37 ёшли аёл бирданига 10 эгизак туғди. Рекорд янгиланди - dunyo ayollar yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Ўн эгизак кесар кесиш жарроҳлик амалиёти билан туғдириб олинди. Чақалоқларнинг барчаси ҳаёт. Бунақаси деярли учрамайди. Яқинда малилик Ҳалима бир туғишда тўққизта туққан. Ҳали шунинг ўзиёқ бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлганди.
Эгизаклар душанбадан сешанбага ўтар кечаси Жанубий Африканинг Гаутенг вилоятида дунёга келишган.
Кесар кесиш жарроҳлик амалиёти Преториядаги касалхоналарнинг бирида амалга оширилган.
Эгизакларнинг барчаси ҳаёт ва уларнинг келаси бир неча ой давомида инкубаторда қолишлари айтилмоқда.
Дунёга келган пайтларида эгизаклар 7 ойлик бўлишган.
37 ёшли Госиаме Тамара Ситхоле бир туғишда етти ўғил ва уч қизни туққан.
У Гиннес рекордини янгилаган.
Эри ўзининг "бахтиёр" ва "ҳаяжон"да эканини айтмоқда.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Аммо ўн эгизакнинг дунёга келиши жуфтнинг ўзи ва шифокорлар учун ҳам кутилмаган бўлган.
Чунки туғруқдан аввалги ультратовуш текширувлари аёлнинг аввалига олти, кейин эса саккиз эгизакка ҳомиладор эканини кўрсатган.
Маҳаллий савдо тармоқларининг бирида менежер бўлиб ишлайдиган Ситхоленинг айтишича, аввалига ультратовуш натижаларига ишонмаган.
Аммо уйқусиз тунлари бошлангач, эгизак ҳомилаларининг бир, икки ёки уч эмас, кўп эканига алал-оқибат ўзи ҳам ишонган.
Эр-хотин энди 12 боланинг ота-отасига айланишган.
Уларнинг олти ёшда бўлган яна бир эгизак фарзандлари бор.
Сефако Макгато Тиббиёт фанлари университети профессори Дини Мавела ҳам бирваракайига ўн эгизакнинг дунёга келиши ўта ноёб воқеълик эканини тасдиқлаган.
Бунга ўхшаш ҳомиладорлик, одатда, бепуштликдан даволанганда, сунъий уруғлантириш натижасида юзага келади.
Ситхоленинг таъкидлашича эса, ўнта эгизакка табиий йўл билан ҳомиладор бўлиб қолган, бунда шифокорларнинг бирор бир иштироки бўлмаган.

Сурат манбаси, EPA
Малилик 25 ёшли Ҳалиманинг бир туғишда тўққизта туққани эса, 5 май куни хабар берилган.
Бу каби ҳодиса ўшанда ҳам жуда камдан-кам учраши сабаб, бир зумда халқаро миқёсда эътиборга тушган.
Марокашда бирваракаийга тўққиз эгизакнинг дунёга келгани Ўзбекистондаги нашрларнинг ҳам нигоҳидан четда қолмаган.
Ҳалиманинг эгизаклари ҳам кесар кесиш жарроҳлик амалиёти билан туғдириб олинган.
Унинг ҳам тўққизта болага табиий йўл билан ҳомиладор бўлгани айтилган.
Бир аёлнинг тўққизта ёки ўнта эгизак туғиши ҳодисаси жуда камдан-кам учрайди.
Учраганда ҳам, эгизаклар кейинчалик яшаб кета олишмаган.
Бу борадаги рекорд сўнгги бор 2009 йилда АҚШда қайд этилган.
Аммо ўшанда туғилган эгизакларнинг сони саккизта бўлган.
1971 йил Австралия, орадан 28 йил ўтиб, Малайзияда тўққизталик эгизаклар дунёга келишган.
Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам туғилган чақалоқларнинг ҳеч бири омон қолмаган.
Бир неча ҳафтадан сўнг, ҳаётдан кўз юмишган.
Аммо жаҳон рекордчиси Надя Сулеманнинг саккиз эгизаги яхши ўсиб-улғайишган. Ҳозир улар 12 ёшда.
Надя ўз эгизакларини сунъий уруғлантириш орқали дунёга келтирган.
Ўзбекистонда 2013 йилда илк бор тўрт эгизак дунёга келган.
Бу янгилик ҳам ўшанда маҳаллий нашрларда яхшигина шов-шувга сабаб бўлмай қолмаган.
Хабарларда тўрт эгизак ўғилга ота-оналари Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Карим, деб исм қўйишгани айтилган.
Чақалоқлардан иккисининг нега айнан Ислом ва Карим, деб номлангани кибер фазода яхшигина муҳокамаларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Интернет фойдаланувчиларидан бири, "Нима учун Абдуғани йўқ?", деб сўраган бўлса, бошқасининг, "яна Рустам, Содиқ, Азим, Миромон ва яна шу қаторда кетадиган кўп исмлар бор"лигини ҳам эслатгани кўрилган.
Яна бири аввалига "бундай улкан воқеа билан табриклаши"ни айтаркан, "бундай воқеа ва бундай исмлар қўйилганидан кейин улар балки ҳукуматдан янги уй олиб қолишар?", дея сўров аралаш тахмин этган.
Комент қолдирганлар орасида, "Уларни қандай исм билан аташгани бошқаларни безовта қилмасин. Бу уларнинг боласи", дегувчилар ҳам бўлганди.
Ўшанда Ўзбекистонни президент Ислом Каримов (ҳозирда марҳум - таҳр.) бошқарган.
Туғруқ жараёнида эса, чақалоқларнинг жами сони тўққизта экани маълум бўлган, бундан ҳайрон бўлганлар ҳам озмунча бўлмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












