Янгиланди: Ҳалима тўққиз эгизак туғди, эрини шахсан президент табриклади - dunyo ayollar yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Бирданига тўққизта эгизак туққан Ҳалиманинг эри "жуда бахтиёр" эканини айтмоқда. Унга кўра, "шунча болани ўзларига Худо берган". Оилаларидаги янгиликни эшитиб, ҳатто, мамлакат президентининг ўзи телефон қилиб, табриклаган. Эгизакларнинг суратлари ҳам чиққан.
25 ёшли Ҳалиманинг бир туғишда тўққизта туққани кеча, 5 май куни хабар берилган.
Бу каби ҳодиса жуда камдан-кам учраши сабаб, янгилик зум ўтмай, кўпчиликнинг диққат-эътиборига тушган.
Малилик Ҳалиманинг тўққиз эгизак туққанига оид янгилик Ўзбекистондаги нашрларнинг ҳам нигоҳидан четда қолмаган.
Улар ҳам кеча, чоршанба кунининг ўзидаёқ бу ҳақда хабар беришган.
Худди шу куни кечга бориб, туғилишлари бутун дунёда шов-шувга сабаб бўлган чақалоқларнинг суратлари ҳам эълон қилинган.
Сўнгги янгиликка Ҳалима эрининг муносабати ҳам маълум бўлган.

Сурат манбаси, EPA
Аджудант Қодир Арбий Би-би-сига хотинининг тўққиз эгизакни дунёга келтирганидан "жуда мамнун" эканини айтган. Ўновлоннинг аҳволи яхши эканини ҳам маълум қилган.
Ҳалима эгизакларини Марокашда туққан, эри эса, тўнғич қизлари билан ҳануз Малида.
Ҳозирча аёли ва чақалоқларни бориб, шахсан кўришга имконли бўлмаган.
Аммо эрининг айтишича, Марокашдаги рафиқаси билан доимий алоқада ва келажаклари ҳақида қўрқиб, қайғуга тушаётгани йўқ.
"Бу болаларни бизга Худо берди. Уларнинг тақдири нима бўлишини ёлғиз ўзи ҳал қилади. Мен бундан ташвишланмайман. Яратгувчи бир иш қилса, уни беҳикмат қилмайди", - деган у Би-би-си Африка хизматига.
Ҳалиманинг эри одамларнинг қўлловидан ҳам бошлари кўкларга етганини айтмоқда.
"Ҳамма, малилик масъуллардан тортиб, шахсан мамлакат президентигача ўзига қўнғироқ қилган. Табриклаган.

Сурат манбаси, MALI'S HEALTH MINISTRY
Бир аёлнинг тўққизта эгизак туғиши ҳодисаси жуда камдан-кам учрайди.
Учраганда ҳам, эгизаклар кейинчалик яшаб кета олишмаган.
Бу борадаги рекорд сўнгги бор 2009 йилда АҚШда қайд этилган.
Аммо ўшанда туғилган эгизакларнинг сони саккизта бўлган.
1971 йил Австралия, орадан 28 йил ўтиб, Малайзияда тўққизталик эгизаклар дунёга келишган.
Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам туғилган чақалоқларнинг ҳеч бири омон қолмаган.
Бир неча ҳафтадан сўнг, ҳаётдан кўз юмишган.
Аммо жаҳон рекордчиси Надя Сулеманнинг саккиз эгизаги яхши ўсиб-улғайишган. Ҳозир улар 12 ёшда.
Надя ўз эгизакларини сунъий уруғлантириш орқали дунёга келтирган.
Ўзбекистонда 2013 йилда илк бор тўрт эгизак дунёга келган.
Бу янгилик ҳам ўшанда маҳаллий нашрларда яхшигина шов-шувга сабаб бўлмай қолмаган.
Хабарларда тўрт эгизак ўғилга ота-оналари Ҳасан, Ҳусан, Ислом ва Карим, деб исм қўйишгани айтилган.
Чақалоқлардан иккисининг нега айнан Ислом ва Карим, деб номлангани кибер фазода яхшигина муҳокамаларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Интернет фойдаланувчиларидан бири, "Нима учун Абдуғани йўқ?", деб сўраган бўлса, бошқасининг, "яна Рустам, Содиқ, Азим, Миромон ва яна шу қаторда кетадиган кўп исмлар бор"лигини ҳам эслатгани кўрилган.
Яна бири аввалига "бундай улкан воқеа билан табриклаши"ни айтаркан, "бундай воқеа ва бундай исмлар қўйилганидан кейин улар балки ҳукуматдан янги уй олиб қолишар?", дея сўров аралаш тахмин этган.
Комент қолдирганлар орасида, "Уларни қандай исм билан аташгани бошқаларни безовта қилмасин. Бу уларнинг боласи", дегувчилар ҳам бўлганди.
Ўшанда Ўзбекистонни президент Ислом Каримов (ҳозирда марҳум - таҳр.) бошқарган.
Сешанба кунги туғруқ

Сурат манбаси, Getty Images
25 ёшли Ҳалима бир туғишда тўққизта туғди. Бунақаси дунёда жуда камдан-кам юз беради. Она ва тўққиз чақалоқнинг ҳозир аҳволи қандай?
Мали Соғлиқни сақлаш вазирининг айтишича, Ҳалима Сиссе фарзандларини Марокашдаги касалхонада дунёга келтирган.
Ҳалима беш қиз, тўртта ўғил туққан, чақалоқлар кесар кесиш жарроҳлик амалиёти ёрдамида туғдириб олинган.
Энг қизиғи, Мали ва Марокашдаги ультратовуш текширувлари унинг етти болага ҳомиладор эканини кўрсатган.
Туғруқ жараёнида эса, чақалоқларнинг жами сони тўққизта экани маълум бўлган, бундан ҳайрон бўлганлар ҳам озмунча бўлмаган.
Вазир Фанта Сиби она ҳам, болалар ҳам ўзларини "яхши ҳис этишаётгани"ни айтган.
Унга кўра, ўновлон бир неча ҳафтадан кейин ўз уйларига қайтишлари мумкин бўлади.
Фанта Сиби "ушбу ҳомиладорликнинг бахтли якун топишида кўрсатган касбий маҳоратлари учун" Мали ва Марокашдаги шифокорлар гуруҳини ҳам табриклашни унутмаган.
Рейтер ахборот агентлигининг ёзишича, Ҳалиманинг ҳомиладорлиги бу Ғарбий Африка халқини ҳайратга солган, раҳбарлари эътиборини ўзига тортган.
Мутахассисларнинг ёрдамига муҳтож бўлган пайтда, расмийлар ҳатто уни Марокашга жўнатишга ҳам бош-қош бўлишган.
Марокаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби эса, Франс-пресс ахборот агентлигига ўзларида бир аёлнинг тўққизта туғаётганидан бехабар бўлганини айтган.
Хабар дунёнинг энг йирик нашрлари эътиборидан ҳам четда қолмади. Сарлавҳаларга чиққан янгиликлардан бирига айланди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












