Тожикистонда тожикча исмлар ҳақидаги қонун кучга кирди

Сурат манбаси, httpwww.president.tj
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон халқига янги туғилган чақалоқларни мулла, хон, тўра, шайх каби "тожикларнинг миллий маданиятига бегона" сўзлар билан исм қўйишни тақиқлайдиган қонунни имзолаган.
Оила кодексига киритилган ўзгартириш ва "Фуқаролик ҳолатини қайд этиш давлат акти" қонунига кўра, қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳам тақиқланади.
Бундан кейин келиб чиқиши этник тожик бўлганлар фарзандига Тош, Сопол, Бўри, Қарға, Новвот, Асал каби турли егуликлар, жисмлар, ҳайвон ва қушлар номини, шунингдек, инсонни келиб чиқиши жиҳатидан бошқа одамлардан ажратиб турадиган маъно берадиган сўзларни қўйишлари мумкин эмас.
Шунингдек, тахаллуслар ҳам расмий ҳужжатга ёзилмаслиги айтилган.
Мамлакатдаги бошқа халқларга бу мажбурият юкланмайди.
2015 йил охирида ҳукумат қошидаги Тил ва терминология қўмитаси Фанлар академияси билан бирга тожиклар учун исмлар рўйхатини кўриб чиққан. 4-5 минг замонавий ва қадимий тожикча исмлар форсча, арабча маънолари билан бирга алоҳида чоп этилган.
Тожикистонда олдинроқ қариндошлар орасида никоҳ расман тақиқланганди. 2016 йил 1 июлдан бошлаб келин-куёвлар тўйдан олдин бепул тиббий кўрикдан ўтишлари, қон топширишлари шарт бўлади. Тиббий справкасиз никоҳ қайд этилмайди.
Айни пайтда, меҳнат муҳожирлигида бўлиб қайтганлар ёки ҳануз хорижда ишлаётганлар ҳам мажбурий тартибда юқумли касалликлар учун тиббий кўрикдан ўтишлари керак.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мамлакатда 2015 йил бошида 30 мингдан ортиқ ногирон болалар рўйхатга олинган, уларнинг 35 фоизи қариндошлик никоҳларида туғилган.
Тадқиқотчиларга кўра, яқин қариндошлар никоҳлари кўпроқ бадавлат хонадонлар ўртасида тузилиб, улар бойликларини сақлаб қолиш учун болаларини бегоналарга беришни хоҳламайдилар.
Энди ака-ука-сингиллар болалари, амаки-хола-амма болаларининг турмуш қуришлари қонун орқали тақиқланади.
Бироқ, диний уламолар таъкидлашича, "Ислом фақат сут эмишган ака-сингиллар ўртасидаги никоҳни тақиқлайди. Ногирон болалар эса кўпроқ ичкилик, гиёҳванд моддалар истеъмол қиладиганлар орасида туғилади".
Ҳуқуқ фаоллари фикрича, шахсий исмларни танлашни ҳукумат томонидан назорат қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини чеклаш ҳисобланади.
Имомали Раҳмон олдинги йилларда ҳам исмлар масаласини кўтарган. Ўзининг фамилиясидан ҳам "ов" қўшимчасини олиб ташлаган.
Тожикистонликлар бу мавзуга турли муносабатда бўлганлар.
"Фарзандингизни Имомали деб номлайсизми, Маҳмадсаидми ва ёки Тешавойми бу миллатнинг тараққиёти учун фарқи йўқ. Бу фарзанд миллатнинг ҳақиқий ўғли ёки қизи бўлиб етишиши учун, ҳукуматдагилар, парламентдагилар шунга яраша иш қилиши, ўрнак бўлиши керак. Қаерга борманг порахўрликка дуч келсангиз, электр энергиясини кеч соат тўққиздан ўчириб қўйсангиз, мактаблар иситилмаса, касалхоналарга кириб бўлмаса, миллионлаб ота-оналар иш тополмай Россияда юрса…келажак авлоддан нима кутасиз? Номини амал-тақал қилиб тожикча қўйдирсангиз, олам гулистон бўлмайди", деган эди тожикистонлик кекса ўқитувчилардан бири Би-би-сига.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBCUZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.com га тўсиқ бўлса,
- uzbekweb.net га киринг












