Covid-19 пулларини ўғирлаётган чиябўрилар барака топмайди Koronavirus

Таниш жумла, шундай эмасми?
Коронавирус деган бало бутун дунёда инсонларни, ҳукуматларни оғир аҳволга солиб қўйди, одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун миллионлаб, миллардлаб долларлар ажратилди ва яна ажратилмоқда.
Аммо дори-дармон, сунъий нафас аппарати ва Covid-19 га қарши курашда зарур бошқа мақсадларга мўлжалланган маблағлар талон-тарож қилинмоқда, одамларнинг мусибатидан бойлик орттиришдан ҳазар қилмаган, дини-диёнати йўқ жиноятчилар қўлга тушиб ҳам улгурдилар.
Бундай инсонларни Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса чиябўрилар деб атади, коронавирусга ажратилган маблағларни ўзлаштирганларга топган пуллари юқмаслигидан огоҳлантирди.
"Рамафоса Covid-19 жамғармасини ўғирлаётган чиябўриларни огоҳлантирди", деб ёзди BBC News.
Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса коронавирус пандемиясига қарши курашга мўлжалланган жамоат жамғармаларидан даромад қилаётган "чиябўрилар"га шафқатсиз чоралар кўрилишидан огоҳлантирди, дейилади мақолада.
Президент Рамафосанинг чақиб олувчи чақириғи унинг ҳафталик ахборот бюллетенида янгради ва у давлат тендерларини қўлга киритган давлат расмий мулозимлари, етказиб берган коронавирус муҳофаза жиҳозлари нархини ошириб юборган бизнесменлар, кўмакка муҳтож одамларга тарқатилсин деб берилган озиқ-овқат маҳсулотларини жамғариб қўяётган маҳаллий ҳокимларга қаратилган.

Сурат манбаси, Reuters
"Одамларимиз умрига зомин бўлаётган мусибатдан даромад топишга ҳаракат қилиш ўлаксахўрларнинг иши. Бу худди жароҳатланган ўлжаси атрофида айланаётган чиябўрилар тўдасига ўхшайди", деган Президент Рамафоса.
"Биз инсофсиз шахслар ва компанияларнинг ўғирликларига гувоҳ бўлмоқдамиз", деб айтган ЖАР президенти.
Мухбирларга кўра, ўтган ҳафта Президент Рамафосанинг матбуот котибаси омма кўзига кўринмаган.
Аёлнинг ўз ҳисобидан таътил олгани айтилган.
Бундан олдин матбуот котибаси эрининг Гаутенг вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тендерига алоқадорлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган.
Эр-хотин қонунга зид ишга қўл урганларини рад этганлар.
Жанубий Африка президенти Covid-19 пулларини ноқонуний ўзлаштиришда айбдор деб топилганларга нисбатан шафқатсиз чора кўриш билан огоҳлантирган.
"Бу инқироздан бойиб қоламан деб қонунни бузаётганлар, ким бўлиши ва кимга боғланган бўлишидан қатъи назар, билиб қўйсинларки, топган ўлжаси завқини тотмайди, барака топмайди", деган Президент Рамафоса.
Жанубий Африка қитъадаги коронавирус тарқалиши энг кўп мамлакатлардан бири бўлмоқда, у ерда касалланганларнинг сони ярим миллиондан ошди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















