Теша, Бўрибек, Тўлғаной ё Таманно: Исмингиз сизга қандай таъсир қилади? Dunyo yangiliklar

Исм ёрлиқлари

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Кристиан Жаррет
    • Role, BBC Future

Бегоналар одатда сиз ҳақингизда биринчи бўлиб биладиган илк маълумот ота- онангизнинг сизга атаб қўйган исмидир. Сизнинг қандай аталишингиз сизни бошқалар қандай қабул қилишига фавқулодда таъсир қилади.

Ота-онангиз сизни қандай шакллантиргани - уларнинг меҳридан тортиб, сахийлигию талабчанлиги ҳақида гапиришингиз мумкин.

Аммо улар сизга берган муҳим совғанинг келгусидаги оқибатлари, у қанчалик ўзингизга ёқиши, одамлар у ҳақда нима деб ўйлаши ҳақида кўп ҳам ўйлаб кўрмаган бўлишингиз мумкин. Бу совға - сизнинг исмингиз.

Ота-оналар боласини қандай аташ борасида кўп иккиланишади. Бу уларнинг ижодкорлиги синови ёки ўз авлодлари орқали ўзларининг ўзликлари ва шахсиятларини намоён қилиш йўли ҳам бўлиши мумкин.

Аммо аксар ота-оналар тўлиқ тушуниб етмаган нарса шуки - ўзим ҳам тушунмаганимни биламан - улар ўз болалари исмини қандай танлаши болаларни келажакда бошқалар қандай қабул қилишида ва пировардида улар қандай инсон бўлиб етишишларида роль ўйнайди.

"Исм кундалик ҳаётда инсонни таниб олиш, у билан мулоқот қилиш учун қўлланар экан, у инсоннинг ўзи ҳақидаги тушунча, айниқса, бошқалар билан муносабатда асос бўлиб хизмат қилади", дейди Аризона университетидан психолог Дэвид Чжу. У исмлар психологиясини ўрганади.

Кўплаб омиллар шахсиятимизни шакллантиради, албатта. Қайсидир жиҳатларимизга генларимиз таъсир қилади. Улғайиш жараёнидаги тажриба ҳам, бизга яқин бўлган одамлар ва танлаган ҳаёт йўлимиз ҳам - хоҳ оилада, хоҳ ишда бўлсин - улкан роль ўйнайди.

Бу жараёнлар орасида исмларимизнинг ўрнини, уларнинг туғилганимизданоқ бизга ўтказган таъсирию бу таъсирнинг бир умр бизга ҳамроҳ бўлишини (агар исмни ўзгартирмасак) эсдан чиқариб қўйиш осон.

Шахсият психологияси асосчиларидан бири Гордон Олпорт 1961 йили айтганидек, "бутун ҳаётимизда ўзлигимиз учун муҳим ўзгармас нуқта - лангар бўлиб қоладиган нарса ўз исмимиздир".

Исми ёзилган чақалоқ

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўпчилигимиз анча ёшгача ота-онамиз биз учун танлаган исм билан юрамиз

Камида исмларимиз бизнинг этник илдизимиз ёки умуман ижтимоий келиб чиқишимиз ҳақида маълумот берадики, ижтимоий тарафкашлик дунёсида бу муқаррар таъсирга эга бўлади (масалан, Америкада 11 сентябрдаги террор ҳужумидан сўнг ўтказилган тадқиқотда аниқланишича, ишга жойлашиш учун берилган, айни бир хил резюмеларда агар исм арабча жарангласа, оқ танлилар исмлари ёзилган резюмеларга нисбатан камроқ эътибор тортган).

Бу кўп жиҳатдан адолатсиздир, чунки исмлар ижтимоий келиб чиқишни кўрсатувчи ишончсиз индикатордир.

Бу оқибатларга енгил қарамаслик керак, аммо исмларнинг таъсири шу билан тугамайди. Ҳатто бир маданият доирасида ҳам муайян исмлар оммавий ёки камёб бўлиши, маъносига кўра салбий ёки ижобий таъсир қилиши, қизиқарли, урфдан қолган ёки ёқимсиз бўлиши (булар вақт ўтиб ўзгариб боради) мумкин. Ўз навбатида исмларимизнинг бу жиҳатлари бошқалар бизга қандай муносабат қилиши, ўзимиз ҳақимизда ўзимиз қандай ўйлашимизни белгилайди.

Америкалик психолог Жин Твенж етакчилигида 2000-йилларда ўтказилган тадқиқотда аниқланишича, ҳатто оилавий аҳвол ва ҳаётдан умумий қониқиш даражаси ҳисобга олинганда ҳам, ўз исмини ёқтирмайдиган одамлар психологик жиҳатдан мослашувчанлиги суст бўлар экан.

Ўзига ишонмаслик ва ўзини етарлича қадрламаслик сабабли улар ўз исмларини ёмон кўради ёки ўз исмини ёмон кўргани учун ўзига ишончи ҳам паст - "исм ўзликнинг рамзига айланган", деб ёзди Твенж ва унинг ҳамкор муаллифи.

Ўзгаларнинг бизга муносабатига исмларимиз қандай таъсир қилиши борасида олмонларнинг 2011 йили ўтказган тадқиқоти натижаларини олайлик. Унда танишув сайтлари фойдаланувчиларидан кимлар билан учрашишига уларнинг исмлари қанчалик таъсир қилиши сўралган.

Маннҳайм университетидан Йохен Гебауер ва унинг ҳамкасблари, жумладан, Вибке Неберихнинг аниқлашича, исми урф бўлмаган деб ҳисобланган одамлар (масалан, Кевин) исми оммавий бўлганларга нисбатан (масалан, Александр) кўпроқ эҳтимол билан рад қилинади.

Агар танишув сайтидаги аҳволни бу инсонларга ҳаёти давомида қандай муносабатда бўлишларининг бир нишонаси деб қарасак, уларнинг исмлари ўзгаларнинг муносабатини ва, ўз навбатида, уларнинг ким бўлишини қандай шакллантиришини кўриш осон бўлади.

Дарҳақиқат, Германияда ўтказилган ва хали чоп қилинмаган янги бир тадқиқотда аниқланишича, қатнашчиларнинг исми унчалик хуш кўрилмаган бегоналарга (Синди ва Чантал энг салбий қаралган исмлар эди) ёрдам бериши эҳтимоли исми хуш кўрилганларга (Софи ва Мари энг кўп ёқтирилган исмлар эди) нисбатан оз бўлди.

Исмингиз сабабли ҳаётда такрор ва такрор рад қилинсангиз, сизнинг ишончли ва меҳрибон одам бўлишингиз қийин бўлишини тасаввур қилиш мумкин.

Танишиш сайтларидаги тадқиқотда аниқланган яна бир нарса шуки, кўпинча рад қилинган ва урфда бўлмаган исмли одамларнинг таълим даражаси ҳам, ўзига бўлган ишонч даражаси ҳам пастроқ бўлар экан, гўёки уларнинг танишув платформасидаги тажрибалари умуман ҳаётларида ҳам кўп учрайди.

Бошқа бир охирги тадқиқотлардан бири ҳам оммавий бўлмаган ёки салбий жарангловчи исмларнинг зарарли оқибатларига ишора қилган. Пекиндаги Психология институтидан Хуацзянь Кай ва унинг ҳамкасблари юз минглаб одамларнинг исмлари ва уларнинг қанчалик жиноят содир этганини ўрганган.

Демографик омилларни ҳисобга олиб ўрганганларида ҳам, олимлар исми оммавий бўлмаган ёки салбий маъно англатувчи (совуқ ёки ёки ахлоқсиз туюлган исмлар) одамларнинг жиноят кўчасига кириб қолиш эҳтимоли ҳам ортишини аниқладилар.

Жиноий хулққа мойилликни кишининг бадфеъллиги белгиси сифатида ҳам кўришингиз мумкин. Яна бу ўринда ҳам, салбий жаранглайдиган ёки оммавий бўлмаган исмлар одамнинг ижтимоий рад қилиниши эҳтимолини орттиради ва бу ўша одамда бадфеъллик ривожланиши хавфини оширади.

Исмларимиз ана шу оқибатларга элтиши мумкин, дейди Кай, чунки улар бизнинг ўзимизни қандай ҳис қилишимизга ва ўзгалар бизга қандай қарашига таъсир қилади. "Яхши ва ёмон исмлар муайян салбий ёки ижобий оқибатлар келтириш потенциалига эга экан, ота-оналар ўз маданиятларида энг мақбул кўрилган исмларни фарзандларига беришлари кераклигини айтмоқчиман", дейди у.

Ҳозиргача бу тадқиқотлар салбий ва оммалашмаган исмларнинг зарарли оқибатларини кўрсатмоқда. Аммо охирги айрим янгиликлар исмингизнинг фойдали оқибатларига ишора қилмоқда. Масалан, агар исмингиз тилда осон айланувчи, жарангдор бўлса, дейлик, Марла (кескин портлаб чиқувчи Эрик ёки Киркка нисбатан), одамлар сизни табиатан хушхулқ деб ўйлайди ва бу сизга афзаллик беради.

Исмлар ёзилган чашкалар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Урфда бўлган исмлар тезда унутилади ҳам. Шундай экан, бу унинг ташувчиларига ҳам таъсир қилмай қолмайди

Бундан ташқари, кам учровчи исмлар қисқа муддатда нуқсон бўлиши мумкин (рад этилиш хавфи ва бошқаларга ёқиш эҳтимоли пастлиги). Аммо узоқ муддатда сизда ўз шахсий ноёблигингиз билан фахрланиш туйғусини пайдо қилиб, устунлик бериши мумкин.

Кай ва унинг ҳамкасблари Пекиндаги Психология институтида ўтказган бошқа бир тадқиқотни олинг. Оилавий муҳит ва бошқа ижтимоий иқтисодий омиллар ҳисобга олинганда ҳам, ноёб исм қўйилиши сизда ноодатий карьера, дейлик, судьялик ва режессёрлик билан боғланади.

"Ҳаётининг илк паллалариданоқ айрим одамлар ўзларининг ноёб исмларидан ноёб ўзлик туйғусини шакллантиради", дейди тадқиқотчилар, бу туйғу ўз ўзликларига мос келадиган ноодатий карьера йўлини танлашларига "ўзига хос мотив" бўлишини таъкидар экан. Бу қай бир маънода "номинатив детерминизм"ни эслатади, яъни исмларимизнинг маъноси ҳаётий қарорларимизга таъсир қилади (нейрологлар орасида доктор Брейнлар (маъноси, мия) кўп учраши қизиқ ҳолат).

Исмимизнинг ноодатий бўлиши бизнинг ижодкорроқ ва ўзгаришларга очиқроқ бўлишимизга ёрдам бериши мумкин, дейди Аризона университетида Чжу ва унинг ҳамкасблари. Чжунинг жамоаси мингдан ортиқ фирмаларнинг бош директорлари исмларини ўрганиб, уларнинг исмлари қанчалик ноёб бўлса, улар танлайдиган бизнес стратегиялар ҳам ўзгача бўлишга мойил бўлади, айниқса улар табиатан ўзига ишонувчан бўлса. Чжу, Кай ва унинг ҳамкасблари каби хулосалар чиқаради. "Исми ноодатий бўлган бош директорлар ўз ҳамкасбларидан фарқли экани ҳақида тушунча билан яшайди, бу эса уларни ноодатий стратегияларга ундайди", дейди у.

Агар сиз ота-она бўлишни режалаётган бўлсангиз, болангизга кенг тарқалган исм қўйсамми ёки у келажакда ўзига хос ва ижодкор бўлиши учун оригинал бирор ном ўйлаб топсамми деб ўйлаб қолишингиз мумкин.

"Одатий ва ноодатий исмлар ҳам афзаллик, ҳам нуқсон билан боғланган. Шу боис, бўлғуси ота-оналар боласига қандай исм танламасин ҳам салбий, ҳам ижобий томонларидан бохабар бўлишлари керак", дейди Чжу.

Эҳтимол энг муҳими ҳар икки жиҳатини ҳисобга олишдир. "Агар сиз болангизга жуда оммалашган исмни қўйсангиз, унинг жамиятга қўшилиши ва бошқалар томонидан осон қабул қилинишини осонлаштиришингиз мумкин, - дейди Чжу. - Аммо ота-оналар фарзандлари ўзларини қадрлашларига ёрдам бериш учун уларга боланинг ноёб хислатини таъкидлайдиган бирор хос ном беришлари ҳам керак.

Илмий ёзувчи Кристиан Жаррет "Be Who You Want: Unlocking The Science of Personality Change" асари муаллифи бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek