ТикТокда Россиядаги митингларга қарши пуллик постлар қаердан пайдо бўлди? Rossiya, Putin, dunyo, yangiliklar - видео

Россиядаги норозилик намойиши иштирокчисининг қўлга олиниши

Сурат манбаси, EPA

    • Author, Наталия Зотова
    • Role, Би-би-си
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

31 январ куни Россиянинг кўплаб шаҳарларида мухолифатчи Алексей Навальнийни озод қилиш талаби билан иккинчи марта кўп сонли норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Кузатувчиларга кўра, бутун Россия бўйлаб рухсат берилмаган намойишларда 5000 дан ортиқ иштирокчи ҳибсга олинган.

Пойтахт Москва шаҳри маркази тўсиб олинган, бир неча метро бекатлари ёпиб қўйилди. Шунга қарамасдан, намойишчилар марказда йиғилишга муваффақ бўлганлар.

23 январда ҳам Россиянинг кўплаб шаҳарларида Навальнийни дастаклаб одамлар наойишга чиқишган, улар Президент Путинга қарши шиорларни айтишган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Иккинчи норозилик намойишида кучишлатар тизимлари янада қаттиққўллик кўрсатганлар, протестни ташкиллаштирмаслик, оломоннинг бир жойда йиғилишига йўл қўймасликка ҳаракат қилганлар.

Аксар намойишчилар Навальний тарафдори бўлмаса-да, Президент Путин ҳукумати амалларидан норозилигини билдириш мақсадида кўчаларга чиққанларини айтганлар.

Алексей Навальнийнинг ҳибсга олиниши ва "Путин саройи" ҳақидаги хабарлар илгари сиёсатдан узоқ бўлган Россия "ТикТок"ида ўзгаришларга сабаб бўлди.

Мухолифат кўтараётган масалаларга қизиққан блогерларга турли ўртакашлар мурожаат қилишни бошлади - митингларда қатнашиш ва Навальнийнинг жиноий ишларига аралашиш хатарлари ҳақида гапиришлари эвазига тиктокерларга бир неча минг рубль таклиф қилинган.

Би-би-си Рус хизмати "сиёсий" пуллар тиктокерлар ўртасида қандай қилиб бўлиниш пайдо қилганини ўрганди.

скрин

Навальний тарафдорлари 23 январь куни намойишга чиқишга чақиришидан олдин Россиянинг "ТикТок"и зумда сиёсийлаштирилди. Геленджикдаги сарой, Навальнийнинг ҳибсга олиниши ва митинглар ҳақидаги видеолар ҳаттоки сиёсатга қизиқмайдиган фойдаланувчиларнинг ленталарини тўлдирди. Ўсмирлар акцияга қандай тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида маслаҳатлар бериш учун бир-бирлари билан беллаша бошладилар.

Ижтимоий тармоқларда ёшларнинг тўсатдан ўз норози кайфиятини ифодалай бошлаганига расмийлар блогерларни "сотиб олиш" орқали жавоб қайтарди.

Тўрт нафар ТикТок мутахассиси ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг Би-би-сига айтишича, 31 январь куни бўлиб ўтадиган навбатдаги митингдан олдин блогерларга Навальний ва митингларни танқид қилувчи пуллик видеолар тайёрлаш таклиф қилинган.

Блогерларга берилган техник топшириқлардан бирида бундай видео учун тўртта асосий мавзу кўрсатилган.

• Тажовузкор акцияларда қатнашгани учун ёшларга нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилиши мумкин

• Акцияларда қатнашишдан барибир фойда йўқ, бекорга сиз тергов изоляторига тушишингиз мумкин ва бу сизнинг келажагингизга таъсир қилади

• Нега Навальний ўтирибди - аслида унинг иккита жинояти учун жазо бор

• Навальнийнинг болалари Америкада тинчгина ўқияпти, рус ёшлари эса хатарли юришларда қатнашади. Нега шундай?

"Улар пул топади, аммо кўп эмас"

ТикТокда тижорий реклама одатий ҳолдир, шунинг учун блогерлар ўз томошабинлари сонини монетизация қилади. Октябрь ойида “Forbes” Россияда энг кўп пул топадиган ТикТокерлар рейтингини тузди.

Масалан, "Coca Cola", "Uber", "Сбербанк", "McDonald's", "Мегафон" ва бошқа йирик компанияларни реклама қилган Алексей Савко ойига 2 миллион рубль ишлаб топади.

Аммо миллионлаб обуначилари бўлган энг яхши тиктокерларгина жуда юқори даромад олиши мумкин, дейди Би Би Cига NÉRPA агентлигининг продюсери ва ижрочи директори Ренат Янбеков.

"Ўртача агентликлар ва ўртача блогерлар, масалан, 300 минг обуначиси борлар унчалик катта бўлмаган тўлов олади: ҳар бир пост учун 10-15-20 минг [рубль]", дейди Янбеков. "Яъни улар пул топади, лекин унча кўп эмас."

Илгари ижтимоий тармоқда кенг миқёсли сиёсий реклама йўқ эди. Эҳтимол, шунинг учун блогерлар ва томошабинлар дарҳол буюртма видео роликларга эътибор берди. Тиктокерлар ўзларига митингларга қарши видеоролик учун қанча минг рубль таклиф қилинганини айтиб, пулни олган "сотилганлар"ни масхара қилмоқда.

Блогерларнинг "Wildjam" номли катта реклама агентлиги раҳбари Ярослав Андреев агентлик тарғибот ва сиёсий реклама билан шуғулланмаганлиги ва Навальнийни "Instagram"да танқид қилувчи бир бирига ўхшаш постлар блогерларнинг ўз ташаббуси эканлигини айтди.

скрин

Кейинчалик "Wildjam" матбуот хизмати сиёсат тўғрисида пуллик постлар қўйган блогерлар билан ҳамкорлик тўхтатилганини эълон қилди. Бироқ компания аниқ исмларни келтирмади.

"Фикрларимни сотсам, солиқларим ўзимга қайтариб берилади"

"ТикТокдаги сиёсий реклама шунчаки ишламайди, тамом. Путин ёшлар орасида "ёмон одам" саналади ва одамлар уни қўллаб-қувватловчи видеоларни шунчаки ўтказворади", деб тушунтиради Би Би Cига тиктокер Пётр Тюрин. У хотини билан ҳажвий тикток @Likefam ни юритади. "Демак, бундан алгоритмлар видеороликни қизиқ эмас деб "хулоса қилади" ва уни катта аудиторияга кўрсатмайди. Навальний ҳақидаги ҳар қандай фикрни тинглаш қизиқ. Одамлар охиригача томоша қилмоқда, бу платформа учун қулай ва уларни кўрувчилар сони геометрик прогрессия бўйича ўсиб бормоқда."

Тюрин тиктокерлар фаол фойдаланадиган реклама биржасида "шошилинч буюртма" белгиси қўйилган эълонни кўриб қолди. Нимани реклама қилиш кераклигини аниқлаштирди: митингга бормасликни маслаҳат бериш ва Навальний аслида жиноятчи эканлигини айтиш.

Бунинг учун блогерга беш минг рубль таклиф қилинди. Нарх бозор нархидан паст, дейди блогер: реклама учун обуначилар сонини ҳисобга олган ҳолда, у камида етти минг ҳақ олади.

Блогер "Telegram"да ёзишган аккаунт "Ёшлар иттифоқи" деб номланади. Унга ҳаволаси юборилган техник топшириқда "Биз ёшлар билан ишлаш бўйича жамоат ташкилотимиз, биз ёшларни рухсат этилмаган ҳаракатларда қатнашишдан огоҳлантирмоқчимиз", деб ёзилган эди.

Пётрнинг фикрича, ТикТокда тўсатдан пайдо бўлган сиёсий видеолар ва тортишувлар уни анча иккилантириб қўйган: "Мен Путинга ҳам, Навальнийга ҳам тарафдор эмасман. Аммо мен блогерлигим учун тўлайдиган солиғимни, агар фикримни сотсам, ўзимга қайтариб беришмоқчи, жуда жаҳлим чиқди."

Пётр шу қадар ғазабландики, у 23 январь куни митингга боришга қарор қилди: у ердан ўзининг ТикТокида видео трансляция қилди, обуначиларига майдонда нима бўлаётганини ва у ерда кимлар йиғилганини айтиб берди.

"Улар бузилган"

ТикТокда сиз видеонгизни аллақачон мавжуд аудио трекка ёзишингиз мумкин: масалан, ижтимоий тармоқларда рақсга тушилган флеш-моблар пайдо бўлиши ва шу билан блогерлар битта мавзу атрофида контент қилишлари мумкин.

Буюртма роликларни "ТикТок" - сиёсат жойи эмас", деган товуш асосида топиш мумкин. "Бу ер рақсга тушиладиган жой, яхшилик қилиш учун озиқ-овқат бериш челленжи ўтказиладиган жой", деб давом эттиради бошқа бир блогер: булар худди шу сценарий бўйича қурилган бир хил турдаги ўнлаб видеолар...

Бошқалар эса худди шу товушга бундай постларни танқид қилиб ўзиникини ёзиши мумкин. "ТикТок сиёсат учун жой эмас. Бу ер сотиладиган блогерлар жойи", дейди тиктокер @Sirius_frost видеода. "Сизни сотадиганларнинг юзларини эсланг. Дўстлар ўлжага алмаштирилмайди".

Бошқа бир блогер гитара олиб, Кангининг "Айя" қўшиғи оҳангида сотиладиган блогерлар ҳақида куйлади: "Бу ер шунчаки йирик рақамли пулга ишора қиладиган бузуқ блогерлар жойи ва Кремль сизни унутмайди".

Оммага тарқалган "қўлланма"да пулли видеороликларга "инқилобсиз" ва "инқилобниистамайман" хештегларини қўйиш таклиф қилинган. Натижада, ушбу ҳештеглар орқали пуллик блогерларни фош этувчи видеолар пайдо бўлди.

"Шулар митингга чиқишга арзийдими? Жиноий жавобгарликка сабаб бўлади, сиз қамоққа тушишингиз мумкин", дейди 8 миллион обуначиси бўлган 16 ёшли блогер Катя Джин.

"Дўстларинг кўзига қарашга уяласан хали", "Упс, сотилган", "Кремль: +1000 рубль", деб изоҳ ёзишади унга ва ўша ерда кимдир 31 январь куни "юриш"га чақиради.

Би Би Cи Катя Джин ва унинг ёрдамчилари билан изоҳ олиш учун боғланди, аммо жавоб олмади.

Ушбу хештегдаги навбатдаги энг оммабоп видеода бир хил "темник" мазах қилинади: "Шулар митингга чиқишга арзийдими? Албатта йўқ, чунки сиз тергов изоляторига тушишингиз мумкин!" деб тиктокер @Ideniza тақлид қилади "Таниш матнми? Ҳа, айнан шу тарғибот матни учун блогерлар сизни сотади."

"Яъни, улар бузилган, дарҳол ҳақларини олишди, - дейди Пётр Тюрин сиёсий рекламаларни беришга рози бўлганлар ҳақида. - Ҳамма аллақачон билади, бу пулли видеолар, улар фош бўлди."

"Улар менга ўз қарашларимни тарғиб қилаётганимни айтишади, - дейди 1.5 миллион обуначиси бўлган блогер @Tololomo ўзининг ТикТокида. - Ахир мен блогерман, "ақли калталар" мени кузатади ва мен уларга таъсир ўтказаман."

скрин

Кейин бу қиз митингларнинг зарари тўғрисидаги "қўлланма" скриншотларини қўйди, унга ҳам таклиф бўлган экан, у гапини шундай хулосалайди: "Мен танлов эркинлигини сотишдан кўра, томошабинларга уни етказишни афзал кўраман". "Ic3peak" гуруҳининг "Энди ўлим йўқ" номли норозилик қўшиғи ва Алексей Навальнийнинг овози янграйди: "Бу ерда биз ҳокимиятмиз!"

"Ҳокимиятга бундай "ҳақиқатчиар" нега керак?"

Кремль ТикТок ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги ёшларнинг сиёсий фаоллиги кескин кўтарилаётганидан жуда хавотирда ва бунга жавобан шошилинч чора кўришга уринмоқда. Бу ҳақда Би-би-сига ушбу ишда иштирок этган, аммо расмий изоҳ бериш ваколатига эга бўлмаган икки суҳбатдош гапирди.

Би би сининг ҳар икки манбаси ҳукуматнинг ўзида ёшларнинг ижтимоий тармоқ экотизими бўйича мутахассислар йўқлиги муаммо эканини гапирди. Ва бир нечта мутахассис томонидан таклиф қилинган стратегиялар бир йилдан кўпроқ вақт давомида расмийлар томонидан рад этиб келинмоқда.

"У ерда ҳамма нарса шунчалик қолоқки, принципиал жиҳатдан ҳеч ким ТикТок нима эканлигини тушунмайди. Улар қандай ишлашини тушунмайдилар. Улар агар бир одамда 300 та обуначи бўлса, у ҳолда уни миллион одам кўриши мумкин эмас, деб исботлашга уринишмоқда", деб суҳбатдошлардан бири мисол келтиради.

"Барча платформаларда расмийлар қўпол ва бепарволик билан ҳаракат қилмоқда. Одамлар блогернинг контентига қўпол аралашувни умуман ёқтирмайди, бу усул масхара қилинади ва ишламайди: бунақа тарғиботдан сўнг ҳеч ким овоз беришга бормайди", дейди ТикТок продюсер Ренат Янбеков.

Аммо бошқа ижтимоий тармоқлар, масалан, "Instagram" ўзининг тузилишига кўра "буюртма" материал тарқатиш учун кўпроқ мос келади, дейди мутахассислар.

"Мен "Instagram"да таргетинг қилдим, изоҳларда ботлардан фойдаландим - ва сиз шу билан жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишингиз мумкин, - дейди Пётр Тюрин. - Аммо бу ерда ишламайди. ТикТок рекламалари қатъий рамкага эга, сиёсий постлар яратиб бўлмайди. Агар бот яратсангиз, тақиқ қўйилади. Демак, бу ҳали ҳам очиқ платформа. Аммо уни яшириш ҳам мумкин: ҳокимиятга бундай ҳақиқатни гапирувчи оғизлар нега керак?"

Ренат Янбеков, шунингдек, расмийлар интернет-трафикни сунъий чеклаши ёки ҳаттоки ўзларига содиқ бўлмаган платформаларни тўсиб қўйишидан қўрқади. Аммо "бу русларни ғазаблантиришнинг энг яхши усули, ТикТок билан тўқнашув - хато", дейди у.

Мақолани ёзишда Пётр Козлов кўмаклашган