Президент: Одамлар ўлимидан пул ишлаётганларга чора кўринг O'zbekiston, dunyo, koronavirus

Сурат манбаси, official
Президент: Одамлар ўлимидан пул ишлаётганларга чора кўринг - Қозоғистон президенти ҳокимларга худди ана шундай буйруқ берди. Президент Тоқаевга кўра, ҳозир ўликхоналар ва дафн этиш хизматларида мураккаб вазият юзага келган.
Коронавирус: Вазият ёмонлашгандан ёмонлашиши мумкин(ми)?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қозоғистон минтақанинг коронавирусдан энг кўп ўлим ҳоллари қайд этилаётган давлати бўлади.
Бугун, 20 июль ҳолатига кўра, Қозоғистонда жаъми рақамлар 600 тага яқинлашган - 585 тага етган.
Хабарларга кўра, шу дам олиш кунларининг ўзида вирусдан 121 киши вафот этган.
Карантин чоралари юмшатилиши ортидан, Ўзбекистон баробарида Қозоғистонда ҳам коронавирусга чалиниш ва ундан ўлим ҳолларининг кескин ошгани кузатилади.

Сурат манбаси, official
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 18 июль кунги селектор йиғилиши чоғида бу масалага алоҳида тўхталиб ўтган.
Ҳокимларига одамларнинг ўлимидан пул ишлашга уринаётган фирибгарларга қарши чора кўришга буйруқ берган.
Қозоғистон президентига кўра, фирибгарлар пул илинжида ҳамма аҳлоқий меъёрларни унутишмоқда, одамларни алдаб, гангитишмоқда.
Шундай деркан, президент Тоқаев ҳозир ўликхоналар ва дафн этиш хизматларида мураккаб вазият юзага келганини алоҳида қайд этган.
Қозоғистон президентининг айтишича, сўнгги икки ҳафтада жасадларни элтиш ва кўмиш ҳақлари сезиларли даражада ошган.
Буни эса, Қозоғистондаги кўпчиликнинг имконияти кўтармайди, деб айтган президент.
Қозоғистонда илк коронавирус ҳолати шу йилниг 13 март куни расман қайд этилган бўлса, ҳозирга келиб жами рақамлар 70 мингтадан ортган.
Агар, Ўзбекистондагиси билан қиёсланса, бу тўрт баробарга кўпдир.
Қозоғистон ҳали-ҳануз Марказий Осиёнинг коронавирус энг кўп тарқалган давлати бўлиб турибди.
Президент Тоқаевнинг айтишича, касаллик кўрсаткичининг ошиши биргина Қозоғистоннинг коронавирус бўйича рейтингига салбий таъсир қилмайди.
Бунинг орқасидан мамлакатдаги сармоя муҳити жабр чекади. Сайёҳлик потенциали пасаяди ва Қозоғистонга янги технологияларни жалб этиш қийинлашади.
Қозоғистон президентига кўра, пандемия давридаги ҳар қандай янглиш қарор, бюрократик тўсиқлар ва масъулиятдан қочиш юз минглаб фуқароларнинг соғлиги ва ҳаётига зиён етказиши мумкин.

Сурат манбаси, official
Кеча, 19 июль куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса, ижтимоий тармоқларда тарқалган шифохона ўликхонаси акс этган видеолавҳа юзасидан расман баёнот берган.
Баёнотда ҳам, "видеода мурдаларни вақтинча сақлаш хонаси(эшикда шундай русча ёзув бор) ва йўлакда қора плёнкаларга ўралган, полга ётқизиб қўйилган 20-25 чоғли мурдани кўриш мумкин. Уларнинг айримлари плёнкага ўралмаган, алоҳида хонага ҳам киритилмагани" айтиб ўтилган.
Бунга қўшимча, "мазкур видеолавҳа ортидан алоҳида овозли хабар ҳам тарқалгани ва унда эркак кишининг "Жуковский шифохонасида жуда кўпчилик COVID-19 дан ўляпти. Мана, ҳозир қайнонамнинг ҳам жони узилди. Олиб чиқяпмиз. Эҳтиёт бўлинглар", - дегани ҳам илова қилинган.
Вазирликнинг маълум қилишича, kun.uz мухбири мазкур видеолавҳа юзасидан изоҳ сўраб, ўзларига мурожаат қилган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бунга жавобан, "видеолавҳадаги ҳолат Ўзбекистонда юз бермагани"ни айтиб, "айрим маълумотларга кўра, бу қўшни давлатлардан биридаги тасвир", дея баёнот берган. Аммо алоҳида бир давлатдан ном тутмаган.
Ўзбекистонда жами коронавирус ҳоллари расман 17 мингтага яқинлашган. Шу пайтгача 88 кишининг вирусдан вафот этгани айтилган.
Ўзбекистон кучайтирилган карантин тартибига қайтишидан саноқли кунлар ўтиб, ижтимоий тармоқларда одамларнинг соғлиқни сақлаш тизими аҳволидан шикоят қилувчи постларнинг сони кескин ошган. Бунинг ортидан юз бераётган ўлим ҳоллари ҳам тилга олинаётгани кузатилган.
Вазиятга Ўзбекистон президенти ва ҳукумати эътибор қаратган, ҳолатни ўнглашга қаратилган буйруқ ва топшириқлар берилган, режалар ишлаб чиқилаётгани, чоралар кўришга киришилгани хабар берилган, аммо бу каби чиқишлар ҳамон тинмаган.
Таъкидлаш жоиз, ўтган тўрт ярим ойдан ортиқроқ вақт ичида бунга ўхшаш видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда бўй кўрсатмаган.
Қозоғистонда ҳам бу масалага президент Тоқаевнинг илк бор эътибор қаратиши экани кўрилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















