Имомали Раҳмон: Озиқ овқат ва сувни ғамланг!

Сурат манбаси, httpwww.president.tjnode10589

Тожикистон Президенти халқини 2016 йил оғир келишидан огоҳлантириб, озиқ-овқатни ғамлаб қўйишни маслаҳат берган.

"Тожикистонликларни олдинда қурғоқчилик, сувсизлик ва ҳосил бўлмаслик кутмоқда. Шу боис кейинги йилларга ҳам етадиган сув ва озиқ-овқатни йиғиб қўйиш керак", деб айтган "Миллат пешвоси" Тожикистон Парламенти йиғилишида.

Парламент якунлари бўйича матбуотда эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, экинзорлар, боғ ва узумзорларни мўл-кўл қилиб суғориш ва яхшироқ маҳсулот олиш ҳосилсизлик йилларида асқотади.

Жаноб Раҳмон қишнинг қорсиз келгани ва кузнинг эрта бошлангани келгусидаги муаммоларни туғдиришидан огоҳлантиради.

Тожикистон Президенти бундан олдинги йилларда ҳам одамларни қийинчиликларга тайёр туришга, егуликларни имкон борича кўпроқ ғамлаб қўйишга даъват қилганди.

Сурат манбаси, httpwww.president.tj

Жумладан ўтган йил Имомали Раҳмон шундай деганди: "Мана биз неча йилдирки халқни икки йилга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларни ғамлаб қўйишни айтиб келамиз. Бу жуда муҳим. Айниқса, мамлакатда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳосили яхши бўлганда, бу имкониятдан ҳар бир оила фойдаланиши лозим".

Бу йилги йиғилишда у мамлакатнинг савдо ҳамкорларида валюта нархи беқарорлашиб тургани Тожикистон иқтисодига салбий таъсир қилгани, экспорт-импорт маҳсулотларнинг нархига таъсир қилаётганини алоҳида урғулаган.

Президент Раҳмоннинг бундай чиқишлари кўпайгани учун аҳоли охирги пайтларда унинг даъватини жиддий олмай, ҳазил сифатида қабул қилишга ўрганган.

Маҳаллий кузатувчилар эса, мамлакат раҳбари чақириғига қулоқ тутишнинг ўзи имконсизлигини, Тожикистонда бунинг учун ижтимоий-иқтисодий асосларнинг йўқлигини таъкидлашади.

Уларга кўра, аҳоли икки йилга озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлайдиган бўлса, сотиб олишга улкан молиявий заҳиралар лозим.

Кузатувчилар одамларда бундай пулнинг ўзи йўқлиги, мамлакат аҳолисининг ярмига яқини ночорликда ва ўзга юртларда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари юбораётган пуллар ҳисобига кун кечиришларини айтишади.

Тожикистон МДҲ давлатлари ичида энг қашшоқ саналади.

Мамлакат ЯИМ асосан четда, аксарияти Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ортга юборадиган пул маблағларига боғлиқ бўлиб қолган.

Мамлакат ичида эса Эмомали Раҳмонни миллат раҳбари сифатида улуғлаш авжига чиққан.

Ўтган йил Тожикистон парламенти “Тинчлик, миллий бирдамлик ва миллат раҳнамоси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллаб,

Имомали Раҳмонни “халоскор сифатида қилган тарихий вазифаси учун” миллат раҳнамоси, дея эълон қилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon