Кремлга хизмат қилаётган троллар армияси

Трол!
Сурат тагсўзи, Трол!

Сўнгги йилларда Россияда кремлпараст троллар ( интернет фитнакорлари) сони сезиларли ошган.

Бу каби «блогер»ларга Россия ҳукумати мўмайгина тўлаши ҳақида айтилади.

Уларнинг асосий вазифаси ижтимоий тармоқларда Украина ва Ғарб давлатларини сўкиш, Кремлдаги ҳукуматни мақташдан иборат.

Санкт-Петербургдаги «Интернет тадқиқотлари агентлиги»да камида 400 киши ишлайди.

Шаҳар чеккасидаги бу агентлик идораси алоҳида ажралиб турмайди, аммо маҳаллий "Мой район" газетасига кўра, айнан шу ерга «кремлпараст троллар» ин қуриб олишган.

Бу агентликни айримлар Путиннинг «ошпази» деб атайдиган Евгений Пригожин билан боғлашади.

У гўё блогерларга ҳақ тўлаб туради.

Блогерлар эса ўз навбатида дунёнинг илғор ахборот агентликлари саҳифаларида «ўз фикрларини» қолдиришади.

Уларнинг Twitter, Livejournal ва бошқа ижтимоий тармоқларда кўплаб ҳисоблари бор.

" Мен шу нашрда ишлайдиганлар ёзган мақолаларга 126 та изоҳ ёзишим керак, яна 25 изоҳ ҳақиқий фойдаланувчиларнинг ёзганларига бағишланади…Яна мен 10 та хабар ҳам ёзишим керак эди», дейди мана шу агентликнинг собиқ ходими Антон.

Троллар эса…ўзларини айрим ҳолатларда уй бекалари, баъзида эса «ҳафсаласи пир бўлган америка фуқароси» деб таништирганлар.

Трол эканларини яшириш учун эса улар нафақат сиёсий, балки айрим пайт саёҳатлар ва овқат пишириш каби бошқа мавзуларда ҳам ёзиб туришган…

"Менинг исмим Татяна, мен жуда хушмуомала ва дўстсевар аёлман, дунёда нималар бўлаётгани билан қизиқаман, санъатни, кинони ва саёҳатни севаман…» деб ёзган "tuyqer898" ники билан танилган шахс ўз блогида…

Аммо Новая газетанинг кремлпараст троллари рўйхатида…мана шу саёҳатсевар Татянанинг ҳам номи чиқиб қолди.

Фитнакорларга фитна буйруқлари

Тролларга Борис Немцовнинг номини булғаш буйруғи ҳам берилган

Сурат манбаси, Getty

Сурат тагсўзи, Тролларга Борис Немцовнинг номини булғаш буйруғи ҳам берилган

Тролларга «техник вазифалар» берилади, масалан, ўлдириб кетилган Борис Немцовни таҳқирлаш ҳақида…

Ёки уларга Россия раҳбарларини мақташ ҳақида буйруқ келади.

Ана энди маълумотларга ишонилса, бу агентликда ишлайдиган ходимларга аниқ-тиниқ қилиб вазифа берилган, яъни улар қолдирадиган хабарлар 700 белгидан оз бўлмаслиги, тунда ишлайдиганлар эса камида 1000 белгилик хабар ёзишлари шарт бўлган.

Махсус калит сўзлар албатта бу хабарлардан жой олиши керак бўлган.

Улар қаторида, масалан, Россия мухолифати, Украина, Ғарб билан муносабатлар алоҳида ўрин эгаллаган.

"Радио Свобода" билан суҳбатда шу агентликнинг собиқ ходимаси Лена «техник вазифалар»га доир масалани бир қадар очиқлайди.

Унга кўра, мухолифат марши арафасида Немцовнинг ўлими унинг ҳаммаслакларига керак бўлган деган қараш илгари сурилган.

Айнан мана шу қараш билан топшириқ олган троллар бир хабар остида юзлаб изоҳлар қолдиришади.

Шаклан ҳар хил, аммо мазмунан бир хил бу қарашларда ўша берилган «топшириқ» бажарилади.

Пётр Померанцев фикрича, Кремл ахборот фазосини назорат қилишга ожиз, аммо уни яхшигина ифлослантириши мумкин.

Аммо айрим экспертларга кўра, Кремлга троллар армияси керак эмас.

Чунки Россияда жамоатчиликнинг фикрини интертет эмас, телевизион ўзгартиради.

Аммо таниқли журналист Пётр Померанцевнинг айтишича, тролларнинг мақсади одамларни нимагадир ишонтириш эмас, балки уларни бутунлай чалкаштириб қўйишдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02