Ўзбекистоннинг илк мустақил телеканали СТВ ўчиб қолган

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра Самарқанд шаҳридан фаолият юритувчи СТВ телеканали эфирдан йўқолган. СТВга Гулнора Каримованинг яқин ҳамкори саналадиган Фирдавс Абдуҳолиқов асос солган.
СТВ 31 октябр куни эфирга чиқмай қолган. Томошабинлар бу борада бирорта огоҳлантириш бўлмагини айтишмоқда. Телеканалнинг веб саҳифаси stv.uz ҳозирча ишлаб турибди. Аммо канални онлайн кўриш хизмати ишламаяпти.
Сайтда каналнинг нима сабабдан эфирга чиқмаётгани борасида бирор маълумот берилмаган.
Би-би-си вазиятга аниқлик киритиш мақсадида СТВга қўнғироқ қилганида гўшакни олган ходим канал эфирга чиқмаётганини тасдиқлади.
“Техник носозлик сабаб ўчиб қолди. Ҳозир йигитларимиз созлаш учун ишлаяпти”, - дея жавоб берди ўзини таништирмаган ходим.
СТВ ходими бошқа саволларга жавоб бермасдан гўшакни зудлик билан қўйиб қўйди.
СТВ мустақил телеканалига 1991 йили Фирдавс Абдуҳолиқов асос солган. У Ўзбекистондаги илк мустақил, нодавлат медиа саналади.
СТВ Самарқанд вилояти ва шаҳри аҳолиси ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи информацион-сиёсий, мусиқавий – кўнгилочар канал ҳисобланади.
Суткасига 17 соат эфирга чиқувчи ушбу каналнинг 2 миллион атрофида томошабини борлиги айтилади.
СТВнинг эфирдан йўқолиши Гулнора Каримовага тегишли эканлиги айтиладиган теле ва радиоканалларнинг ёпилиш манзарасида рўй бермоқда.
Твиттер орқали СТВнинг ёпилганидан хабар топган Гулнора Каримова унга муносабатини билдирган.
“Бу бир гуруҳ зарар етказувчиларга қарши ўзгача фикрловчи ва Президентга мустақилликка эришган кундан бери содиқ хизмат қилган СТВ канали бўлади. Ушбу “мард йигитлар” ҳақиқатни гапирувчи хусусий каналларни бир бирма йўқ қилишади”, - деган Гулнора Каримова.
Аммо у ушбу ҳолат кўпга чўзилмаслигини таъкидлаган.
“Мамлакат раҳбарига эмас, балки ушбу “кучишлатар тизимлар”га содиқлар қолади. Аммо ҳар қандай хом хаёлларга берилишса ҳам бу узоқ давом этмайди”.
Гулнора Каримовага тегишли эканлиги айтиладиган 4 телеканал ва 3 радиоканал фаолиятининг вақтинча тўхтатилиши ортидан ҳуқуқ-тартибот органлари Каримова бошчилигидаги Фонд Форум фаолияти ва унга боғлиқ ташкилотлар устидан текширув бошлаган.
Тошкентда жойлашган хусусий очиқ акциядорлик тижорат Invest Finance банкдаги Фонд Форумнинг ҳисоблари, Terragroup, "Дом стиля" ва Гулнора Каримованинг расмий офисига тегишли барча ҳисоблар музлатилган.












