилари ўртасидаги урушга аралашишдан ниҳоятда қаттиқ тийилди. Бу урушга аралашиш Россия, Туркия ва Эронга қолиб кетди. 10 йил зўравонлик давом этди, ҳамон тингани йўқ.
  • Исломий давлат гуруҳи, 2014-2019 йиллар: 80 мамлакат ҳисса қўшган коалициянинг ҳарбий муваффақияти сабабли ўзини Исломий халифалик деб атовчи шафқатсиз ва садист гуруҳни парчалаб мағлуб қилди. Аммо бунга беш йил кетди ва асосан вайронкор ҳаво ҳужумларига, шунингдек, Ироқдаги Эрон қўлловида бўлган жангариларга суянилди. Бу гуруҳ ҳозирда Африкада ўз амалиётларини кенгайтирмоқда.
  • Мали 2013 йилдан ҳозиргача: Французларнинг ўз вақтидаги ҳарбий аралашуви пойтахт Бамакони ал Қоидага алоқадор жиҳодчилар қўлига ўтишидан асраб қолди. Аммо саккиз йил ўтса ҳамки, минглаб халқаро кучлар ҳозирлигига қарамай, исён давом этмоқда ва Франция президенти Мали раҳбарларидан норози эканини, француз ҳарбийларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш истагини билдирди.

Келажак

Агар йирик ва муддати нотайин ҳарбий ҳозирликлар урфдан қолаётган экан, нима уларнинг ўрнини эгаллайди.

Бунинг жавобини Қироллик бирлашган хизматлар институтида Қуруқликдаги уруш бўйича ўтган конференцияда Британия Бош штаби раҳбари генерал сэр Марк Карлтон Смитнинг нутқидан топиш мумкин.

Бугунги армия, деди у, "кўпроқ тармоқлашган, кўпроқ экспедицияли, тез жойлаштирилувчи, бир бири билан кўпроқ рақамли боғланган, ҳар бир аскарга сунъий йўлдош уланган ва Махсус Операциялар Бригадасига марказлашган бўлади."

Генерал Скотт Миллер
Сурат тагсўзи, АҚШ юқори мартабали қўмондони генерал Скотт Миллернинг айтишича, Афғонистон ҳарбийларини бундан буёғига ҳам ташлаб қўйишмайди, дастаклашади

Ерда ҳаракатланувчи аскарлар сони озлиги энг замонавий рақамли технологияларга, шу жумладан, сунъий ақлга кўпроқ суяниш демакдир.

Охирги тўқнашувлар сабабли юзага келган ҳолат стратегик мақсадлар ҳақида қайта ўйлаб кўришга ундади. Кавказда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида юз берган қисқа урушда Арманистоннинг танклари Озарбайжоннинг Туркия томонидан етказиб берилган арзон, учувчисиз учоқлари ёрдамида йўқ қилинди. Бу учоқлар оператор ҳаётига хавф туғдирмаган ҳолда бемалол нишонга зарба берар эди.

Ёлланма жангарилар анча эътибордан қолган эди, тағин улардан фойдаланиш бошланди.

Бунинг ёрқин намунаси Россиянинг соядаги Вагнер гуруҳи бўлиб, Москвага ўзини четга олган ҳолда Ливиядан то Ғарбий Африкаю Мозамбиккача бўлган давлатлардаги можароли ҳудудларда деярли эркин ҳаракатланиш имконини бермоқда. "Марказида давлатлар бўлган дунё тартиботи, - дейди Вашингтондаги Атлантик кенгаши бош тадқиқотчиси доктор Шон МакФейт, - ўз ўрнини давлатларсиз урушга бўшатиб бермоқда."

Буларнинг ҳеч бири хориждаги ҳарбий миссиялар даври ўтганини англатмайди, албатта. Мали ва Сахелда французлар яккабош амалга ошираётган Бархан операциясини тўхтатиб, минглаб аскарларни уйларига қайтариши мумкин. Аммо БМТ миссияси давом этади ва французлар халқаро аксил террор миссиясида қисқартирилган кучлари билан иштирок этавериши мумкин.

Ироқда ҳам НАТО мутахассислари исёнчиларга қарши маҳаллий кучларни ўқитиши, уларга техник ёрдам бериши мумкин.

Шунга қарамай, Афғонистонда Ғарб кучлари энг зарур пайтда - Толибон, ал Қоида ва Исломий давлатнинг бирлашган хавфи кучайиб бораётган вақтда мамлакатдан чиқиб кетмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek