Медведев Каримовни "тарихни қайта ёзиш уринишлари"дан огоҳлантирди

Жаноб Медведев Президент Каримовга табригида "тарихни қайтадан ёзиш уринишлари" ҳақида огоҳлантирган
Сурат тагсўзи, Жаноб Медведев Президент Каримовга табригида "тарихни қайтадан ёзиш уринишлари" ҳақида огоҳлантирган

Ғалаба куни муносабати билан табригида Президент Медведев жаноб Каримовни "тарихни қайтадан ёзиш уринишлари" ҳақида огоҳлантирган.

Россия Президентининг веб саҳифасида эълон қилинган табрик матнида Дмитрий Медведев "миллионлаб инсонлар ғалаба учун ўз жонларини қурбон қилганликлари"ни таъкидлаган.

"Қаҳрамонлар хотирасини эъзозлаш, тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, Улуғ Ватан уруши натижаларини қайта кўриб чиқишга ҳар қандай уринишларга биргаликда қарши туриш- бизнинг муқаддас бурчимиздир", дейилади Президент Каримовга йўлланган табрикда.

Россия президенти икки давлатнинг дўст халқлари "бу каби ёндошувга қўшиладилар", деб ишонишини айтган.

Хотира куни

Ўзбекистонда 9 май расман "Хотира ва қадрлаш куни" сифатида нишонланади.

Мустақилликдан сўнг мамлакат раҳбарияти Улуғ Ватан урушини "Иккинчи жаҳон уруши" иборасига ўзгартирган.

Ҳар йили шу куни Президент Каримов собиқ Мустақиллик майдонидаги "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гул қўяди ва уруш фахрийлари билан учрашади.

2009 йил охирида Тошкентдаги шўро аскарига қўйилган ёдгорликнинг олиб ташланиши Россия ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлган эди.

Россия матбуоти Ўзбекистон ҳукуматини "Улуғ Ватан уруши тарихини қайта ёзишга уриниш"да айблаган.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида бир неча норозилик чиқишлари бўлиб ўтган.

Россиялик айрим таҳлилчилар Тошкентдаги шўро аскари ёдгорлигининг олиб ташланишини "Россияни Ўзбекистондан бутунлай сиқиб чиқариш" уриниши сифатида талқин этганлар.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати шўро аскарига қўйилган ҳайкал Иккинчи жаҳон уруши жангчиларининг хотираси тимсоли бўлмагани, балки "бор-йўғи эски тузум мафкурасини акс эттиргани"ни айтиб, Россия матбуотидаги тарихни қайта ёзиш иддаоларини рад этган.

2010 йилнинг 13 январида Мудофаа вазирлиги биноси олдидаги собиқ шўро аскари ҳайкалининг ўрнида барпо этилган янги мажмуа Президент Каримов томонидан очилган.

Ўтган йили биринчи ўзбек совет генерали Собир Раҳимов номи Тошкентнинг айни номдаги тумани ва метро бекатларидан олиб ташланган.

Унинг ҳайкали пойтахтнинг бошқа жойига кўчирилган.

Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда Ғалаба куни расмий тантаналар билан нишонланган.

Олма-Отада уруш фахрийлари қаршисида нутқ сўзлаган Президент Назарбоев Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалаба билан мустақил Қозоғистон давлатининг ташкил топиши узвий боғлиқ эканини айтган.

"Ғолиб оталаримизнинг жасорати бўлмаганида, биз бу давлатни қура олмас эдик", деган у.

"Қозоғистоннинг бугун биз фахрланаётган иқтисоди ҳам сизнинг қўлларингиз билан барпо этилган", дея таъкидлаган жаноб Назарбоев.

Ўзбекистонда эса Президент Каримов 9 май арафасида уруш фахрийларини 300 минг сўм пул мукофоти билан тақдирлаш ҳақидаги фармонга имзо чеккан.

Бу қора бозор курсида 120 АҚШ долларига тенг.