Тожик Президенти қўшиқларда улуғланмоқда

Сурат манбаси, httpwww.president.tjnode10589

Эмомали Раҳмон шахсини улуғлаб айтилаётган қўшиқлар тожикистонлик интернет фойдаланувчилар учун янги баҳс мавзусига айланган.

Президент шахсига ва унга аталган қўшиқларга муносабат турличадир.

19 февралда Тожикистон телевидениеси 1-каналининг Фейсбукдаги саҳифасида шундай қўшиқлардан бири намойиш этилган. Жовидхон Нозимованинг "О, Миллат раҳбари" деган қўшиғида президент "миллат пешвоси", "мамлакатдаги муаммоларни ечувчи" ва "миллат қаҳрамони" сифатида олқишланади.

Тожикистонда 1992 йилдан бери қудратда бўлган жорий президент шахсига сиғиниш кучайгандан кучаймоқда. 2015 йил Эмомали Раҳмонга "миллат пешвоси" мақоми берилгач, "Сардор" номли шеърлар китоби тўлиқ Эмомали Раҳмонга бағишланиб, уни "тинчлик ва келишув асосчиси" дея таърифлайди.

Сурат манбаси, httpwww.president.tj

2016 йил 22 январда Тожикистон парламенти мамлакат конституциясига киритган ўзгартириш Эмомали Раҳмонни чекланмаган миқдорда президент бўлиши мумкинлигини кўзда тутади. Бундан ташқари президентликка номзоднинг ёши 30 ёшгача қилиб камайтирилди. Бу эса Эмомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Раҳмонга 2020 йилдан бошлаб президентлик сайловларида иштирок этишга йўл очади. 2015 йилда Эмомали Раҳмон ўғлини коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари қилиб, қизи Озодани эса шу йилнинг бошида Президент девони раиси этиб тайинлаганди.

Сурат манбаси, httpwww.president.tj

"Muboritz" никли фойдаланувчи Эмомали Раҳмонни истеъфо беришга чақирмоқда. "Бундай раҳбар ҳиқилдоғимизга келди", дейди у. "Ибодулло Халиков" уни қувватлайди.

"Ubayd Unsori" эса "нима учун баъзи "адолатсиз" кишилар мамлакатини сотган одамни қувватлайдилар", деб савол қўяди.

"Mahmadali Teshayev" Эмомали Раҳмонни "халққа тарихдаги ҳар қандай душмандан кўра кўп хиёнат қилган" ликда айблайди.

"Насим Шарипов": "сотқин ҳеч қачон етакчи бўлолмайди, бизнинг раҳбаримиз (Пайғамбар) Муҳаммад (САВ)", дея таъкидлайди.

"Роберт Мюллер" одамларни хиёнаткор раҳбарга қарши намойишга чақиради".

"Суруш Солеҳ" ҳам президентни "кетиш"га ундар экан, "Лоқайдлик йўқолсин! Муҳожирлик йўқолсин! Адолатсизлик йўқолсин!" деган шиорларни ёзади.

"Muhammad Solekhi Purdila Naberaash" ҳатто Интерполни тожик мухолифатчиларини қидириб, шарманда бўлмасликка даъват қилган.

"Тожикистонда фақат битта қаҳрамон бор. Қолганларнинг ҳаммаси бекорчилардир. Агар тожик фуқароси электр, газ, иш ўринлари билан таъминланса, унга таъзим қилишарди", деб ёзади "Qiyomuddin Qayumov" "Muhammadi Odinabek" га кўра, "президент ҳамма тожик ёшларининг ҳаёти ва келажагини ўғирлади".

Айни пайтда Тожик мухолифати бугун, 23 февралда Эмомали Раҳмонга қарши намойишлар ўтказишини ютубда эълон қилиб, тожикистонликларни қўзғалишга чақирди.

Сурат манбаси,

Фойдаланувчи "Davlati Surob" бошқаларнинг танқидларича қарши ҳозиржавоб бўлиб, президентни мақтаб туради. "Президентимизга Аллоҳ узоқ умр берсин. Ит ҳурар, карвон ўтар". "Эмомали Раҳмонни танқид қилганлар "мақсадларига ета олмайдилар", "Эмомали Раҳмон тожик халқига Худо томонидан сайланган раҳбардир", деб таъкидлайди у.

"Жавад Азизи" Эмомали Раҳмонни "зўр раҳбар" "мен уни севаман!", дейди.

"Назим Мирсаидов" нинг фикрича, "у севимли Ватанимизнинг равнақи учун қўлидан келган ҳамма ишни қилади".

"Одилжон Давлатов" миллатнинг одил фарзандига узоқ умр тилаган.

Бир неча йил олдин Тожикистон раҳбари мамлакат бўйлаб маҳаллий мулозимлари ўз шарафига уюштираётган тўкин-сочин зиёфатлардан хижолатда эканини айтиб, бу каби лаганбардорликни бас қилишга буйруқ берганди.

Бироқ кузатувчилар бу каби кўрсатмалар хўжакўрсинга экани, Тожикистон раҳбарининг бу каби чиқишлари кўпроқ халқбоз характерга эга экани ва оддий одамларга мўлжалланганини таъкидлашади.

Сурат манбаси, Getty

"Президентнинг бу каби танқидларини телевизиор орқали кўрган оддий халқ раҳбаримиз қанчалар доно, ҳаммасига унинг атрофидагилар айбдор", деган хулосага келишади.

Бутун мамлакат бўйлаб президент Раҳмоннинг ёлғиз ўзи акс этган улкан тасвирлар безаб туради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon