Ўзбекистон: Ҳукумат иқтисодиётни шиддат билан, лекин уқувсизларча қайта қурмоқдами?

Навоий Эркин иқтисодий зонаси

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ҳукумати Навоий Эркин иқтисодий зонаси сингари лойиҳалар билан хорижлик сармоядорларни жалб этишга ҳаракат қилмоқда.

The Economist нашрида Ўзбекистонда юз бераётган иқтисодий ўзгаришларга бағишланган мақола эълон қилинди. Мақолада ҳукумат иқтисодиётни шиддат билан қайта қураётгани, аммо бу йўлда унга тажриба етишмаётгани айтилади.

The Economist

Сурат манбаси, The Economist

Ўзбекистон Ислом Каримов вафотидан сўнг ўтган йиллар ичида хорижлик сайёҳлар, консультантлар ва ўй-хаёли фойда олиш билан банд бўлган инвесторларга тўлиб-тошгани тасвирланган мақолада Президент Шавкат Мирзиёев марҳум биринчи президентни очиқ танқид қилмасада, ундан қолган меросдан воз кечаётгани ҳақида сўз боради.

"Қўшни Қозоғистон капитализмга қучоқ очиб, хорижий инвестицияни жалб қилган бир вақтда, собиқ марказий режаловчи бўлган Каримов Ўзбекистон иқтисодиётини ёпиқ ҳолда ва давлат назорати остида сақлади", таъкидланади нуфузли The Economist нашри эълон қилган мақолада.

"Хусусий сектор чакана савдо ва бошқа хизматлар билан чеклаб қўйилган эди. Валюта ва капиталнинг назорат этилиши нафақат доллар, балки ҳар қандай кўринишдаги нақд пул тақчиллигига олиб келди. Коррупцияга ботган амалдорлар давлат билан барча алоқаларни мустаҳкамлаб, ҳар нарсага чангал солган эди. Икки миллионга яқин ўзбек Россияга иш излаб кетган, ҳукумат эса ўзини табиий газ ва мажбурий меҳнат асосида йиғиб олинувчи пахта экспорти орқали молиявий таъминлар эди. Ҳамма нарса хавфсизлик хизматлари назорати остида эди".

Мақолада Президент Мирзиёев ўтган қарийб уч йил ичида қудратли хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовни ишдан четлатиши ортидан бизнес соҳаси енгил тин ола бошлагани айтилади.

Навоий Эркин иқтисодий зонаси

Сурат манбаси, BBC uzbek

Бундан ташқари, валюта-капитал назоратининг катта қисмидан воз кечилгани, мажбурий меҳнатга кескин равишда деярли чек қўйилгани ва чегаралар очилгани тилга олиб ўтилади.

"Биз 20 йил йўқотдик ва бой берилганлар ўрнини тўлдириш учун ҳали кўп иш қилишимиз керак", дея Иқтисодиёт вазири ўринбосари Равшан Ғуломов сўзларидан иқтибос келтирилади.

Мақолада қайд этилишича, ўтган йил давомида рўйхатга олинган бизнеслар сони икки баробар ошган, хорижий инвестиция тўрт марта кўпайган, лекин унинг ўсиш даражаси яқинда тушиб кетган.

Сўзлари келтирилган Молия вазири Жамшид Қўчқоровга кўра, иқтисодиётда шу пайтга қадар амалга оширилган ўзгаришлар оддий халқ орасида кўп тилга олинган масалалар асосида бўлганидан у қадар қаршиликка учрамаган. Бироқ коммунал хизматлар нархини ошириш, давлат корхоналарини рационализация қилиш ва хусусийлаштириш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ихтилофларга сабаб бўлиши мумкин, огоҳлантиради жаноб Қўчқоров.

Мақолада мамлакатда мавжуд суғориладиган ерларнинг катта қисми пахта ва буғдой учун ажратилгани иқтисодий ва экологик жиҳатдан оқилона қарор эмаслиги таъкидланади.

"Ҳар икки экин ҳам кўп сув талаб этади, аммо кам фойда келтиради", ёзилади мақолада.

"Бир гектар пахта атиги икки иш ўрни яратади, холос. Бир гектар помидор эса 20 иш ўрни беради, бу яна маҳсулотни сақлаш ва ташишдан олдинги рақам", деган сўзлари келтирилади жаноб Ғуломовнинг.

Шунингдек, ҳукумат пахта етиштирувчи фермерларга субсидия ажратишни деярли бекор қилгани, пахта толасини экспорт қилиш ўрнига маҳаллий текстиль саноатини ривожлантиришга эътибор қаратаётгани ҳам қайд этилади.

"Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ўн йил аввалги $100 миллиондан ўтган йили $1.9 миллиардга етди. Ҳукумат 2025 йилга қадар $7 миллиардлик кўрсаткичга етиб олишни умид қилмоқда", маълум қилинади мақолада.

Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек дипломатларини хорижий инвестиция жалб этишга сафарбар қилгани ҳам эътибордан четда қолмаган.

"Улар ислоҳотларни биз имконли, дея ўйлаганимизданда тезроқ амалга оширмоқда," сўзлари келтирилади бир ғарблик дипломатнинг.

Кўплаб ижобий ўзгаришлар ва олға силжишларга қарамай, Ўзбекистон ҳукуматига иқтисодиётни ислоҳ қилиш йўлида тажриба ва малакали кадрлар етишмаётгани, шу сабабдан жаноб Мирзиёев хорижда муваффақиятга эриша олган ўзбекистонликларни катта лавозимлар ваъдаси билан ортга қайтаришга интилаётгани ҳам айтилади.

Бундан ташқари, ҳукумат иқтисодий масалаларда Халқаро Валюта Фонди, Жаҳон Банки ва Осиё Тараққиёт Банки каби халқаро молиявий институтлар маслаҳатига таянаётгани ҳам билдирилади.

Шунингдек, ҳукумат Ўзбекистон бизнес маконида ҳамма ўйинчиларга тенгликни таъминлаб беришни исташи ёки йўқлиги савол остига олинади.

Мақолада британиялик тадқиқотчи Кристиан Ласлетнинг Тошкент ҳокими бўлмиш Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор фирмалар пойтахтдаги қурилиш бизнесини эгаллаб олганини аниқлаганига ишора қилинади.

Яна асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг ҳам мамлакат мис ва пўлат саноатига тобора чуқур бош қўшаётганлиги таъкидланади.

Мақолада ўзгаришлар кўпчилик эмас, балки бир ҳовуч шахслар манфаатлари йўлида амалга оширилмоқда, деган қарашнинг шаклланиб қолиши ўзбекистонликларнинг жаноб Мирзиёев ислоҳотларидан кўнгли қолишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek