Путин ким ва у умрбод Россия президенти бўлиб қоладими?

Tass

Сурат манбаси, Tass

«Путинсиз, Россия йўқ». Президент администрацияси раҳбари муовинининг бу сўзларига Владимир Путинни ўнлаб йилларки бош вазир ё президент сифатида сайлаб келаётган миллионлаб россияликлар ҳам қўшиладилар.

Бу ишонч энди 1 июлда яна синовга қўйилади: россияликлар умумхалқ референдумда конституцияни ўзгартиришга овоз берадилар ва бу Президент Путиннинг яна иккита олти йиллик муддатга сайланишига йўл очиб бериши мумкин.

67 ёшли Путин 2024 йилда унинг ҳозирги муддати якунига етиши ортидан яна сайланиш истаги борлигини инкор қилмаган - демак у 2036 йилгача иқтидорда қолиши мумкин.

Референдум Москванинг Қизил майдонида Иккинчи жаҳон урушида нацистлар Германияси таслим бўлишининг 75 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган Ғалаба байрами парадининг эртасига бўлиб ўтади.

Бу ҳарбий томоша шаҳар ҳокими режалаганидан бир ҳафта эртароқ карантиндан чиқаётган пойтахт аҳолисининг ватанпарварлик руҳини жўш урдириши ва президентга хайрихоҳлик хиссини кучайтириши мумкин.

Нега референдум ўтказилмоқда?

Жорий йил январида Россия Президенти Владимир Путин конституцияни ўзгартиришни овозга қўйишни таклиф қилди.

Энг асосий ўзгаришлардан бири Путиннинг яна иккита олти йиллик муддатга президентликка сайланишига йўл бериш.

Аввалига 22 апрелга мўлжалланган ва коронавирус туфайли кечиктирилган референдум энди 1 июлда ўтказилади.

Ижтимоий масофани сақлаш илинжида овоз бериш Россия бўйлаб беш кун давомида, ҳатто Ковид-19ни енгишга қийналаётган ҳудудларда ҳам ўтказилиши кутилади.

Овоз бериш шохобчаларига кирадиган одамлар сонига чекловлар киритилган, Москва каби шаҳарлар эса электрон овоз бериш усулини тадбиқ қилишган.

Путиннинг режаси қандай?

21 аср Россиясида фақат Путин ҳукмронлик қилган.

Россияликлар у аллақачон тайинланган бош вазирдан (1999) сайланган президентга (2000-2008), яна бош вазир (2008-2012) ва яна президентга (2012) айланишига гувоҳ бўлишган.

Путин яна президентликка номзодлигини қўйишни истаётгани ҳақида гапирмаса ҳам, уни инкор ҳам қилгани йўқ. Танқидчилар уни бутун умр қудратда қолишга, ёки ҳеч бўлмаса, 2036 йилгача президентликни қўлдан чиқармасликка уринишдай айблашмоқда.

Унинг энг содиқ тарафдорларидан бири бўлмиш космонавт ва депутат Валентина Терешкова президентлик муддатларини «ноллаштириш»ни ва Путинга ўз лавозимида қолишга имкон яратишни аллақачон таклиф қилган.

Халқ уни қўллаб-қувватлаётган кўринади - у 2018 йилда президентлик сайловида қатнашганида 76% овозни қўлга киритди.

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Сара Рейнсфорднинг айтишича, бу сафар у «ноллаштириш» таклифига «пастдан келган ташаббус» дея истар-истамай ёндашгандек кўринди.

У Россия ҳали президент ўзгариши учун етарлича ривожланмаганига ҳам ишора қилди.

«Кўп одамлар учун бу муаммо эмас. Уни ёқтирмайдиганлар ҳам унга унчалик қарши эмаслар. Кўпгина одамлар уни Ғарбга қарши тура оладиган кучли лидер деб кўришади. Унга муқобил номзоднинг йўқлиги ҳақидаги фикр ҳам кенг тарқалган,» - деди Рейнсфорд.

Путин қай йўл билан бу қадар «алмаштириб бўлмайдиган» лидерга айланди?

Владимир Путиннинг тобланиш йиллари Совуқ урушнинг охирги кунларига тўғри келган. 1989 йилда у ўша вақтдаги Шарқий Германиянинг Дрезден шаҳрида паст табақали КГБ зобити бўлиб хизмат қилар экан, инқилоб юз берди.

Бу унинг қанотларини синдирди ва унда иккита кучли таассурот қолдирди: биринчиси Берлин девори ва Темир парданинг қулашига етаклаган оммавий намойишлар бўлса, иккинчиси - СССР қулаши ортидан Москвадаги қудратда юзага келган мавҳумликка нисбатан нафрат.

Путиннинг ўзи ўша даврни эслар экан, Дрездендаги КГБ қароргоҳи оломон ишғоли остида қолганида Москвадан ёрдам сўрагани, Михаил Горбачёв назоратидаги ҳукумат эса «жим» қараб турганини гапирган.

У компромат ҳисоботларни ёқиш ташаббуси билан чиққан: «Шундай кўп нарсани ёқдикки, ўчоқ портлаб кетишига сал қолди,» деган Путин «Биринчи шахс» номли китобдаги интервьюсида.

Путиннинг германиялик биографи Борис Райтшустерга кўра, «агар у ўшанда Шарқий Германияда хизмат қилмаганида, биз бугун умуман бошқача Путинни кўрган бўлардик».

Қудратга элтувчи йўл

У ўзининг тез орада Санкт-Петербург номини қайта тиклаган она шаҳри Ленинградга қайтар экан, бир кечаю кундузда шаҳарнинг янги ҳокими Анатолий Собчакнинг ўнг қўлига айланди.

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Шарқий Германияда лавозимларини йўқотган шахслар янги Россия сиёсатида қадрланарди.

Путинга ҳам омад кулиб боққанди. Ҳатто Собчак шармандаларча четлатилса ҳам, Путин янги Россия элитаси билан тил топишди.

У Москвага кўчиб ўтди, ФСБ (собиқ КГБ) поғоналаридан тез кўтарилди ва Кремлда ишлай бошлади.

У даврда Борис Ельцин Россиянинг янги президенти эди. Унинг қўли остидаги ўтиш давридан катта фойда кўрган олигархлар эски коммунистик партияни Ельцин маъмуриятидан йироқлаштиришга эришишганди. Борис Березовский каби тадбиркорлар Ельциннинг энг муҳим тарафдорлари сифатида саҳнага келишди ва жамоатчилик фикрига таъсир қилишди.

1999 йилга келиб Президент Ельцин Путинни Россия Бош вазири этиб тайинлади.

Кутилмаган президент

Ельцин ўзини борган сари ғалати тута бошлади, ва 1999 йил 31 декабрида кутилмаганда ўз истеъфосини эълон қилди.

Березовский ва бошқа олигархлар илгари сурган Путин президентлик вазифасини бажаришдек имкониятни қўлга киритди ва 2000 мартида ўтказилган сайловда бу вазифани тасдиқлатиб олди.

Ельциннинг оиласига айланган олигархлар ва ислоҳотчилар янги президентдан мамнун эдилар: йўқ жойдан суғуриб олинган кулранг одам, ҳеч кимга ҳалақит бермайди.

Аммо, Путин қудратга келишидан уч ойгина ўтиб матбуотни ўз қўлига олиб олди. Бу қадам олигархлар ва Кремлнинг эски доираларини кучсизлантирди ва Путиннинг бошқарув усулидан ишора бўлди.

Норозилар овозини ўчириш

Матбуотни жиловлашнинг президент учун иккита фойдали томони бор эди: катта таъсир доираларига эга бўлган қудратли танқидчиларни четлатиш ва сиёсий кун тартибини белгилаш. Чечен уруши ва Москвадаги террор ҳужумлари ана шу кун тартибига мисол бўла олади.

Бу ҳаракатлар президентни янги Россиянинг салобатли лидери сифатида тасвирлаб, омма орасидаги унга бўлган дастакни оширишга ҳам хизмат қилди, ҳамда давлатнинг душманлари ким эканини аниқлашга ёрдам берди. Шу даврдан бошлаб вилоятлар ва республикалардаги россияликлар Путин нима истаса шуни томоша қилишди. Россиядаги 3 минг атрофидаги телеканалларнинг аксари сиёсатга аралашмайди, агар сиёсий хабар тарқатган тақдирида ҳам у ҳукуматнинг қатъий чиғириғидан ўтади.

«Мен билан ўйнашманг»: ҳудудларга ишора

Путин ўзи ишонган сиёсатчиларни губернаторликка тайинлаши билан аста-секин 83та ҳудуд устидан назоратни қўлга киритди.

У 2004 йилда губернаторларни сайлайдиган маҳаллий сайловлар тизимини бекор қилди - ўрнига энди маҳаллий қонун ишлаб чиқарувчилар Путин тузган учта номзод рўйхатидан бирини танлашлари белгиланди.

Танқидчилар Путинни «демократияни бекор қилиш»да айблаган бўлса-да, унинг стратегияси иш берди, айниқса Чеченистон каби ҳудудларда.

2012 йилда демократик ислоҳотларни талаб қилиб чиққан намойишлар тўлқини ортидан маҳаллий сайловлар қисқа вақтга қайта тикланди, аммо 2013 йил апрелига келиб Путин янги чекловларни эълон қилиб тўғридан-тўғри назоратини қайта қўлга киритди.

Либерализм ўйини

Болотная намойишлари деб ном олган йирик намойишлар 2011 ва 2013 йиллар орасида Москва ва Россиянинг бошқа ҳудудларида адолатли сайловлар ва демократик ўзгаришлар талабини илгари сурди.

Улар Россияда 1990-йиллардан бери ўтган энг йирик намойишлар эди.

Айни даврда Араб баҳори, ҳамда қўшни давлатларда бошқа «рангли инқилоблар» юз бериб, Путиннинг 1989 йилги хотираларини жонлантирди.

Путин бу оммавий ҳаракатларни Ғарб ҳукуматларининг Россия томорқасига кириш воситаси деб кўрди.

Номига бўлса ҳам имиджни ўзгартириш керак бўлиб қолди, ва Путин қисқа либерализм тажрибасини бошлади: у ҳудудларга кўпроқ сиёсий ваколатлар ва ўз иқтисодлари устидан каттароқ назоратни ваъда қилди.

«Ислоҳот» сўзи ўша даврда янграган ҳар бир нутқда ҳозир эди, аммо бу узоқ давом этмади. Таҳдид сусайиши билан, стратегия ҳам бекор қилинди.

Қримда ва «яқин хориж»да мушакларни кўз-кўз қилиш

Инқилобдан кейинги Украинада юзага келган қудрат бўшлиғи Путин учун имконият яратди. 2014 йил февралида Қримни яшин тезлигида ишғол қилиши Путин шу кунгача эришган энг катта ғалабаси ва Ғарб учун шармандали зарба эди.

Россия қўшни давлатнинг бир қисмини тортиб олар ва дунё ноилож уни томоша қилар экан, Путин ўз кучини кўрсатди.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, Путин Россия ўз мақсадларига эришиш учун Совуқ уруш замонларидагидек супер-держава бўлиши шарт эмаслигини тушунган.

Шу қадами билан Путин ўша лаҳзалардан бошлаб Ғарб ва НАТО ишларини издан чиқара бошлади - энди рулга у ўтириб, Россиянинг Ғарб билан алоқалари қандай давом этишини белгилашда етакчиликни қўлга олди.

Қрим Россиянинг энг йирик зарбаси эди, аммо ягона ҳодиса эмасди.

Ўнлаб йилларки Путин Россиянинг «яқин хориж» - СССР қулаши ортидан юзага келган ва ҳали ҳам Россиянинг табиий таъсир ҳудуди деб кўриладиган мустақил давлатларга сиёсий таъсир ўтказиш тактикасини қўллаб келаётганди. 2008 йилги Грузия можароси унинг учун алоҳида муваффақият келтирди.

Ғарбнинг ожиз жойидан тутиш: Сурия

Путин Ғарбдаги ташқи сиёсатдан мавжуд бўлган тарқоқликдан фойдаланиб, бу ожизликни ўз манфаати йўлида ишга солди.

Россиянинг Сурияга кириб бориши ва Ассад кучларини қўллаб-қувватлаши Путин учун жуда фойдали эди.

Бир томондан, у Яқин Шарқдаги барқарорлик учун ўта муҳим деб кўрилган ҳудуд устидан ҳеч ким мутлақ назоратни ола олмаслигини билдирди, иккинчи томондан эса, янги қуроллар ва ҳарбий тактикаларни синаб кўра олди.

Бу билан у нафақат Ассад династияси, балки «яқин хориж»даги бошқа тарихий иттифоқчиларига мужда берди: Россия ўзининг эски дўстларини ташлаб қўймайди.

Россиянинг янги Цари?

Ўз иқтидори давомида Путин Россиянинг экспанционист сиёсатини асословчи «Рус ерларининг коллектори»дек эски феодал ғояни қайта уйғотишга муваффақ бўлди.

Мана шу контекстда, Қрим ва «яқин хориж» унинг учун нақадар аҳамиятли эканини тушунса бўлади.

Аркадий Островский каби баъзи россиялик кузатувчилар фикрида бу ҳаракатлар партиялар сиёсатидан устун турадиган уникал Рус лидери - янги замонавий Царь яратилишига ҳам етаклаши мумкин.

Охирги сайловларда Путин партия сафида эмас, мустақил номзод сифатида қатнашгани ҳам бунга ишора бўлиши мумкин.

Ҳозирча Владимир Путиннинг Россиядаги мавқеи кучли кўринади, аммо унинг тўртинчи президентлик муддати 2024 йилда ниҳоясига етгач, нима бўлади?

Ҳеч ким келажакни башорат қила олмайди, аммо бу дегани Владимир Путин режа туза олмайди дегани эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek