Қотиллик анатомияси: Ҳеврин Халаф - суриялик Курд 'сулҳчи'сини ким ўлдирди?

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си Араб хизмати ўтказган журналистик суриштирув суриялик Курд сиёсатчиси Ҳеврин Халафни "Сурия Миллий Армияси" деб номланган исёнчилар томонидан қатл этилганини аниқлади.
Аммо исёнчилар гуруҳининг Аҳрор ал-Шарқия деб номланган қисми қотиллик учун ўзларини масъул эканликларини рад этадилар.
Аммо тўпланган далиллар жангариларнинг баёнотидан бошқа манзарани чизиб беради.
34 ёшли Ҳеврин Халаф Сурияда истиқомат қиладиган барча миллатлар тенглигини мақсад қилган сиёсий ҳаракат етакчиси эди.
У Сурия шимолидаги Курдлар истиқомат қиладиган Курд тилида Рожава деб аталадиган гуруҳга Туркия қўшинлари киритилишига қаттиқ қарши чиққан эди.
Барча миллат ва эллатлар тенглиги учун кураш
Ёш сиёсатчи "Келажак Сурияси" деб номланган сиёсий партия ташкил этилишида бош-қош бўлган эди.
Бу партия ўзлари истиқомат қиладиган ҳудудда насронийлар, курд ва араблар тенг бўлиб, урушдан кейинги қайта қуришда ёнма-ён туришларини мақсад қилган.
"Мен синглим, ўртоғим ва бизнинг умумий ишимиздаги ўртоқларимнинг етакчисидан айрилдим", дейди унинг ҳамкасби ва дўсти Нубаҳар Мустафо.

Сурат манбаси, Future Syria Party
2019 йил 12 октябри тонгида соат 5.30 ларда Ҳеврин Халаф Сурия шимолидаги Ҳасака шаҳридан партияси қароргоҳи жойлашган Раққа шаҳрига йўл олади.
У ўтирган автомобиль М4 автотрассаси деб номланган трассадан ҳаракатлана бошлайди.
Бундан атиги уч кун олдин ушбу ҳудуддан АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилган, Туркия армиясининг Сурия чегарасидан ўтиб ҳарбий амалиётлар ўтказиши учун Президент Эрдўғонга "яшил чироқ" берилган эди.
М4 автотрассаси уруш кетаётган жабҳа чизиғига яқин эмас.
Аммо ўша тонгда гувоҳлар Туркия ҳудудидан Сурияга ўтган ҳарбийлар карвони М4 томон ҳаракатланаётганининг гувоҳи бўлганликларини айтишади.
Telegramдаги видеолар
Ҳарбий карвон Туркия дастаклайдиган "Сурия Миллий Армияси"(SNA)нинг бир қисми бўлган.
Бу номни Президент Башар Ассаднинг марказий ҳукумати армияси номи билан адаштирмаслик керак.
SNA таркибида 41 гуруҳ бўлиб, уларнинг 70000 дан ортиқ жангчиси бор.
Туркия бу жангариларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказади ва қурол-яроғ билан таъминлайди.
Улар Сурия шимоли-шарқидан АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин Курд жангариларига қарши жанг қилиб келадилар.
2019 йил 12 октябрида SNA таркибидаги Аҳрор ал-Шарқия гуруҳи Telegram каналида видеолар эълон қилади, ўзларининг М4 автотрассасига етиб келганини эълон қиладилар.

Жангариларнинг видеосидаги қуёш чиқаётган вақт, бетон тўсиқлар, телефон антеннаси ва чанг кўчани Ернинг сунъий йўлдошидан олинган харита билан солиштириб, Би-би-си бу жойнинг Тирвазия чорраҳасидаги текшириш нуқтаси эканини аниқлаган.
Айнан Ҳасакадан йўлга чиққан Ҳеврин Халафнинг автомобили Тирвазия текшириш нуқтасидан ўтиши керак эди.
Жангарилар видеода ҳудуддан қочаётган ПКК - Курдистон Ишчи партияси жангариларини тутиб олганларини айтганлар ва бир инсонни қатл этганлар.
Би-би-си Араб хизмати далилларни ўрганиб, гувоҳлар билан суҳбатлашиб Ҳеврин Халафни Аҳрор ал-Шарқия жангари гуруҳи қуроллилари қатл этганларини аниқлади.
Аммо Аҳрор ал-Шарқия гуруҳи ҳамон Ҳеврин Халаф ўлими учун масъуллигини рад этиб келади.
















