Ҳиндистон, коронавирус: Таблиғи Жамоат касаллик кенг тарқалишига сабаб бўлдими?

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистон пойтахти Деҳлида ўтказган оммавий йиғини мамлакат бўйлаб коронавирус тарқалиши занжирига сабаб бўлиши ортидан Таблиғи Жамоат исломий ташкилоти матбуот назарига тушган. Бу қандай гуруҳ ўзи ва у Деҳлида нега катта тадбир ўтказди?
Таблиғчилар ким ўзи?
Гуруҳ 1926 йили Ҳиндистон шимолидаги Меват ҳудудида таниқли уламо Мавлоно Муҳаммад Илёс Кандлави томонидан ташкил этилган.
Унинг мақсади уммат орасида «соф» исломи ёйиш эди - ўша вақтда кўплар мусулмонлар ўзларининг сиёсий ва диний ўзликлари британ бошқаруви томонидан босим остига олиняпти, деб ҳисоблар эдилар.
Фаолиятнинг илк йилларида ташкилотнинг таъсири анча кенг ёйилади. 1947 йилда Ҳиндистон мустақилликка эришиб, Покистон ва Бангладеш мамлакатдан ажралиб чиқиб кетгандан сўнг ҳам ўз таъсирини сақлаб қолади.
Бугунги кунда Покистон ва Бангладешдаги кўплаб одамлар ўзини Таблиғи Жамоат издошлари санайди.
Ташкилотнинг мақсади нима?
Ташкилотнинг асосий кўзлаган мақсади - мусулмонлар орасида мукаммал исломни тарғиб қилиш.
Унинг аъзолари ташкилот Қуръон таълимотига асосланган исломий жамият барпо этишни кўзловчи сиёсий мақсадларсиз ҳаракат эканлигини иддао қилади.
Жамоат ҳар йили турли давлатларга қирқ кун муддатга ўз вакилларини юборади. Юзма-юз суҳбатларнинг таъсирига ишонган тарғиботчилар дуч келган эшикни тақиллатиб, оддий мусулмонларга соф ислом ғояларини уқтиришга уринадилар.
Деҳлида нима бўлган эди?
Деҳлида 3 март куни бошланган таблиғчиларнинг йиллик йиғинида кўплаб одам, жумладан, 250 нафар хорижлик тўплангани хабар қилинади.
Хорижликлар ўзи билан коронавирус олиб келгани ва уни мамлакат бўйлаб тарқашида катта роль ўйнаганига ишонилади.
Таблиғчилардан бўлган Васим Аҳмаднинг Би-би-си Ҳинд Хизматига маълум қилишича, йиғинга келган юзлаб вакиллар 24 март куни кучга кирган қатъий карантиндан олдин кетишга муваффақ бўлган. Бироқ барча турдаги транспорт ҳаракати тўхтатилгани ва халқаро рейслар бекор қилингани туфайли мингдан зиёд таблиғчилар ҳамда кўплаб хорижликлар йиғин бўлган ҳудуддан чиқиб кета олмаган.
Шундан сўнг полиция хорижлик таблиғчилар қўним топган ётоқхоналарда тозалов ўтказган ва уларни Деҳлининг бошқа қисмига олиб бориб, карантинга ташлаган.
Ҳозирда мазкур йиғин иштирокчиларини мамлакатнинг ҳар бир штати бўйлаб излаш ва уларни тест қилиш ҳаракатлари давом этмоқда. Маҳаллий нашрлар пайшанба кунга қадар таблиғчилар йиғини туфайли таблиғчилар йиғини туфайли коронавирус юқтириб олганлар сони 389 нафарга етганини хабар қилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Гуруҳнинг қанча аъзоси мавжуд?
Таблиғи Жамоат халқаро даражага чиққан диний ҳаракат бўлиб, 80 дан зиёд мамлакатда унинг издошлари мавжуд.
Ташкилотнинг ўзи фаолият юритадиган ҳар бир давлатда қароргоҳи мавжуд. Бироқ гуруҳнинг ғоявий маркази ўз номи билан Деҳлида жойлашган Марказ ҳисобланади.
Ушбу қароргоҳ Деҳлининг мусулмонлар яшайдиган таниқли мавзесидаги кўп қаватли бинода жойлашган. Марказ масжид ва беш одамга бошпана бўла оладиган ётоқхоналарни ҳам ўз ичига олган.
Жамоат бошқа давлатларда ҳам йирик тадбирлар уюштириб туради.

Сурат манбаси, Getty Images
Бангладешда ўтувчи, Бисва Ижтема номи билан тадбир дунёда мусулмонлар тўпланадиган, Ҳаждан сўнг иккинчи ўринда турувчи йиғин ҳисобланади.
Жанубий Осиёдаги кўплаб машҳур шахслар таблиғчилардан экани маълум.
Покистоннинг собиқ президентлари Фаруқ Легари ва Муҳаммад Рафиқ Тарар ҳам ташкилотнинг аъзоси бўлганига ишонилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












