Муҳаммад Британияда энг машҳур исм

Сурат манбаси, AFP
BabyCentre портали эълон қилган сўров натижаларига кўра, Муҳаммад исми 2014 йилда Британияда янги туғилган болалар учун танланган энг машҳур исмга айланган.
2013 йилда ўтказилган сўровлар ҳам Муҳаммад Британияда энг кўп қўйилаётган ўғил бола исми эканини кўрсатган эди.
Муҳаммад дунёдаги энг машҳур исмлардан бири бўлиб, аксарият мусулмон оилалар ўғил фарзандларини Ислом пайғамбарига ҳурмат маъносида унинг исми билан аташни хоҳлашади.
Оммавий сўров ўтказган мутахассислар охирги йилларда мусулмон бўлмаган оилаларда ҳам араб исмларининг нуфузи ошиб бораётганини қайд этганлар.
Оливер исми бу йил иккинчи ўринга тушган. Ўғил болалар учун оммабоп Жек исми Британияда учинчи ўринда экан.
Шунингдек, Умар, Али, Иброҳим исмлари ҳам энг машҳур 100 исмлар қаторида.
Қизалоқлар учун бу йил энг кўп София исми танланибди. Мутахассислар шу қаторда Марям, Нур каби арабча исмлар машҳурлиги ошиб бораётганини таъкидлаганлар.
Ўтган йили саккиз мингдан ортиқ чақалоқ Муҳаммад исмини олган.
Ўтказилган тадқиқотларга қараганда, ҳозирги кунда Муҳаммад исмини олган инсонлар сони қарийб 200 миллионга етган.
Ўзбекистонда ҳам Муҳаммад исми аввалдан машҳур, шу билан бирга чақалоқларга Умар, Абдуллоҳ, Иброҳим, Марям, Ойша каби диний исмларни қўйиш кенг урфга кириб бормоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












