Ўзбекистон дайжести: Туркияга расмий сафар, ўзбек мигрантларга енгиллик, эркаклар олдинда

Turkiya prezidenti va O'zbekiston prezidenti

Сурат манбаси, Prezident.uz

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Prezident.uz саҳифасида хабар берилишича, Анқарадаги Президент саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида тор доирада учрашув бўлиб ўтган.

Учрашув бошида икки давлат раҳбари бир-бирини яқинлашиб келаётган Рамазон ойи билан самимий табриклашган.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Гап асосан сиёсат, савдо-иқтисодиёт, маданият ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида боради.

Томонлар сўнгги пайтларда барча даражаларда ва мулоқотлар жуда фаол кечаётганидан мамнун эканликларини билдиришган. Яқинда ўтказилган "4+4" шаклидаги стратегик режалаштириш учрашуви ҳам самарали бўлганини таъкидлаб ўтишган.

Саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий ҳимоя ва бошқа муҳим йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги айтилган.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари, жумладан кибержиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Туркиядаги меҳнат мигрантлари бўйича янги келишувлар

Ўзбекистон Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев ва Туркия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Ведат Ишикхан ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда UzDaily.uz сайти ўз саҳифасида хабар беради. Учрашувда меҳнат мигрантлари масаласи, айниқса уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний ишлаш шароитларини яхшилаш муҳокама қилинган.

Икки расмий томон Туркияда ҳозирда нолегал ҳолатда яшаётган Ўзбекистон фуқароларини депортация қилмасдан, уларнинг ҳужжатларини қонунийлаштириш амалиётини давом эттиришга келишиб олишган.

Энг муҳим янгиликлардан бири - Туркияда камида 3 йилдан бери яшаб келаётган Ўзбекистон фуқароларига ишлаш учун рухсатнома берилиши бўйича келишувга эришилган. Бу тартиб 1-мартдан кучга киради ва бундай амалиётнинг илк марта йўлга қўйилиши бўлади дейилмоқда.

Шунингдек, томонлар алоҳида битим имзолашга ҳам келишиб олдилар. Унга кўра, Туркиянинг İŞКUR давлат бандлик хизмати Туркияда энг кўп талаб қилинаётган касблар рўйхатини тузади ва бу маълумотларни Ўзбекистон Миграция агентлигига юборади. Шунга асосан ишчилар танлаб юборилади.

BBC
Turkiyada kamida 3 yildan beri yashab kelayotgan O‘zbekiston fuqarolariga ishlash uchun ruxsatnoma berilishi bo‘yicha kelishuvga erishilgan.
BBC.COM/UZBEK
Batafsil o'qing

Эркаклар аёллардан кўпроқ

O'zbekiston bozorida

Миллий статистика қўмитасининг билдиришича, Ўзбекистонда 2026 1- январ ҳолатига кўра эркаклар сони аёллар сонига қараганда кўпроқ.

Ўзбекистон аҳолиси сони 38 млн 236,7 минг кишига етган бўлиб, аёллар аҳоли сонинг 49,6% ни ташкил қилади. Эркаклар эса бир оз кўпчилик - 50,4%.

Аҳолининг қишлоқ ва шаҳарда жойлашиши бўйича статистик маълумотларга кўра, шаҳар аҳолиси қишлоқ аҳолисидан бир оз кўпроқ.

19 млн 471,7 минг аҳоли шаҳарда, қишлоқда эса 18 млн 765,0 минг аҳоли яшайди.

Бир йил давомида 267,1 мингта никоҳ қайд этилган, ажримлар сони эса 46,9 мингтага етган.