Ўзбекистон: Ички ишлар ходимлари коронавирусдан вафот этгани яширилганми? O'zbekiston yangiliklar

Вафот этган ходимлар суратлари

Сурат манбаси, official/BBC collage

Сурат тагсўзи, Ички ишлар ходимлари коронавирус боис вафот этганми?

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ўзининг Telegram'даги расмий каналида 13 ва 14 июль кунлари икки ходимнинг вафоти ҳақида хабар бериб, уларнинг яқинларига таъзия изҳор қилган.

Хабарларда ходимларнинг ўлими сабаби келтирилмаган.

Бироқ Кун.уз нашри ўз манбасига таянган ҳолда ходимларнинг коронавирус туфайли оламдан ўтганини ёзмоқда.

Интернет нашрига кўра, пандемия даврида жами уч нафар ички ишлар ходими коронавирус юқтириб олиш ортидан ўлган, аммо уларнинг ўлим сабаблари сифатида бошқа касалликлар қайд этилган.

Яна бир маҳаллий нашр Қалампир.уз эса саволларга аниқлик киритиш учун ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғланган.

«У ходимларда коронавирус аниқланганини тасдиқлади, аммо улардан бирида инфекция вафот этгач қайд этилган», дейилади сайтда эълон қилинган мақолада.

Коронавирусга оид ҳолат:

  • 14 июль куни 494 ҳолатда касаллик аниқланган.
  • ССВ шундан 303 нафари карантин муассасаларида, 191 нафари аҳоли орасида қайд этилганини хабар қилган.
  • 15 июль соат 10:00 ҳолатига кўра эса, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 208 нафарга ошиб, умумий касалланганлар сони 14,293 нафарни ташкил этмоқда.
  • Шу вақтга қадар 8,327 бемор соғайган, 5,898 инсон касалхоналарда қолмоқда.
  • Улардан 51 нафари оғир, 6 нафари эса ўта оғир аҳволда экани маълум қилинган.
  • Қайд этилган ўлимлар сони - 68 та.

"Шифохоналарни ёпиб ташлаш нотўғри бўлган"

Ҳабибиулло Оқилов

Сурат манбаси, UzreportTV/screenshot

14 июль куни ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият ҳақида маълумот бериб, коронавирус чиққан шифохоналарни ёпиб ташлаш нотўғри йўл бўлганини билдирган.

"Коронавирусга мўлжалланмаган шифохоналарда коронавирус аниқланса, уни 14 кунга ёпиб ташлар эдик. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатдики бу нотўғри йўл. Ҳозирча коронавирус чиқадиган бўлса, ўша бўлимнинг ўзини ёпяпмиз. У ҳам — бир кунга" - деган Оқилов.

Шунингдек, у кундалик олинаётган тестлар сонини ҳам очиқлаган.

"Пандемия бошида бир кунда 3 мингта тест олган бўлсак, бугун кунига 22-24 минггача ПЗР тест қилиняпти. Барча марказий ва ҳудудий эпидемология осойишталик марказларига рухсат берилган. Лекин шу ҳам етмаяпти".

Сирдарёда ҳакам калтакланди

Маълум бўлишича, 13 июль куни Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашев ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан калтакланган.

Бу ҳақида Олий Суд маълумотига таяниб, Миллий ахборот агентлиги хабар берган.

Хабарда, судья Эргашев ишга бориш мақсадида Гулистон шаҳрига киришда ўрнатилган блок-постдан ўтишга ҳаракат қилгани, аммо ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари «вилоят ҳокими келаётганлиги сабабли» шаҳар ҳудудига киритиш умуман тақиқланганини айтишгани ҳақида сўз боради.

"А.Эргашев ўзининг судья эканини маълум қилиб, уларга ўзини таништириб, хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, ишга кетаётганлигини билдириб, ўтказиб юборишни илтимос қилганида, блок постдаги ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари судьяга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, унинг автомашинасини қўли билан уриб, тезроқ бу жойдан бошқа йўналишга қараб ҳаракатланишни талаб қилишган".

"Шунда А.Эргашев шаҳар ҳудудига ишга бориш учун киришини билдирганига қарамасдан, унга 3-4 ходим куч ишлатиб, автомашинасидан мажбуран тушириб, уни четга олиб ўтиб, унинг шахси, судьялик лавозими ва қадр-қимматини ҳақорат қилиб, унга тан жароҳати етказган ҳамда судьянинг шахсий мулки ҳисобланган автомашинани эса нотаниш ИИБ ходими бошқариб, воқеа жойидан 250-300 метр жойга йўлнинг четига олиб бориб, очиқ ҳолда ташлаб кетган" - ёзилади Уза.уз мақоласида.

Бундан аввалроқ Жарқўрғон тумани ҳокими блок-постда судьяларни одамлар олдида обрўсизлантиргани, суд ходими эса ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани тўғрисида хабар чиққан эди.

Журналистлар дрондан фойдаланади

Янги таҳрирдаги "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унда оммавий ахборот воситалари фото-видеоматериалларни тайёрлаш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда рухсатнома олиш орқали тегишли давлат органи томонидан белгилаб берилган ҳудудларда, қирқ метргача бўлган баландликда, вазни уч килограммдан зиёд бўлмаган учувчисиз учадиган аппаратлар (дрон)дан фойдаланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонда дронлардан фойдаланишга 2017 йилда тақиқ қўйилган ва бундай аппаратларни берухсат учирганлик учун йирик жарималар жорий этилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek