Ўзбекистон: Президент фармони бажармаса ҳам бўлаверадиган ҳужжатми?

Президент Мирзиёев имзо қўяётган пайт

Сурат манбаси, Президент Матбуот хизмати

Uzmetronom веб-сайтида "Куда идём мы с Пятачком» деб сарлавҳаланган мақола эълон қилинди.

Мақолада президент фармон ва қарорларининг ижроси борасида охирги вақтда кўпчиликда пайдо бўлаётган хавотир тилга олинади.

Мақола Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 17 августда имзолаган "Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида"ги фармонга бағишланган.

Президент фармонида 2019 йилда Тошкент шаҳрининг бош режаси концепциясини тайёрлаш, президент тасдиқлаши учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш ва президент қарори лойиҳасини тайёрлаш топшириғи берилган.

Uzmetronom ёзишича, фармонда белгилаб берилган Тошкент шаҳрининг бош режаси ҳам ишлаб чиқилмаган, "Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ҳам Олий Мажлисга тақдим этилмаган, Тошкент шаҳри бюджети шаффофлигини тошкентликлар кузатиб бориши кўзда тутилган интерактив портал ҳам ишга туширилмаган.

"Давлатдаги биринчи одамнинг топшириқларига бу даражада беписанд бўлмаслик керак-да.." дея мақоласини якунлайди юрист Григорий Борисов.

Ушбу фармон ижроси Ўзбекистон Президентининг қарори сифатида эълон қилинган, аммо бажарилмай қолиб кетаётган қатор ўзгаришлар "тақдири"га ўхшайди.

Жумладан, Ўзбекистонда "Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive" корхонасини барпо этиш, Жиззах Нефтни қайта ишлаш мажмуасини қуриш, мамлакатда электрон тижоратни ривожлантириш, Ўзбекистон фуқароларининг кредит тарихини яратиш, ободонлаштириш ишларига ижтимоий соҳа ходимларини жалб қилишни тақиқлаш ҳақидаги қарор ва кўрсатмалар фақат қоғозларда қолиб кетди, деган таассуротни уйғотади.

Ўзбекистонда 2017 йил 13 июнда президентнинг махсус қарори билан "Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive" корхонаси ташкил этилган, янги завод 2018 йил охирида автомобилларни ишлаб чиқаришни бошлайди, дейилган эди.

Бироқ ўтган йил декабрида Жиззах автомобиль заводи қурилиши тўхтаб қолгани маълум бўлди, Ўзбек расмий мулозимлари қурилиш нега тўхтаб қолгани ҳақидаги саволга аниқ жавоб беролмадилар.

Франция тарафи эса ҳали лойиҳа устида иш давом этаётганини айтиш билан чекланди.

2017 йил апрелида Президент Мирзиёев Жиззах вилоятидаги Зафаробод туманида янги нефтни қайта ишлаш заводининг тамал тошини қўйиш тантанали маросимида қатнашди.

Жиззах Нефтни қайта ишлаш мажмуаси йилига 5 миллион хомашёни қайта ишлаши, бу заводга Қозоғистондан 95 километрлик қувур тортиб келиниши, у Россия, Қозоғистон нефтларини қайта ишлашга ихтисослаши хабар қилинган эди.

Шу йил март ойида эса "Ўзбекнефтегаз" масъуллари Жиззах нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши тўхтаб қолганини маълум қилдилар, бу Бухоро ва Фарғонадаги нефт заводлари модернизацияси билан боғлиқ, дейилди.

Кузатувчилар 2018 йил майида эълон қилинган "Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон президенти қарорининг ижроси борасида ҳам сезиларли иш қилинмаганига эътибор қаратмоқдалар.

Булардан, Президент Мирзиёевга ҳали пухта ўйлаб кўрилмаган лойиҳаларни тақдим қилаяптилар, имзолаши учун столига қўймоқдалар, деган хулоса келиб чиқмайдими?

Бунинг сабабларидан бири - Президент Мирзиёевнинг ўзи Ўзбекистонда охирги 30 йилда йиғилиб қолган муаммоларни тезроқ ҳал этишни хоҳлаётгани билан боғлиқ, дейди Францияда истиқомат қиладиган асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

"Мирзиёевнинг ўзи ҳам айтдики, Ўзбекистонда ўтган даврда жуда ҳам кўпгина соҳаларда қотиб қолиш кузатилди. Ва мана энди у ўша муаммоларни имкон қадар тезроқ каналлаштириш учун шошилаяпти дейиш мумкин", дейди Камолиддин Раббимов.

Биринчи омил - лойиҳалар сонининг кўплиги. Иккинчиси - концептуал ёндашув. Совет бюрократияси, Госплан вакили бўлган Каримов бошқаруви остида бирор бир лойиҳа муҳокама учун бир неча инстанцияга бериларди, улардан қайтиб келгандан кейин президент девонида анча вақт кўриб чиқиларди ва ана ундан кейин президент имзосига бериларди. Президент Каримов фармон ва қарорлари, олий ҳокимият лойиҳаларининг назорат механизми кучли ва репрессив эди. Президент Мирзиёев эса Каримов давридан қолган репрессив машинани бюрократияга нисбатан ишлатишдан ўзини тортаяпти. Фармон, қарорлар, қонунлар ва лойиҳаларнинг назорати марказлашганича қолаяпти. Репрессив машина салбийлаштирилди ёки паузага қўйилди. Лекин давлат секторидаги ҳокимият бўлиниши тизими ишлаётгани йўқ. Назоратнинг репрессив усулларидан воз кечилар экан, муқобил инструментлар, институтларнинг фаоллиги тақозо этилади. Дейлик, ижро назоратини Олий Мажлис сенаторлари ва депутатлари бўйниларига олишлари керак. Бу нарса кузатилмаяпти, дейди Камолиддин Раббимов.

Лондонда яшайдиган сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг фикрича, Президент Мирзиёевнинг ўзи Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда аҳвол яхшиланаётгани, инвестициялар оқиб келаётгани, иқтисодиёт юксалаётганини тезроқ жамиятга кўрсатишни истаяпти ва шу истак билан қўли остидагилардан тезроқ иш натижасини талаб қилаяпти.

"Мана шу икки йўналиш - бошқарув усули ва иқтисоднинг қўл-оёғини боғлаб турган занжирларни тезроқ бўшатиш истаги ҳозирча бир-бирига тўғри келмаяпти", дейди Алишер Илҳомов.

Эксперт фикрича, Ўзбекистон раҳбариятининг бугунги "куч-салоҳияти стратегик йўналишларга ва бунинг учун зарур шароитни барпо этишга йўналтирил"моғи лозим.

Акс ҳолда ислоҳот тушунчасининг обрўсизланиши хавфи мавжуд, деб ҳисоблайди сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek