Ўзбекистон, Бухоро, Фарғона: Ҳокимлар вазирга қулоқ солмаяпти, мажбурлаб ишлатиш давом этмоқда

Сурат манбаси, Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев одамларни ҳашар кўринишида мажбурий меҳнатга олиб чиқилишини кескин қоралаган бўлса-да, айрим жойларда минглаб одамлар ҳамон касбига алоқадор бўлмаган ишларни ихтиёрий-мажбурий равишда қилишга тўғри келмоқда.
Бухоро ва Фарғона вилоятларида 2 август куни ҳам бюджет ходимлари қабристонни ободонлаштириш ёки Риштонни обод қилишга мажбуран олиб чиқилганлиги айтилмоқда.
"Йўлда кетаётганда, келаётганда кўрдим ишлашяпти одамлар. Улар йўлни таъмирлашяпти. Йўл четига юпқа бетон девор ўрнатишяпти. Ўтган куни аёллар билан гаплашганимда, савоб учун келяпмиз. Давлатдан ойлигимизни беришадию, бунинг учун алоҳида пул берилмаяпти, дейишди", дейди Риштондан ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳодир Элибоев.
Элибоевнинг айтишича, Риштонга қўшни туманлардаги бюджет ташкилотларида ишловчилар махсус ташкиллаштирилган автобусларда олиб келинмоқда.
Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Абдусалом Сиддиқов Би-би-сига аҳоли мажбуран ишлашга олиб чиқилмаётгании айтди.
Телеграм орқали батафсил жавоб беришини айтган Сиддиқов бошқа саволларимизни очиқ қолдирди.
Бироқ Фарғоналик бюджет ташкилотида ишлайдиганлар ҳокимият уларга нисбатан қулдек муносабат қилаётгании айтмоқда.
"Соат 5:00 га ҳокимиятларга тўплаб, қул сингари автобусларга солиб жўнатишмоқда. Ундан ташқари соат 17:00 га қадар ишлаганинг етмасдан, иккинчи сменага ҳам одам қолади, деб ишлатишяпти. Бу раҳбарларга биров бирор чора қора оладими ўзи? Риштон биринчиси эмас", деган Муҳрим каналининг ўқувчиси.
Фарғонадаги электр тармоқлари корхонасида ишчиси дам олиш кунлари мажбурий меҳнатга жалб қилинганини айтган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Ҳафтанинг беш кунида ўз ишларини сидқидилдан бажарган электр тармоқлари корхонаси, «Сувоқова», райгаз, ободонлаштириш, йўл бўлими ходимларига дам бериш ўрнига, 27-28 июль кунлари ихтиёрий ҳашар деб мажбурлаб ишлатишди. Шанба куни эрталаб ҳаммани тўплаб, бир форма кийган инсон: «Бу мажбурлаб ишлатиш эмас, кўнгилли тарзда», дейди, ахир ташкилот раҳбарлари ходимларни эрталаб ухлаб ётган жойидан ҳам олиб боришди".
Troll.uz саҳифасини юритувчи Умид Гафуров Бухорода Ҳазрати имом қабристонини ободонлаштириш учун бюджет ташкилоти ходимлари мажбурланётганини айтмоқда.
У эълон қилган видеода Бухоро вилоят Хотин-қизлар қўмитаси ходими Баҳромжон Эсоновнинг барча мутахассиларни тонгги еттидан "Ҳазрати имом" қабристони ишларида фаол иштирок этиш шартлиги ҳақида ёзган хабари кўрсатилди.
"Бюджет ташкилотлари бюджет ташкилотларида ишлаши керак. Қабристонда юриши керак эмас. Кўча тозалаб, супириб, мактабларни ремонт қилиб, ариқларни бетон қилиб юриши керак эмас. Менга келган хабарга кўра, эрталаб соат еттида қабристонга келиб ободонлаштириш ишларида қатнашиши шарт деган хабарни Баҳромжон Эсанов берган. Лекин Эсанов хотин-қизлар қўмитасида оддий ишчи. Хотин қизлар қўмитасига ким буйруқ беради", дейди Умид Гафуров ўз мурожаатида.
Гафуровнинг айтишича, бир ойдан бери бюджет ташкилоти ишчилари қабристонда ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилинмоқда.
Унга кўра, ободонлаштириш хизматида ишлайдиган ходимлар билан бир қаторда поликлиника, мактаб, боғча, интернат, маҳалла комитетлари, аскарлар шу ишлар билан банд.
Айрим банклар эса, ҳашарчиларнинг тушлиги учун мажбурий равишда 3 миллион сўмдан пул ўтказиб берганлиги айтилмоқда.
Бухоро вилоят ҳокимиятининг матбуот котиби Олимжон Жўраев Би-би-сига бюджет ходимларининг қабристондаги ишларга жалб қилингани ва банк ходимларининг пул ўтказганини рад қилди.
"Ҳеч қанақанги бюджетниклар олиб чиқилмаган. У ерга чиқаётган аёлларнинг сурати берилган. Бу ким унда деган савол туғилиши мумкин. Ободонлаштириш бошқармаси ва меҳнат бошқармасида жамоатчилик асосида ҳақ тўланиб ишлатилади. Ўз ихтиёри билан жамоатчилик жамғармасига аъзо бўлган улар. Маҳалла бўладиган бўлса, қабристонда тозалаш ишлари олиб борилишидан олдин, йиғилиш ўтказилиб айтилган. Шу ерда ободонлаштириш ишларини бошлаяпмиз. Шу ерда кимнингдир бобоси ётибди, кимнингдир қариндоши ётибди. Шунга биргалашиб тозалаш ишларига ҳаракат қилайлик, деган мазмунда. Лекин фалончини олиб чиқинг, олиб келинг деган нарса айтилмаган", дейди Олимжон Жўраев.
Блогер Умид Гафуровнинг таъкидлашича, одамлар ишини йўқотиб қўйишдан қўрққани учун ҳам мажбурий меҳнат борасида миқ этолмаяпти.
"Мани ойим, шу жазирама иссиқда қабристонга бориб ишлаб келган эканлар. Мен билмаган эдим. Буни интернетда чиқараман, судга берамиз, десам. Ойим айтаяптиларки, нима қиласан болам, керак эмас, ўзимизга муаммо қилма, деб айтаяптилар. Мани ойим қўрқаяптилар. Худди шунга ўхшаб сизлар ҳам қўрқасизлар. Ишалрингизни йўқотишдан қўрқасизлар", дея юзланади у мажбурий меҳнатга жалб қилинганларга қарата.
Видеомурожаатдан сўнг блогернинг онаси ҳкоимятга чақиртирилган ва мажбурий меҳнатга жалб қилинмадим, деб тушунтириш хати ёзиб беришга мажбурлашмоқчи бўлишган.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг олдини олиш борасида анча ишлар қилингани айтилади.
Бироқ айрим жойларда ҳамон ҳашар ёки бошқа номлар остида бюджет ташкилотларининг касбига алоқаси бўлмаган ишларга мажбурланиши давом этмоқда.
Фарғонада одамларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши борасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги махсус баёнот билан чиқди.
"Бундай тадбирнинг ўтказилиши меҳнат қонунчилигини тўғридан-тўғри бузиш бўлиб, одамларни оммавий равишда меҳнатга мажбурлаш ҳисобланади", - дейилади вазирлик хабарида.
1 август куни эса вазир Шерзод Кудбиев яна бир бор бу мавзуда гапирган.
Кудбиев ишдан бўшатиш, маошини камайтириш, мукофотдан маҳрум қилиш, лавозими оширилишига тўсқинлик қилиш каби таҳдидларни мажбурлашга мисол сифатида келтирган.
"Мен вазир сифатида хорижий ҳамкасбларим олдида айтаман: ҳашар - Ўзбекистоннинг келажаги эмас, ҳукуматнинг сиёсати ҳам эмас. Бизга одамлар қатнашишга мажбурланадиган бундай ҳашарлар керак эмас", - деди вазир.
Унинг айтишича, ҳашар фақат президент фармони ёки ҳукуматнинг қарори билан ўтказилади. «Одатда Ўзбекистонда йилига икки марта: Наврўз ва Мустақиллик куни олдидан ҳашар уюштирилади. Бошқа вақтда ҳашар ўтказилмайди», - дея Кудбиевдан иқтибос келтирмоқда минбар.уз сайти.
Бироқ мажбурий меҳнат кенг тарқалган бўлса-да, уларни жалб қилаётган ҳоким ва мансабдорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмаётгани танқид остига олинмоқда.
"Энди ҳурматли Бандлик ва меҳнат вазири, умуман вазирлик. Ариқларни бетонлаш ҳақида хабар чиққан эди. Мактабларда ремон қилиш бўйича хабар чиққан эди, қурилиш ишларида банд бўлган ўқитувчилар ҳақида хабар чиққан эди, кўчаларни супириш бўйича хабарлар чиққан эди. Энг олий жазоларингиз ҳайфсан ёки шу ҳоким(лик) ё халқ таълими бошқармасидаги қанақадир бир ишчи ишдан кетади. Бўлди, муаммо ҳал. Бу қанақа ечим?", дейди Умид Гафуров.
Блогер қонунни бузган бу каби ҳокимларни ишдан олиш кераклигини таъкидлаган.
Бандлик ва меҳнат вазири Шерзод Кубдиев яқинда мажбурий меҳнатга алоқадор ишлар жиноий жавобгарликка тортилиши жорий қилиниши кутилаётганини айтган.
"Айни шу вақтда мажбурий меҳнат содир этилса, унга биз энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари билан жазо тайинлаймиз, холос. Бу 600 минг сўмга тенг", деган Кудбиев.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиш чора-тадбирларини янада кучайтириш мақсадида меҳнат ҳуқуқ инспекторлари сонини икки баробарга ошириш маълум қилинди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












