Тошкентда "MY5" номли янги телеканал очилди

Тошкентда "MY5" (Менинг юртим) номли янги нодавлат телеканал иш бошлаган.
Янги телеканал "Ёшлар маданият ва санъат маркази", "Камолот" ижтимоий ҳаракати, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси каби ташкилотлар кўмагида тузилгани хабар қилинади.
"MY5" рақамли форматда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларида эфирга узатилади.
Ўзбекистондаги интернет нашрларига кўра, телеканал асосан ёшларга мўлжалланган бўлиб, эфирнинг катта қисмини мусиқий-маданий, кўнгилочар дам олиш дастурлари ташкил қилади.
Яна маълум қилинишича, "MY5" ижтимоий роликларни ойига минг маротаба айлантирадиган биринчи рақамли телеканал бўлиши кутилаяпти.
Дастлабки кўрсатувларини бошлаган телеканал ҳақида ижтимоий тармоқларда фикрлар қолдирилган.
Бир томошабиннинг ёзишича, янги телеканалнинг ёшларни ўзига жалб қиладиган фарқли томони йўқ.
Тезкорлик, жасоарт, фикрни қўзғайдиган хусусиятлар етишмайди, деб ёзади Шуҳрат исмли фойдаланувчи.
Янги телеканалнинг фақат тошкентликлар кўра олиши бошқалар учун қизиқ хабар эмас, дейди бошқа киши.
Тошкентлик журналистлардан бирининг сўзларига кўра, янги канал томошабинларнинг ўсиб бораётган эҳтиёжи учун хизмат қилади, шунча танлов бўлади. Телеканалга ҳозир асосан ёш журналистларни ишга олишган. Уларни тўғри йўлга солинса, яхши кўрсатувлар тайёрлашса керак. Чунки улар ўзлари каби ёшларнинг қизиқишларидан яхши хабардор. Лекин ижтимоий роликларни қайта-қайта айлантириш менимча ортиқча, меъдага тегиб, таъсирсиз бўлиб қолишдан эҳтиётлик керак, деб айтади у.
"MY5" (Менинг юртим) канали декабр ойидан бошлаб тўлиқ ишга тушиши кутилади.
Ўзбекистонда ўтган йил Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли деб кўрилган бир нечта мустақил телеканаллар текширувлар ортидан тўхтатилган.
2013 йил Октябр ўртасида Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканали, сўнгра мустақил СТВ канали узиб қўйилганди.
Бироз вақтдан сўнг давлат телевидениеси таркибида мусиқий "Наво" канали очилган эди.
Ўзбекистонда шоу-бизнес янгиликларини ёритиб борувчи "Шов-шув.уз", "Сайёд.уз"ва бошқа веб-сайтларга кўра, "Наво" мусиқий канали кўпчиликда қизиқиш уйғота олмаган, аксарият ҳолларда бир хил, савиясиз клипларни қайта-қайта эфирга берилиши томошабинларнинг ҳафсаласини пир қилган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда қўшиқчилар орасида машҳур бўлган телеканаллар ёпилиши ортидан "Наво" каналидаги мусиқий чиқишлар учун хонандалардан ортиқча пул талаб қилиш ҳолатлари кўпайгани айтилган.












