Би-би-сига айтаман: “Bатанни севмоқ иймондандир!”

"Асл ватанпарвар бўлиш учун фақатгина мамлакат ичида бўлиш шартмикан?"
Сурат тагсўзи, "Асл ватанпарвар бўлиш учун фақатгина мамлакат ичида бўлиш шартмикан?"

Сўнгги вақтда Ўзбекистон телевидениесининг дастурлари орасида турли ток шоyлар кўпайиб бормоқда. Бу яхши, албатта! Лекин уларнинг кўпчилиги бир-бирига ўхшаш.

Одатда, аудиторияда коллеж талабалари маънавият, олий қадрият ва миллий руҳни ҳамда ташқи таъсирга қарши иммунитетни шакллантириш хақида булбулигўё бўлиб сайрашади.

Уларни тингласанг, баъзида сўзларни аввалдан таёрлаб ёдлаб олишгандек туюлади. Сабаби ҳали она сути огзидан кетмаган болакайлар катталарга қандай яшаш ҳақида насиҳатлар қилишади.

Кўп ҳолларда ўзлари ҳали бориб ўз кўзлари билан кўрмаган чет мамлакаларнинг урф-одатлари-ю турмуш-тарзларини бир овоздан танқид қилиб қоралаб чиқишади.

“Ҳей, барака топгурлар, аввал четга чиқинглар, ўз кўзларингиз билан кўринглар… Ҳар жойнинг пасти-баланди, яхши-ёмон тарафи бўлади…Яхши томонини ўрганиб Ўзбекистонда тадбиқ этишнинг нима ёмон тарафи бор,” деб ижтимоий тармоқлар орқали четдан туриб айтсанг. Дарров қўрқоқ олдин мушт кўтарар деганларидек, “ватанфуруш, ватангадо…” деган тамғани босишга уринишади.

Шуларга бир савол бергинг келади киши – ватан сенинг назарингда нимадан иборат?- деган. Бу сиёсий харитада белгиланган чегараларнинг ичими?

Ахир, бу харита СССРдан мерос қолган ҳудуд эмасми?! Кенгроқ фикрлаб, масалага чуқурроқ ёндошиб қарасак, авваллари ўзбеклар учун Туркистон, ундан олдинроқ эса Моворауннаҳр, яна ҳам илгарироқ соҳибқирон Амир Темур забт этган ерлар…Тарих саҳифаларини янада синчиклаб кўрсак, бобокалонимиз Беруний назарий жиҳатдан кашф этган, дейиладиган Америка қитъасини ҳам ватан деб атаса бўлади.

Хуллас, бутун ер юзи инсон учун ватан, токи у сени ва сенинг яқинларингни қабул қилса, у ердаги жамият сенинг ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликларингни тан олиб ҳурмат қилса.

Қолаверса, бу масалага диний ёндашсак, биринчи одам ер юзига жаннатдан бадарға қилинганини ҳисобга олган ҳолда, инсоннинг асл ватани жаннат экани яққол намоён бўлади.

Демак-ки, ҳар бир шахс умри мобайнида асл ватанига интилиб яшаши керак. Буни қандай амалга ошириш мумкин? Жавоб оддий, ҳаромдан сақланиб ҳалолга интилиб яшамоқни ирода қилиш. “Ҳаромхўрлик” сўзи замонавий талқинда “коррупция” деб аталишини назарда тутсак, ҳар бир шахс ундан сақланиб яшайдиган бўлса, ўз-ўзидан коррупция деган балога чек қўйилади. Ва унга қарши ҳеч қандай дастурул-амаллар керак бўлмай қолади. Оқибатда, барча долзарб муаммолар ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетади.

Масалан, коррупциядан жабр кўриб четга муҳожирлик қилиб юрганлар ҳам ўз уйларида оила аъзолари олдида ўтирардилар. Шу ўринда, асл ватанпарвар бўлиш учун фақатгина мамлакат ичида бўлиш шартмикан, деган савол туғилади. Ватан равнақи, таррақиёти учун қаeрдан туриб ҳисса қўшишнинг аҳамияти бўлмаса керак. Хуллас, “Bатанни севмоқ иймондандир!”.

Тошкентлик журналист.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002