Ўзбекистон: Соғлиқни сақлаш тизими қулади - ижтимоий тармоқлар - O'zbekiston

Сурат манбаси, Twitter
Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан зарарланиш ва ўлим ҳолатлари кескин ошиб кетиши ортидан расмийлар вазиятни тузатишга уринаркан, ижтимоий тармоқлар мамлакатнинг шундоқ ҳам абгор бўлган соғлиқни сақлаш тизими батамом қулагани ҳақида бонг урмоқда.
"Соғлиқни сақлаш тизими қулади. Ростдан қулади", деб ёзди журналист Нуруллоҳ Шариф ўзининг Фэйсбук саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, 6 киши COVID-19'га чалинган синглисининг оиласи 4 кун давомида тиббиёт ходимлари билан алоқа ўрната олмаган.
"Синглим 6 кишилик оиласи билан COVID-19'га чалинган. 1,5 ёшлик жияним билан. Оиласида бола борлиги учун бир бирига ёрдам бериши қийинлашяпти. Уларга битта доктор бириктирилиши керак. Лекин 4 кундан буён бир дона доктор топилмаяпти.
Бугун умуман тез ёрдам чақиролмадик. Улар ҳам, биз ҳам ёздириб қўйганмиз. Келишидан дарак йўқ.
Биринчи кун поликлиникага қилдик - "Докторлар таътилда", дейишди. 1003 га қилдик - "Поликлиникага қилинглар", дейишди. Поликлиниканинг жавобини айтдик - "Унда "Оила маркази"га қилинглар", дейишди. Оила марказидаги ходим билан гаплашдик - "Албатта ёрдам берамиз", дейишди. Бир кун ўтди, натижа бўлмади. Шайхонтоҳур СЭСи раҳбари Иномжон акага қилдик - "Тестнинг жавоби чиқиши билан ёрдам берамиз", деди. Тестнинг жавоби чиқди. Қилдик - "Бўлди, доктор бириктирамиз", дейишди. Кейин натижани билиш учун қайта қилдик - умуман телефонни олмади (номард). 1 кун давомида телефон қилдик. Фойдаси бўлмади", деб ёзган Нуруллоҳ Шариф.
"Борган сари синглимнинг аҳволи ёмонлашяпти", деган у.

Сурат манбаси, Official
Журналист соғлиқни сақлаш тизими ва назорат қилувчи идоралар раҳбарларини "халқни алдаш"да айблаган.
"Жаноб Бош Прокурорга савол: Нега халқни алдадингиз? 15 дақиқа ҳам кечикмайдикан тез ёрдамингиз қани? Уялмайсизми, ўз халқингиздан?
Соғлиқни сақлаш вазири Aлишер Шодмонов! 4 ойдан бери наҳотки шундай ҳолат учун тайёргарлик кўрилмаган? Қани дорилар захираси? Эргоферон, Aрбидол, Aзимак ва бошқа вирусга қарши дориларни умуман топиб бўлмаяпти!!! Одамлар уйларида жон беряпти!!! Халқ илдиз (хрен) чайнаб юрибди!!! Уялмайсизми, ўз халқингиздан?" - дея хитоб қилади журналист.
'Давлатга ишонманг, ҳаммаси ёлғон'
"Давлатга ишонманг. Расмийларнинг барча гапи ёлғон" деб ёзган бутун оиласи билан коронавирусдан даволанаётганини айтган таниқли режиссёр Сарвар Каримов.
17 июль куни Твиттер саҳифасида отаси коронавирусдан вафот этганини эълон қилган Сарвар Каримовнинг сўзларига кўра, бир ҳафта уйда даволанишга мажбур бўлган отасига ташҳис ҳам қўйилмаган.
"Бугун дадам қазо қилдилар. Коронавирусдан. Лекин ташхис қўйилмади. Бир ҳафта уйда даволадик. 103 га телефон қилсак, беморнинг иситмаси бўлса, келолмаймиз дейишди. Уларни ҳам тушунаман, на дориси бор, на ҳимоя воситаси.
Расмий статистикага ишонманг, ўзингиз ва яқинларингизни асранг!

Сурат манбаси, Official
Давлатга ишонманг. Расмийларнинг барча гапи ёлғон. Ишонч рақамларига телефон қилиб тушиб бўлмайди, тушсангиз ҳам бошқа номерни бериб юборади. Биз дадамизга бир ҳафта тез ёрдам чақиролмадик. Ахири ўпкаларига ўтиб кетиб, жонлари узилди. 63 ёшда эдилар. 10 кун аввал соппа-соғ эдилар", деб ёзган Сарвар Каримов.
У ўзбекистонликларни "давлат ёрдамидан умид" қилмаслик ва ўзларини айниқса, катталарни эҳтиёт қилишга чақирган.
Расмийлар ҳозиргача бу каби огоҳлантиришларга муносабат билдирмаган.
Айни пайтда ижтимоий тармоқлар коронавирусдан даволанаётган ва даволанмаётганларнинг тавсиялари билан тўлиб-тошмоқда.
Уларнинг қанчалик фойдали ёки фойдасиз экани борасида тезкор расмий изоҳ берилмаяпти.
Smartgov Consulting компанияси ижрочи директори Азиза Умарова Ўзбекистонда кузатилаётган кислород концентраторлари муаммосига эътибор қаратган.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда бу каби концентраторлар йўқ ва шифохона ҳамда койкалар етишмаётган вазиятда кислород концентраторлари сотиб олиш жуда муҳимдир.
"Бутун дунёдаги концентраторларнинг 80 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилади. Қозоғистон ва Қирғизистон уларни тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчилардан 250-300 доллардан сотиб олган. Йўл харажатлари алоҳида.
Нима қилиш керак?
Зудлик билан тадбиркорларимиз оммавий равишда кислород концентраторларини олиб келиши ва бозорларга етказиб бериши керак. Инсоф билан нарх қўйишса, имкони борлар сотиб олади.
Шуни ҳам билиш муҳимки, 5 литрли концентраторлар уй шароитига, 10 ва 15 литрлилари касалхоналар учун мўлжалланган. Бу аппаратларга бир вақтнинг ўзида 2 ёки ундан кўп беморни улаб қўйиш мумкин", деб ёзган Азиза Умарова.
32 миллион қаерда?
Вазиятнинг ёмонлашиши манзарасида ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида коронавирусга қарши кураш мақсадларига ажратилаётган маблағлар қаерга кетаётгани ҳақидаги савол тобора кўпроқ берилмоқда.
Журналист Барно Султонова ҳозирга қадар беморларга сарфлангани айтилган расмий рақамларни уйда даволаниш харажатлари билан солиштирган.
"Бундан буён коронавирус касаллигидан уйида даволанаётган беморларга "Гидроксихлорохин", "Азитромицин", "Парацетамол", "Витамин С" каби дори-дармонлар ҳамда бир марталик тиббий ниқобларни белгиланган меъёрда, бепул етказиб бериш йўлга қўйилади. Шу пайтгача касалхоналарда коронавирусдан даволанган енгил турдагилар демак шу дорилар билан даволаниб келинган. Ҳисобласанг 300 минг ҳам чиқмайди бу дорилар. Лекин бизга 32 млн кетади касалнинг енгил турига деб ахборот беришганди. 32 млн. қайдаю 300 минг қайда. Шунчалик суммани катта қилиб кўрсатиш нимага керак. Коронавирусни деб одамнинг ўлигиям, тиригиниям росса пуллашди булар.", деб ёзган журналист ўзининг Фэйсбук саҳифасида (орфография ўзгаришсиз берилмоқда-таҳр.)
Унинг фикрича маблағлар мақсадли сарфланганида, "шунча кўп талофат" кўрилмас эди.
17 июль куни Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ўтган йилга нисбатан 2,3 баробарга ошганини айтган.

Сурат манбаси, Social Media
"Ўтказилган 285 та назорат тадбирларининг 205 тасида 14,1 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (6,1 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2,3 мартага ошган", дейилади расмий хабарда.
Вазирликнинг билдиришича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жаъми 81,7 миллирад сўм маблағлар талон-торож қилинган.
Ҳукумат коллапсни тўхтата оладими?
Ўзбекистон коронавирус пандемияси тарқаган кўпгина давлатларда кузатилган соғлиқни сақлаш тизими қулашининг олдини олиш мақсадида 10 июль куни карантинга қайтган.
Бунгача мамлакат, умумият-ла, эпидемияни жиловлашда муваффақиятли бўлаётган эди.
Аммо июль бошига келиб вирусга чалиниш ҳоллари кескин ортиб кетган ва расмийлар соғлиқни сақлаш тизими қулашидан огоҳлантирганлар.
Карантинга қайтиш Covid-19 ҳолатлари 10 мингдан ўтиши ортидан эълон қилинган.
Июнь ойида деярли ўзгаришсиз қолган ўлим ҳолатлари охирги икки ҳафтада кескин ортиши кузатилмоқда.
17 июоь куни расман 541 ҳолат аниқланган, 4 бемор вафот этган.
Covid-19 ҳолатлари ортишига қарамай, расмийлар ўтган ҳафтагача таҳлили мусбат натижа берган ёки симптомлар кузатилаётган ҳаммани шифохонага ётқизишда давом этган. Бу одамларнинг уйда ўзини ўзи яккалаши тақиқланган эди.
Коронавирусдан вафот этганлар вақтида шифокорларга мурожаат этмаганликда айбланган.
Фақат шу ой бошида касаллик енгил ёки симптомсиз кечаётган беморларнинг уйда даволанишларига рухсат берилган.
10 июль куни коронавирусга қарши кураш бўйича штаб соғлиқни сақлаш тизими қулаш арафасида эканини расман тан олган.
"Кунига 350 та эмас, ҳар куни мингтадан, Худо кўрсатмасин, 1,5 мингтадан қўшила бошласа, у ҳолда республика соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ коллапсга тушиб қолади, қўшни мамлакатлар аҳволига тушиб қоламиз — касалхонага бемор қўлда кўтариб келишяпти, касалхона эшигини тақиллатяпти, лекин ичкаридан очаётгани ҳам йўқ, чунки жой ҳам йўқ, иложи ҳам йўқ, дори-дармон ҳам йўқ, дорихоналар ёпиқ, койка-ўринлар йўқ, касални кўтариб қаерга боришни билмайди, уйда ўтирибди. Бу — коллапс", деган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулла Оқилов 8 июль куни ўтган брифингда.
Охирги кунларда ҳукумат юзага келган вазиятни ўнглаш бўйича айрим шошилинч чораларга қўл урган.
Жумладан, Преидент Мирзиёевнинг ҳайфсан бериши ортидан эпидемиологик вазият мураккаблигича қолаётган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1-сонли шаҳар клиникасига ташриф буюриб, коронавирусдан даволанаётган беморларга уйдан овқат келтирмаслик тўғрисида кўрсатма берган.
Бош прокурор дорихоналар ва тез тиббий ёрдам хизмати назоратга олинганини айтган.
Аммо бу чораларнинг қанчалик самарали экани савол остида.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 июль кунги видеоселектор йиғилишида бу чораларнинг самара бермаётганини тан олган.
"Қўлимизда аниқ маълумот, асосланган таҳлилий материаллар йўқлиги туфайли қабул қилган қарорларимиз кутилган натижани бермаяпти", деб айтган Мирзиёев ҳукумат йиғилишида.
Шу билан бирга давлат раҳбари масъулиятни расмийлар ва тиббиёт тизимидан кўра кўпроқ фуқароларнинг ўзларига юклаган.
"Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун аввало ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим. Шу муносабат билан халқ вакиллари бўлган депутатларимиздан, ижодкор зиёлиларимиз, ҳурматли журналистларимиз, маҳалла фаолларидан илтимос қиламан: пандемия даврида ҳар бир одамнинг шахсий масъулияти ҳақидаги тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз керак", дея Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда president.uz нашри.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













