Ўзбекистонда Россиянинг яна бир телеканалини узатиш тўхтатилди

Сурат манбаси,
"Домашний" телеканали Вазирлар Маҳкамаси қошидаги махсус комиссия қарори билан кабел телевидение тармоғидан олиб ташлангани айтилмоқда.
Бу ҳақда хабар берган Ўзбекистондаги интернет нашрларида расмийлардан ҳеч қандай изоҳ келтирилмайди.
Кўнгилочар дастур ва хорижий телесериаллар билан оммалашган канал аввалроқ рақамли телевидение орқали узатиладиган телеканаллар рўйхатидан олиб ташлангани хабар қилинганди.
"Домашний" соҳиби бўлган Россиянинг "СТС Медиа" гуруҳи Ўзбекистон ҳукумат комиссиясининг қарорига муносабат билдирмаган.
Би-би-си билан суҳбатда "СТС Медиа" вакили Андрей Белов ўзбек томони трансляцияни тўхтатганини тасдиқлади, аммо унинг сабаблари борасида шарҳ бермади.
"Домашний" телеканали дастурлари орасида сўнгги пайтларда энг кўп кўрилгани Туркиянинг "Муҳташам аср" телесериали бўлгани айтилади.
Гулнора Каримованинг ҳамкори
Россиянинг энг йирик телевизион холдингларидан бўлган "СТС Медиа" гуруҳи Ўзбекистондаги лойиҳасини 2007 йилда бошлаган эди.
Ширкат Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган "Терра" гуруҳи билан бирга "СофТС" қўшма корхонасини таъсис этган.
"СТС Медиа"корхона ҳиссасининг 51 фоизига эгалик қилган.
2007 йилнинг апрелидан бошлаб "СофТС" Тошкентнинг "30-канал"и билан имзоланган шартнома асосида кўрсатувларни эфирга узатишни бошлаган.
Аммо 2010 йилга келиб, "СТС Медиа" Ўзбекистоннинг телевизион бозори жозибали эмаслиги ва даромад келтирмаганини айтиб, Тошкентдаги қўшма корхонаси тугатилишини эълон қилган.
Аммо кабел телевидениеси тармоғида "Домашний" телеканали қандай шартлар асосида сақланиб қолгани маълум эмас.
"Terra Group" Ўзбекистоннинг энг йирик медиа-холдинги бўлиб, унинг таркиибига "Радио Terra" ва "Замин" радиостанциялари, "Марказ ТВ" телеканали, "PanTerra" реклама агантлиги ҳамда "ВellaTerra" ва "BabyTerra" журналлари киради.
Ўзбекистонда Россиянинг аксарият телеканалларини тўғридан - тўғри узатиш 1990-йиллар ўрталаридаёқ тўхтатилган, аммо кейинроқ кабел телевидениелари видеофилмлар намойишидан Россия телекўрсатувларини намойиш қилишга ўтгач ДТВ, ТНТ ва Рен-ТВ каби телеканаллар кабел тармоқларида пайдо бўлган эди.
Сўнгги йилларда бу телеканалларнинг ҳаммаси турли важлар билан ёпилган.
2012 йил бошида шунингдек, Ўзбекистон теканалларида барча турк сериалларининг намойиши тўхтатиб қўйилган.
Кузатувчилар буни икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашиши билан изоҳлашган.












