Ўзбекистон: Бухоро ҳокимлиги 5 баробар қиммат кислород аппаратларини қаердан олди? - Сотувчи ҳали сотмаганини айтмоқда

Сурат манбаси, Buxoro hokimligi
Бухоро вилояти ҳокимлиги кислород жиҳозларини гўёки 5 баробар қиммат сотиб олгани кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳокимлик танқидлардан сўнг арзон ускуна сотиб олишга шайлигини айтди. Бироқ ҳокимлик кислород концентраторларини қандай шартлар асосида сотиб олгани ҳақидаги саволлардан қочмоқда. Сотувчи эса аппаратлар ҳали етиб келмаганини айтмоқда.
«Дарё» нашри Бухоро вилоят ҳокимлиги кислород таъминотини яхшилаш мақсадида вилоятдаги тиббиёт муассасалари учун ҳар бири 12 миллион сўм турувчи 50 дона тиббиёт концентратори сотиб олингани ҳақида хабар берди.
Ҳокимлик кислород концентраторларини кимдан сотиб олди?
Gazeta.uz нашри давлат харидлари сайтидаги маълумотларга таяниб ҳокимлик соғлиқни сақлаш бошқармаси 50 та концентраторни тўғридан-тўғри бюджет харидлари доирасида сотиб олганлигини аниқлаган.

Сурат манбаси, Gazeta.uz
"Ускуналарни сотиб олиш бўйича Vigour Export компанияси билан 22 июль куни шартнома имзоланган. Шартнома суммаси 505,8 млн сўмни ташкил этади (битта концентратор учун 10,1 млн сўм)", дейилади хабарда.
Ҳар бир концентраторга «Дарё» нашридаги хабардан қарийб 2 миллион сўм фарқ қилаётганини кўриш мумкин.
Эътиборли томони Vigour Export компанияси вакили «Газета.uz» мухбири билан телефон орқали суҳбатда, концентраторлар Ўзбекистонга ҳали олиб келинмаганлигини таъкидлаган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Вакил бунинг сабаби сифатида товарлар фақат 15 иш куни ичида етказиб берилишини айтди. Шу билан бирга, у фотосуратда кўрсатилган концентратор моделларини унинг компанияси томонидан сотиб олинганлиги ҳақидаги маълумотни рад ҳам этган.
«Бизнинг ускуналаримиз янада кучлироқ ва янги модификацияга эга. Фотосуратдаги ушбу қурилмани биз етказиб бермаганмиз… Бу қурилма ва бизнинг қурилма ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Бизникида имкониятлар кўпроқ», — деган у Gazeta.uz нашри мухбирига.
Давлат харидлари сайти орқали олинган кислород концентраторлари ҳали етиб келмаган бўлса, ва у ҳокимлик намойиш қилган суратлардаги ускунадан осмон билан ерча фарқ қилса Бухоро ҳокимлиги ҳар бири 12 миллион сўмлик ускуналарни қаердан олган.

Сурат манбаси, Screenshot
Улар ростдан ҳам 50 донами, ушбу концентраторлар учун 12 миллион сўмдан пул кимга тўланди каби саволлар очиқ қолмоқда.
Бухоро вилоят ҳокимининг ўринбосари Мирали Ҳамроев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан олиб борилаётган ишларга асоссиз хулоса берилаётганини қоралашини билдирган.
Дарё нашрининг ёзишича, ҳоким ўринбосари арзон нархдаги тиббиёт ускуналарини сотиб олишга шайлигини билдирган.
«Бухорода даволаш-профилактика ишларини тубдан яхшилашга эътибор кучайтирилаётган экан, демак мавжуд тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун таклиф этилган арзон нархдаги тиббиёт ускуналарини харид қилишга шаймиз», деган Мирали Ҳамроев.
«Бухоро дори-дармон» МЧЖ масъуллари эса 320 долларга таклиф қилинаётган кислород концентраторлари тиббиётга мослаштирилмаган бўлиши мумкинлигини айтган.
Бироқ масъуллар ушбу ускуналарнинг қандай шартлар билан олингани, ўртада қайси ширкат тургани ва концентраторларнинг нархидан бошқа қандай афзалликлари борлиги борасида ҳеч нарса демаган.
Ускуналарнинг ҳар бири қарийб 1176 доллардан олиниши ижтимоий тармоқдагиларнинг эътиборини тортди.
"Шу Dynmed компаниясининг кислород концентраторлари Алибабада 320 доллардан таклиф этилмоқда, агар 100тадан ортиқ миқдорда олинса, 220 доллардан. Ўзлаштириш даражасини тасаввур этаяпсизми: 3-5 баробаргача. Бунақа ишлар учун нормал давлатда шу заҳотиёқ иш очилади. Буюртмачидан тортиб, ўртада турганларгача", деб ёзади Telegramдаги Bakiroo канали.
Troll.uz канали муштарийси шунга ўхшаш концентратни олиб келиш 288 долларга тушишини ёзди.
«Обуначимиз ҳам 30 дона сотиб олибди. $242 дан тушибди. Ўзбекистонгача олиб келиш $288 га айланади, контейнерда эса ундан ҳам арзон», деб ёзади Troll.uz.
Би-би-си Alibaba сайтини текширди. У ерда Бухоро ҳокимлиги сотиб олган Dynmed фирмаси кислород концентратлари ростдан ҳам энг қиммат нархда 320 доллардан сотилмоқда. 100 тадан кўп олинадиган бўлса, ушбу аппаратларни 220 доллардан олиш мумкин.
Бухоро ҳокимлиги 50 та аппаратга 600 миллион сўм ёки 58765 доллар сарфлаган.
Йўлкира ва божхона харажатларини ҳисобламаганда ҳокимлик сотиб олган суммага 267 та аппарат сотиб олиш мумкин эди.
Би-би-си Бухоро вилоят ҳокимлигининг матбуот котиби Олим Жўраевга боғлана олмади.
ЎзАнинг яқинда тайинланган директор ўринбосари Хушнудбек Худайбердиев маҳсулот 5 баробар қимматга сотиб олингани тўғрисидаги иддаоларни сафсата деди.

Сурат манбаси, Twitter
"Кўпчилик ўйлаётгандай $220 лик маҳсулотни 5 баробар қимматига сотиб олишмаган. Бу сафсата!
Боз устига исталган маҳсулот доим пул ўтказиш йўли билан сотиб олинганда, қимматроқ нарх айтилади.
Муаммонинг барчаси нафси ҳакалак отганларда эмас, давлат харидлари тизимида ҳам гап кўп", деган ЎзА Бош директори ўринбосари Twitter саҳифасида.
Унга эътироз билдирганлардан бири Alibaba сайтига кириб нархларни солиштиргани, харажатлар билан ҳисоблаганда маҳсулот 5 баробар қиммат бўлиб кетмаслиги кераклигини таъкидлаган.
"Алибабага кириб кўрдим ўнлаб вариантлар бор нархлар деярли бир хил, тўғри солиқлар харажатлар бор уларни умумий маҳсулотни 50% гача ташкил қилиши хам бор гап лекин 4 баробар қиммат бўлиши учун ўғирлаш керак.
Ўғирлиги касрига одамлар ўлябди ва ўлади, уларга шерик бўлманг", деб ёзади @Behzod__
Эътирозлардан сўнг Хушнудбек Худайбердиев пул ўзлаштиришни ҳам истисно қилмаётганини, кутса бўлишини айтиб ўтган.
Мингдан ортиқ нисбатан арзон кислород концентратори Ўзбекистонга киришда нега тўсиққа учраяпти?
Ижтимоий тармоқдагилар давлат буюртмаси қоғозбозлик ва бозор нархларидан анча қиммат юришини айтиб бу ишларни хусусий ширкатларга топшириш кераклигини билдиришган.
Бироқ Хитойдан катта миқдорда кислород жиҳозларини олиб келмоқчи бўлган тадбиркорлар бюрократик тўсиқлар ҳамон ечилмаганидан шикоят қилган.
Troll.uz саҳифаси бир гуруҳ тадбиркорлар номидан
Жалолиддин Саъдинов дуч келган муаммоларни чоп қилди.
"1000 дона кислород концентраторларини олиб келишга тайёр бўлган бир гуруҳ тадбиркорлар ва кўнгилли одамлар сўзларига қараганда давлат томонидан бериладиган ёрдам фақат айтиляпти, амалда қўлланилмаяпти.
Тўғри, энди сертификат талаб қилинмаяпти, аммо НДС (ҚҚС) ҳали ҳам бор. Ускуналарни олиб келиш учун бепул рейс ажратилади дейилди, лекин ажратилмади. Шу сабабли биз 2 ҳафта вақтни бой бердик. Фонд ажратилди деб эшитдик, конкрет қанақа фонд у, қаерда улар? Комиссия ҳам бор экан, у нима билан шуғулланяпти?", деган саволларни берган Саъдинов
Тадбиркор йўлнинг бепул вариантини жорий қилинса, ҚҚСни олиб ташланса, улар камида 1000та концентратор ва пульсоксиметр олиб келишга тайёрлигини билдирган.
Тадбиркорлар ушбу жиҳозларни ўз нархида сотишга тайёрлигини айтишган.
«Ҳозирча биз нақд товари бор заводдан $280 лик ускуна топдик. Агар унга ҳозиргидек самолётда олиб келиш учун 100$, ҚҚС 15% тўласак нарх 400$ дан ошиб кетяпти», деган Саъдинов.
Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб келиш учун махсус самолёт ажратиш ҳақида кўрсатма берганди.
«Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди», — дейилади расмий ахборотда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












