Дунё, янгиликлар: Туркия Суриядаги ҳарбий амалиётларини тўхтатди, Маҳмуд Ражаб 2 йилга шартли озодликдан маҳрум этилди

Ҳарбийлар

Сурат манбаси, AFP/GETTY IMAGES

Туркия Сурия шимолида оташкесимга рози бўлди, бунинг эвазига АҚШ иттифоқчилари ҳисобланган Курд Халқ Мудофааси кучлари (YPG) ҳудуддан чиқиб кетишлари талаб қилинади.

Бу борадаги келишувга Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ва АҚШ Вице-Президенти Майк Пенс ўртасидаги музокаралар ортидан эришилган.

17 октябр куни Анқарадаги олиймақом учрашув тўрт соатдан зиёд давом этгани хабар қилинди.

Бундан олдин АҚШ Президенти Доналд Трамп Туркиянинг Сурия шимоли-шарқида ўз чегаралари бўйлаб "хавфсизлик ҳудуди"ни яратиш мақсадида бошлаган жанговар амалиётларидан ғазабга келганди, расмий Анқарага нисбатан жазо чоралари киритилиши айтилиб, Туркияга Вице-Президент Майк Пенс йўл олди.

Воқеаларнинг сўнгги ривожида Туркия ўт очишни 120 соатга тўхтатгани, Халқ Мудофааси кучлари (YPG)га Туркия чегарасидан 30 километр узоқлашишга имконият берилиши айтилди.

АҚШ Вице-Президенти Майк Пенснинг сўзларига кўра, агар 5 кун ичида Курд жангчилари Туркия "хавфсизлик ҳудуди" деб эълон қилган ҳудуддан тўлиқ чиқиб кетсалар, оташкесим доимийлик касб этади.

Туркиянинг жанговар амалиётларни тўхтатишга қарор қилгани Президент Трампни хурсанд қилди.

АҚШ Президенти Трамп Туркия Президенти Эрдўғонга миннатдорлик изҳор этган, уни яхши одам, дўст деб атаган.

Бир кун олдин Президент Трампнинг Президент Эрдўғонга юборган мактуби ахлат идишига улоқтирилгани ҳақидаги хабар тарқалган эди.

Президент Эрдўғонга кўра, Туркия ва АҚШнинг биргаликдаги ҳаракатлари минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хабарларга кўра, Туркия "хавфсизлик ҳудуди" деб белгилаган жойлар Сурия курдлари жангчилари назоратида бўлган жами ҳудуднинг учдан бир қисмини ташкил этади.

Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг Брекзит келишувини парламент маъқуллайдими?

Брюсселда музокара

Сурат манбаси, EPA

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг айтишича, ЕИ раҳбарияти билан Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши ҳақидаги келишувга эришган.

Жаноб Жонсон буни "буюк янги битим" деб атаган.

Ушбу битимни ЕИ раҳбарлари маъқуллаганлар.

Энди ушбу битимни Британия парламентининг маъқуллаши, ундан сўнг Европа Парламентининг ратификация этиши талаб қилинади.

Шу мақсадда парламентнинг 19 октябр куни мажлисга йиғилиши кутилади.

Агар парламент Бош вазир Борис Жонсон таклиф этган келишувни маъқулласа, Британия 31 октябр куни расман Европа Иттифоқи аъзолигидан чиқиб кетади.

Аммо аксар кузатувчилар Британия парламентида Брекзитнинг бирор келишувини ёқлаб овоз берадиган кўпчиликни йиғиш мушкуллигига эътибор қаратадилар.

Жаноб Жонсон таклиф қилган битим матнига Британия Консерватив партиясининг иттифоқчиси саналадиган Шимолий Ирландия Демократик Юнионистлар партияси ва Лейбористлар қарши эканликларини билдиришган.

Шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб 2 йилга шартли озодликдан маҳрум этилди

Маҳмуд Ражаб

Сурат манбаси, Social media

Хоразмлик шоир ва журналист, мухолифатдаги "Эрк" Демократик партияси фаоли Маҳмуд Ражабнинг "Озодлик" радиосига маълум қилишича, 18 октябр куни Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида ўзининг устидан маҳкама бўлиб ўтган ва 2 йил 3 ойлик шартли озодликдан маҳрум этиш ҳукми эълон қилинган.

Суд 56 яшар шоир ва журналистни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244- (Оммавий тартибсизликлар) ва 246- (Контрабанда) бандларида айбдор деб топган.

Маҳмуд Ражаб суд залидан уйига қўйиб юборилган.

У ўзига суд белгилаган шартли жазо муддати тугагунича Ўзбекистон ҳудудини тарк эта олмаслигини айтган.

Маҳмуд Ражаб ва қариндошлари 22 сентябрь куни Хоразмдан пойтахт Тошкентга, Ички Ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан учрашувга пиёда юриб боришни режалагани ҳақида эълон қилишган.

Улар мухолифатдаги муҳожиротдаги "Эрк" Демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ асарларини Ўзбекистонга олиб кирганликда айбланаётган Маҳмуд Ражабга нисбатан жиноий таъқибни тўхтатишни талаб қилишган.

23 сентябр куни Маҳмуд Ражаб ва асосан унинг қариндошларидан иборат 20 дан ортиқ намойишчи Хоразмдан Тошкентга тинч юришни бошлаганлари, йўлда Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан куч билан автобусга ўтқазилиб олиб кетилганлари хабар қилинди.

Шабнам Оллошкурова

Сурат манбаси, Social media

Маҳмуд Ражаб ва инсон ҳақлари фаоли ва блогер Шабнам Оллошкурова(Нафосат Оллашкурова) 10 суткага қамалдилар.

10 суткалик жазо муддатидан кейин Маҳмуд Ражаб озод этилгани, бироқ блогер Шабнам Оллошкурова(Нафосат Оллашкурова) Урганч шаҳридаги Руҳий хасталиклар диспансерига ётқизилгани маълум бўлди.

Яқинлари Шабнам (Нафосат)нинг мутлақо соғлом экани ва ижтимоий тармоқлардаги фаолияти учун жазоланаётганини айтишди.

Шабнам Оллошкурованинг руҳий шифохонага ётқизилиши Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан кейинги илк ўзгача фикрдаги инсоннинг айни усулда жазоланиши экани ва Ўзбекистондаги сўнгги уч йилдаги ижобий ўзгаришларга соя солаётгани айтилмоқда, ижтимоий тармоқларда инсон ҳақлари ҳимоячиси ва блогерни озод қилишга чақириқлар кучайган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek