Коронавирус: карантинда уйдан ишлаш силлани қуритаркан Koronavirus

Уйдан ишлаётган Ана, Дэйв ва Аббей
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Коронавирус дунё бўйлаб миллионлаб инсонни уйдан ишлашга мажбур этди.

Бошида кўпчилик шовқинли офис муҳитидан узоқлашганига, Лондондек йирик шаҳарларда ишлайдиганлар кунига икки соатлаб вақтини йўлга сарфлашдан қутилганига хурсанд бўлдилар.

Аммо ишни ташкиллаштириш билимдонлари бошиданоқ иш билан уй ўртасидаги мувозанатни сақлай билиш инсон руҳияти учун ўта муҳимлигидан огоҳлантирдилар.

Вақт ўтган сайин уйдан ишлаш мушкулликлари кўпроқ кўзга ташлана бошлади.

Бундай вазият оилаларга дарз етказгани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалди.

Уч-тўрт ой мобайнида уйидан ишлаган ходимлар ҳозирга келиб ҳаддан зиёд толиққанларидан шикоят қилмоқдалар.

Жисмоний ва руҳий саломатлиги ёмонлашгани айтилаётган шифокорга мурожаатлар кўпайди.

Одатий ишхонасида 8-10 соат вақтини сарфлаб маош олиб юрган ишчилар кунига 14-16 соатлаб ишлашига тўғри келаётганини, баъзи ҳафталарда шанба-якшанба кунлари ҳам иш билан банд бўлиб қолганларини айтмоқдалар.

Бунинг устига Британиядек мамлакатларда кўчага чиқиш, дам олиш парки ёки денгиз соҳилидаги сайрлар ҳам чекланган муддат бўлди, жисмоний ва руҳий ҳордиқ истаган одам квартираси ёки уйидан чиқиши ҳам қийинлашган кунлар бўлди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Би-би-си уйдан ишлашнинг ўз ҳаётларига таъсири қандай бўлганини ҳикоя қилиб беришни ҳомиладор ва кўзи ёриган аёллар учун мўлжалланган жисмоний машқлар бўйича мутахассис Ana Katic, мусиқачи Dave Altweger ва реклама компанияси рассоми Abbeyдан сўради.

Инстаграмда @anakaticpt аккаунтини юритадиган Ана айтишича, коронавирус карантини боис ишлаб турган гимнастика зали ёпилган ва у ишсиз қолган.

Аммо Инстаграмда фаоллигини оширган.

"Австралия, АҚШ ва Хорватиядан мижозлар чиқди, улар билан Facetime орқали машғулотлар ўтказаяпман. Менинг ишим кўпайгандан кўпайди. Инстаграмга кўп пост қўядиган бўлдим. Инстаграмдаги жонли машғулотларим кўпайди. Ўқув дарслар қўйдим, бу эса мижозларим сонини кўпайтирди, натижада супер банд бўлиб қолдим", дейди Ана.

Ана гимнастика залида ишлаганида ҳафтасида 30 машғулот ўтказганини айтади.

"Ҳозир эса ҳафтасига 50, 60 та машғулот тўғри келаяпти", дейди Ана.

"Аввал ишхонамдаги ишимни тугатиб уйга келардим ва ҳордиқ олардим. Ҳозир эса дам олишга умуман вақтим йўқ", дейди у.

Дэйв эса турли тадбирларда мусиқа чалиб кун кўрарди.

Карантин туфайли мусиқий тадбирлар ҳам тўхтади, Дэйв эса пулдан қийналиб қолди.

У онлайн мусиқа ёзиш студиясини очган ва мусиқа ёзилган дискларни ўзи велосипедда тарқата бошлаган.

"Энди кунига 16 соатлаб ишлайдиган бўлдим", дейди Дэйв.

Реклама компаниясида расмлар учун масъул Аббей ҳам ишхонасида кунига 10 ёки 12 соатдан ишлаган бўлса, ҳозир уйдан 14 соатлаб ишлашга тўғри келаётганини айтади.

Бунга ишининг келажаги номаълум экани ҳам таъсир кўрсатаётганини айтади.

"Ҳозир олдингидан 10 баравар кўп ишлаяпман. Бир вақтнинг ўзида ҳам ишлаш ва ҳордиқ чиқариш ҳамда иккисини бир-биридан ажратиш мушкул", дейди Аббей.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek