Душанбе: Президент Раҳмон яна бир қариндошига мансаб берди

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон жияни Сирож Гулмуродовга мамлакатдаги йирик вилоятлардан бўлган Хатлоннинг солиқ хизмати бошқарувини топширган.

Бу Раҳмонга яқин одамнинг давлатнинг юқори лавозимини эгаллаши биринчи бор эмас.

Олдинроқ президент фармони билан 26 ёшли ўғли Рустам Раҳмон Тожикистон божхона қўмитаси раҳбарлигига тайинланган эди.

Бундан ташқари Эмомали Раҳмоннинг яна бир жияни Қўрғонтепа шаҳар ҳокими лавозимга қўйилган.

Президентнинг қизи Озода Раҳмон Ташқи Ишлар вазири ўринбосари саналади. Уни эри Жамолиддин Нуралиев эса Тожикистон Молия вазири ўринбосари лавозимида.

Рустам Раҳмон Тожикистон солиқ қўмитаси раҳбари.
Сурат тагсўзи, Рустам Раҳмон Тожикистон солиқ қўмитаси раҳбари.

Ҳукуматдаги 23 асосий вазифани эгаллаб турганларнинг 11 нафари Имомали Раҳмон туғилган Хатлондан, ва кўпчилиги айнан Данғара туманидан ҳисобланади.

Тожикистон мухолифати ва кузатувчилар мамлакатдаги бошқарув тизимлари бир оиланинг қўлида тобора кўпроқ тўпланётганидан хавотир билдиришади.

Ушбу ҳолат Тожикистондаги мухолифатнинг баъзи раҳбарларини ғазабини қўзғайди.

Тожикистонни 20 йилдан ортиқ бошқариб келаётган Имомали Раҳмоннинг аксарият мухолифлари мамлакатни тарк этишган ёки турли айбловлар билан қамоққа ташланган.

"Мамлакатнинг 50 фоиздан ортиқ иқтисодий имкониятлари ва объектлари биргина шу оилага қарашли", деб айтади Социал демократик партиянинг раҳбари Раҳматулла Зоиров. "Улар уни бошқариб, эгалик қилиб олишган. Бу жуда ҳам кўпдир".

Имомали Раҳмоннинг ашаддий танқидчиси Додожон Атоуллаев Тожикистонда ҳамма нарса бир оила манфаатларига хизмат қилаётганини айтади.

Ўтган йил президентнинг яна бир рақиби Зайд Саидов хизмат вазифасини суистеъмол қилиш, давлат маблағини ўзлаштиришда айбдор топилиб, 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Раҳмоннинг танқидчилари у ўз мухолифидан шу тариқа қутулмоқчи бўлганини таъкидлашади.

Бугун Имомали Раҳмоннинг суратини ҳамма ёқда, ҳатто гиламларда ҳам кўриш мумкин.
Сурат тагсўзи, Бугун Имомали Раҳмоннинг суратини ҳамма ёқда, ҳатто гиламларда ҳам кўриш мумкин.

Бир оила қудрати

Президент Раҳмоннинг тўққиз фарзанди бор. Аксарият тожиклар унинг ҳамма етти қизи ва икки ўғлини номма-ном санаб беришлари мумкин. Лекин улардан иккитаси айниқса машҳур - қизи Озода ва ўғли Рустам Имомали.

Оилада иккинчи фарзанд бўлган Озода ҳозирги мавқеи Ташқи Ишлар вазири ўринбосари лавозимига келгунча Тожикистоннинг Вашингтондаги элчихонасида маданий ишлар бўйича атташе бўлиб ишлаган.

Озоданинг турмуш ўртоғи Тожикистон Молия вазири ўринбосари Жамолиддин Нуралиев- айтишларича, мамлакатдаги энг бадавлат одамлардан биридир.

26 ёшли Рустам Душанбенинг Истиқлол футбол жамоаси собиқ ўйинчиси бўлган, айни пайтда Тожикистон божхона хизматида раҳбар, шунингдек Тожикистон Футбол федерацияси президенти ҳисобланади.

Кўп таҳлилчилар фикрича, Озарбайжонда Алиевлар оилавий бошқарувидан кейин, бу ерда яна тахминлар, миш-мишлар борки, Рустам 2020 йилги сайловларда отасининг меросхўри сифатида тайёрланмоқда.

Рахмоннинг бошқа қизларининг эрлари ҳам юқори лавозимларни эгаллашган.

Улардан бири Шамсулла Соҳибов, ҳозирги пайтда Тожикистоннинг Лондондаги атташеси. Бошқаси, Муҳаммадзоҳир Соҳибов мамлакатнинг чет эл билан савдо алоқаларига жавоб беради.

Оиланинг яна бир аъзоси, Тожикистонда тез-тез тилга олинадиган шахс президентнинг қайноғаси Ҳасан Ассадуллоҳзодадир.

У мамлакатдаги йирик банклардан бири, Тожикистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиладиган "Орионбанк"нинг хўжайини. "Орионбанк" мамлакатдаги катта корхоналарнинг ҳиссаларига эгалик қилади.

Президент тарафдорлари, жумладан кекса сиёсатчи Султон Мирзошоевнинг таъкидлашича, жаноб Раҳмон ишончли ва салоҳиятли инсонларни ўз атрофида бўлишини хоҳлаши бу табиий, уларнинг баъзилари президентнинг қариндошлари бўлиб чиққани аслида унча аҳамиятга эга эмас...

"Бизнинг президентимизнинг фарзандлари кўп ва танишлари ҳам кўп бўлиши табиий", деб айтади у Би-би-сига берган интервьюсида. "Сизнинг фикрингизча, улар президент оиласига мансуб бўлганликлари учун Тожикистонда ишлашлари мумкин эмасми? Албатта улар ишлашлари керак. Бундан ташқари улар боқиманда эмас, ҳаммалари ўқимишли ва тажрибали кишилар".

Бундан олдин ижтимоий тармоқларда президент ўғли Рустамнинг никоҳ тўйи маросимидан лавҳалар тарқалиб кетди.

Лавҳаларда президентнинг иштиёқ билан рақсга тушаётгани, қўл остидаги раҳбарлардан бирига муомаласи, қўшиқчи аёл билан бирга қўшиқ куйлаш каби тўйдаги баъзи ҳаракатлари ижтимоий тармоқларда киноя ва кулгига сабаб бўлди.

Кузатувчилар ҳам тезликда ҳукуматнинг расмий меҳмонлар саройида нишонланган саккиз соатлик дабдабали зиёфат Раҳмоннинг оддий тожикистонликлар учун жорий қилган катта пул сарфлашни тақиқлайдиган уч соатлик оддий маросимлардан катта фарқ қилишини кўрсатишга интилдилар.

Олмонияда яшаётган мухолифат фаоли Додожон Атоуллоев Раҳмоннинг ўғли тўйини ўзининг интернетдаги каналида таржима қилиб намойиш этди.

Бу лавҳалар берилгач, кўп ўтмай Атоуллаев Москва аэропортида қисқа муддатга ушланиб, сўнгра Гуржистонга сафарига рухсат берилмади. Атоуллаев бу воқеани тўй лавҳалари акс этган видеони жойлаганига нисбатан жавоб деб билади.

"Кейинроқ маълум бўлдики, Раҳмон тузуми менинг номимни Интерпол тармоғи бўйича террорист деб қидирувга берган экан", дейди у. "Мен айтмоқчи бўлганим, оилавий алоқаларга асосланган бу ҳукумат одамлар ҳақида қайғурмаслигини кўрсатиш эди. Улар Тожикистонни оилавий тижоратга айлантиришди".

Лекин мамлакат ичкарисидаги тожикларнинг жуда оз қисмигина бир оила қўлида тўпланган қудратга очиқ норозилик билдиришга тайёр.

Баъзилар бошқарувдаги оиланинг ҳукмронлиги қолдирадиган асоратлардан хавотирланади.

Мамлакатдаги коррупцияга қарши қонунчиликда раҳбар ходимларнинг ўз қариндошларига иш бериши, уларни атрофига тўплаши тақиқланади.

Нега, деб савол беради журъатли тожикистонликлар, президент ўзи чиқарган шахсий қонунларига амал қилмайдими?