Ҳаваскор тарихчи - Путин Иккинчи Жаҳон уруши тарихини қайта ёзмоқчими? - Rossiya

Сурат манбаси, Official
АҚШда чиқадиган анъанадор National Interest журнали Россия президенти Владимир Путиннинг Иккинчи Жаҳон уруши бошланишининг сабаблари борасида ўз қарашлари баён қилинган мақолани чоп этди.
"Владимир Путин: Иккинчи Жаҳон уруши 75 йиллигининг ҳақиқий сабоқлари" сарлавҳали мақоланинг русча таржимаси Москва вақти билан роппа-роса ярим тунда "Российская газета" да эълон қилинди.
Мақолада Путин яқинда Польша бош вазири билан сиртдан юз берган тортишувда келтирган асосий тезисларини яна қайтаради.
Аввал ҳам бўлгани каби, Путин асосий урғуни Польшанинг нацистлар Германияси билан тил бириктиргани ҳақидаги айблов ва Молотов-Риббентроп пактини оқлашга қаратган.
Путиннинг фикрича, Молотов-Риббентроп пакти СССР томонидан Мюнхень битимига қарши ўзини мудофаа қилиш учун қўйилган мажбурий қадам эди.
Шу билан бирга, мақолада янги даъволар ҳам бор.
Россия раҳбари Британия архивларида уруш бошлангунига қадар Гитлер билан олиб борилган музокараларга доир махфий ҳужжатлар борлигини айтган ва Болтиқбўйи давлатларининг советлар томонидан ишғол этилишини ҳимоя қилган.
Унинг ёзишича, Болтиқбўйи давлатларининг ишғоли "сайлаб қўйилган ҳукуматларнинг розилиги билан" ва халқаро қонунларга мувофиқ тарзда юз берган.
'Ҳаваскор тарихчи'
Путиннинг Иккинчи Жаҳон урушига доир асосий тезисларини шу йил январида Британиядаги Кардифф университетининг халқаро муносабатлар бўйича профессори, тарихчи Сергей Радченко таҳлил қилган эди.
У Путин тарихий фактлардан танлаб олган ҳолда истифода қилиши ва воқеаларнинг моҳиятини бузиб кўрсатишини айтган.
Радченконинг ёзишича, Россия раҳбари "ноқулай воқеалар" ҳақида сукут сақлайди.
"Бу биронта ҳам илмий журнал нашр қилмайдиган ҳаваскор тарихчининг қарашларидир", деб ёзган профессор Радченко.
Польшага қарши айбловлар
Ўтган йилнинг 20 декабрь куни МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммитида Путин яна бир марта Иккинчи Жаҳон урушининг бошланишида Польшани айблаганди.
У Польша ҳукуматининг уруш бошланиши арафасида ва урушнинг илк ойларидаги ҳаракатларини танқид қилган.
"Польшанинг ўзи Чехословакияни бўлишда иштирок этди. Иккита район - Тешинский ва яна бир районга кирди. Бўлди, шу билан эгаллаб олди", деган Путин.
У 1939 йил сентябрида совет контингентининг Польшага тегишли шарқий ерларни босиб олишини оқлашга уринган.
"Қўшинлар (совет қўшинлари - таҳр.) киришга кирди, аммо Польша ҳукумати ўз қуролли кучлари устидан назоратни бой берганидан кейин... кирди. Бу вақтда Польша ҳукуматининг ўзи қаердадир Польша-Руминия чегарасида турган эди. Гаплашадиган одамнинг ўзи йўқ эди", деб айтган Путин.
Россия раҳбарига кўра, Қизил армия қўшинлари Польшанинг бу ҳудудларини ишғол қилмаган. "Немис қўшинлари кирган, кейин озод қилинган ва совет ҳарбийлари кирган".
Путиннинг фикрича, "Германиянинг ҳарбий машинасидан ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган" Польша ҳукуматиниинг ўзи "польякларни сотган" ва Иккинчи Жаҳон урушининг бошланиишига ҳисса қўшган.
Польша Ташқи ишлар вазирлиги Путиннинг иддаоларини "Сталинча пропаганда" деб атаган.
Варшава Россия раҳбарини "Россия-Польша муносабатларида ҳақиқат ва муросага эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказишда айблаган.
'Ахлоқсиз'
Путиннинг Молотов-Риббентроп пакти ҳақидаги сўнгги нуқтаи назари унинг 2009 йилдаги ўз қарашларига мутлақо зид.
2009 йилда Польшанинг мустақил "Газеты Выборчи" рўзномасида чоп этилган мақоласида Путин Молотов-Риббентроп пактини ахлоқсиз, дея қоралаганди.
"Шубҳасиз, 1939 йил августида имзоланган Молотов — Риббентроп пактини қоралаш учун тўлиқ асослар бор. Ахир бир йил аввал Франция ва Англия Мюнхенда Гитлер билан машҳур битимни имзолаш орқали фашизмга қарши курашиш учун ягона жабҳа ташкил этиш умидларини йўққа чиқаришганди. Бугун биз нацистлар режими билан ҳар қандай келишув ахлоқий нуқтаи назардан қабул қилиб бўлмас ва ҳаётга тадбиқ қилиш нуқтаи назаридан истиқболсиз бўлганини яхши биламиз", деб ёзган Путин 2009 йилда.
Молотов-Риббентроп пактига мувофиқ, Германия ва СССР Польшани биргаликда ишғол қилган ва уни бўлиб олган эди.
Тарихни қайта... ва қайта ёзиш

Сурат манбаси, Official
Путин ўзининг сўнгги мақоласида фашизм устидан қозонилган ғалабада Марказий Осиё давлатларининг ҳиссасини ҳам тилга олган.
"Миллионлаб эвакуация қилинган одамлар учун Волгабўйи ва Урал, Сибирь ва Узоқ Шарқ, Ўрта Осиё республикалари ва Кавказорти ўз уйларига айланди. Улар охирги нонларини бўлишди, қўлларидан келган ҳамма ёрдамни бердилар. Халқлар дўстлиги, уларнинг ўзаро бирдамлиги душман учун ҳақиқий енгилмас қўрғонга айланди", деб ёзган Путин.
Ўтмишда Кремль айрим собиқ совет давлатлари, жумладан, Ўзбекистонни ҳам Иккинчи Жаҳон уруши тарихини қайта ёзишга уринишда айблаган.
2009 йил охирида Тошкентдаги шўро аскарига қўйилган ёдгорликнинг олиб ташланиши Россия ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлган эди.
Россия матбуоти Ўзбекистон ҳукуматини "Улуғ Ватан уруши тарихини қайта ёзишга уриниш"да айблаган.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида бир неча норозилик чиқишлари бўлиб ўтган.
Россиялик айрим таҳлилчилар Тошкентдаги шўро аскари ёдгорлигининг олиб ташланишини "Россияни Ўзбекистондан бутунлай сиқиб чиқариш" уриниши сифатида талқин этганлар.
Аммо Ўзбекистон ҳукумати шўро аскарига қўйилган ҳайкал Иккинчи жаҳон уруши жангчиларининг хотираси тимсоли бўлмагани, балки "бор-йўғи эски тузум мафкурасини акс эттиргани"ни айтиб, Россия матбуотидаги тарихни қайта ёзиш иддаоларини рад этган.
2010 йилнинг 13 январида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги биноси олдидаги собиқ шўро аскари ҳайкалининг ўрнида барпо этилган янги мажмуа Президент Каримов томонидан очилган.
Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистоннинг совет давридаги ўтмишига муносабат ўзгараётгани кузатилади.
Мирзиёевдаврида совет давридаги айрим рамзларнинг қайта тикланишига рухсат берган.
Бу йил 9 май расман "Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги" сифатида нишонланган ва Президент Мирзиёев Тошкентда айни санага мўлжаллаб барпо этилган "Ғалаба боғи"ни очиб берган.
Жорий ҳафтада Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳайъатининг Москвада 24 июнда ўтиши режаланган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиши маълум қилинган.
Марҳум Ислом Каримов даврида 9-Май фақат "Хотира ва қадрлаш куни" сифатида нишонланган.
Каримов мустақилликнинг илк йилларидаёқ "Улуғ ватан уруши" иборасини тақиқлаган, унинг ўрнига "Иккинчи жаҳон уруши" ибораси муомалага киритилганди.
'Телбалик'
Ғарблик сиёсатчилар Путиннинг ўзини Иккинчи Жаҳон уруши тарихини қайта ёзишга уринишда айблашмоқда.
Белгиянинг собиқ бош вазири ва Европа Парламенти депутати Ги Верхофстадт Путиннинг баёнотини "телбалик" деб атаган.
Эстония, Латвия ва Литва эса 18 июнь куни Россия элчиларига норозилик нотаси топширган.
Бу уч Болтиқбўйи давлати Ташқи ишлар вазирликлари Путиннинг сўнгги мақоласини "тарихий фактларни қасддан бузиб кўрсатиш" дея баҳолаган.
Болтиқбўйи давлатлари Россия Думаси депутатларининг яқинда илгари сурган қонунчилик ташаббусини "тарихий ревизионизм" дея баҳолаганлар.
Қонун қабул қилингани тақдирда, собиқ СССР Олий Кенгашининг 1989 йил 24 декабрда қабул қилган нацистлар Германияси ва Совет Иттифоқи ўртасидаги ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисидаги Молотов — Риббентроп пактини қораловчи резолюцияси ўз кучини йўқотади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













