Имомали Раҳмон қасамёд қабул қилди

Тожикистон пойтахти Душанбеда президентлик сайловида ғалаба қозонгани эълон қилинган Имомали Раҳмоннинг инаугурация маросими бўлиб ўтган.
16 ноябр куни Душанбедаги "Кўҳи Сомон" саройида Тожикистон юқори ва қуйи палаталарининг навбатдан ташқари қўшма сессияси ўтказилган.
Сессияда парламент ва ҳукумат аъзолари, Душанбе шаҳри фаоллари ва хорижий элчихоналар вакиллари қатнашган.
Тожикистон Марказий Сайлов комиссиясининг раиси Шермуҳаммад Шохиён Имомали Раҳмонни 6 ноябр куни ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонгани билан табриклаган.
Сўнг жаноб Шохиён жаноб Раҳмонга президентлик гувоҳномасини топширган.
Тожикистон Конституцион маҳкамаси раиси Маҳкам Маҳмудов қайта сайланган Президент Раҳмонга олтин, кумуш ва Тожикистоннинг қимматбаҳо тошлари билан безатилган президентлик ҳокимияти нишони ва "Тожикистон президенти юлдузи" орденини топширган.
Шундан кейин жаноб Раҳмон қасамёд қабул қилган.
Ўзининг инаугурация маросимида Президент Имомали Раҳмон Тожикистондаги муаммоларни ҳал этиш йўлида қўлидан келган ҳамма ишни қилишга ваъда берган.
Жаноб Раҳмон, хусусан Тожикистоннинг озиқ-овқат ва энергетика мустақиллигини таъминлаш йўлидаги амалларини давом эттиражагини айтган.
Президент Раҳмон мамлакатдаги қашшоқликни 2015 йилда 50 фоизга, жорий президентлиги якунланадиган 2020 йилда эса 20 фоизга пасайтиришга ваъда берган.
Яқин йилларда умумий қиймати 200 миллион доллардан зиёд баҳоланаётган саноат корхоналари барпо этилишини маълум қилган тўртинчи марта президентлик курсисини эгаллаган жаноб Раҳмон.
Шу йил 6 ноябрдаги сайловда Президент Имомали Раҳмон 84,23 фоиз овоз тўплагани хабар қилинган.
"Тожикистонда бўлиб ўтган президентлик сайлови тинч ўтди, бироқ номзодларни рўйхатга олиш жараёнидаги чекловлар натижасида ҳақиқий танлов ва плюрализм йўқ эди", дея баҳо берган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти нозирлари гуруҳи.
Ташкилот чиқарган хулосаларга кўра, Тожикистон президентлик сайлови халқаро андозаларга мос ўтмаган.
20 йилдан ортиқ Тожикистонни бошқараётган жаноб Раҳмоннинг 2006 йилдаги сайловда 79 фоиз овоз тўплагани хабар қилинган.












