Ваъдаларга қарамасдан Ўзбекистонда газ қазиб олиш камаймоқда - Қишда нима бўлади?

Сурат манбаси, uzbekneftgaz
Очиқланган расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йил июл ойи билан солиштирганда 114,6 млн. кубга камайган. Энергетика вазири ўтган йили газ қазиб олиш кўпайишини айтган бўлса-да, у камайишда жавом этмоқда.
Мутахассислар динамика сақланса, 2024 йилда ўтган йилдагидан 2-3 млрд.куб кам газ қазиб олиниши мумкинлигини айтмоқда.
Бу йил ҳозирча шаз омборларини газ билан тўлдирилгани ҳақида расмий хабарлар берилмади. Аксинча, мазут импорти 2 баробар ортган.
"Ўтган йили ваъда қилинган "мўъжиза" бир йил ўтиб ҳам рўй бермади: 62 млрд.куб газга қачон етамиз?", дея савол беради иқтисодчи Отабек Бакиров.
Унга кўра, ўтган йили апрель ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми қисқариши тўхтамаётганига Энергетика вазири изоҳ бериб, йилнинг иккинчи ярмидан «динамиканинг ўзгариши»ни айтган эди.

"Бу орада 2023 йил тугади, 2024 йилнинг биринчи ярми ҳам тугади, 2024 йилнинг иккинчи ярми ҳам келди. Шимолдаги пудратчилар ва уларнинг эмиссарларига ҳеч бир тендерсиз топширилган қазиш ва бурғулаш ишларига триллионлар сарфланаётганига қарамай қулаш тўхтагани йўқ", деб ёзади Бакиров.
Расмийлар ўтган тган йили табиий газ қазиб олиш ҳажмини 62 млрд.кубгача етказиш мақсадли кўрсаткичини эълон қилишганди.
"Бу кўрсаткичга етиш учун газ қазиб олиш, мўъжиза рўй бериб ҳозирги тубга қулаш тўхтатиб қолинган тақдирда, ҳар йили 8-10%дан ёки ўртача 4 млрд.кубдан ошириб борилиши керак", дейди иқтисодчи.
Ишлаб чиқариш камайса-да, газ экспорти ошмоқда
Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонга июнь ойида 166,3 млн.долларлик газ импорт қилинган бўлса, газ экспорти май ойига нисбатан қарийб 24 баробарига ошиб, 181,5 млн.долларга етган.
Газни Россиядан импорт қилаётгани Ўзбекистон унинг бир қисмини экспортга йўналтираётган бўлиши мумкинлиги айтилади.
"Бу иқтисодий мазмунга эга бўлмаган парадокс жараён бўйича, табиийки, саволлар туғилади: Экспорт қилаётган эксклюзив чўнтаклар кимлар? Импорт қилаётганлар кимлар? Газ қазиб олиш тушиб бораётган вақтда бюджет ҳисобидан субсидияланаётган газ импортининг қанча қисми экспортга кетмоқда? Импортнинг зарари ўзбекистонликларга, экспортнинг фойдаси олигарх ва чўнтакларга тушмаяптими?", дея саволлар бермоқда Ўзбекистондаги иқтисодчи Отабек Бакиров.
Ўзбекистон газ танқислигига юз тутмоқдами?
Озарбайжоннинг News.az сайтига берган интервьюсида россиялик таҳлилчи Ўзбекистон газ танқислигига юз тутаётгани ва энди Қозоғистонни ҳам шундай қисмат кутаётганини айтган.
Июн ойи бошида Санкт-Петербург шаҳрида ўтган Халқаро иқтисодий форумда Россиянинг "Газпром" ширкати Ўзбекистон ва Қирғизистонга газ транзитни амалга ошириш бўйича Қозоғистон билан шартномани имзолади.
Яна бир шартномага кўра, Ўзбекистонга юбориладиган Россия гази ҳажмини ошириш учун Қозоғистондаги САЦ қувури тайёргарликка келтирилади.
News.az билан суҳбатда Россия ҳукуматига тегишли Молия университетининг эксперти, Миллий энергия ва хавфсизлик жамғармасининг етакчи таҳлилчиси Игор Юшков Ўзбекистондаги газ танқислигига алоҳида тўхталган.
"Аввал газ сотувчиси бўлган Ўзбекистон энди газ харидорига айланди. Бир йил олдин шартнома имзоланди, чунки 2022-2023 йиллар иситиш мавсумида Ўзбекистондаги маҳаллий тизим қулади ва ҳатто Хитойга газ экпортлари тўхтатилганидан кейин ҳам газ етишмади. Газ камлиги туфайли буғ қозонларидаги сув етарлича исимади ва Тошкентдаги хонадонларда совуқ бўлди. Одамлар гулхан ёқиб исиндилар. 2023 йил июнида Ўзбекистон Газпром билан шартнома имзолади ва октябрда Россия гази Қозоғистон орқали Ўзбекистонга оқа бошлади. Бу тўғри қарор бўлди", - деб айтган таҳлилчи.
Юшковнинг айтишича, ўтган декабрда Газпромнинг ижрочи директори Алексей Миллер Россия Президенти Владимир Путинга ҳисобот бера туриб, ўзбек шериклар илтимосига биноан Ўзбекистонга газ келишилган кундалик 9 миллион куб метрдан оширилганини алоҳида таъкидлаган.
Унга кўра, Ўзбекистон ва Газпром янги шартномага имзо чекди. Шартномага биноан, Ўзбекистонга аввал келишилган йиллик 2,8 миллиард куб метр 3 миллиард куб метрдан ошиқ ҳажмга ўзгартирилган. Умумийла, контракт 11 миллиард куб метр газни назарда тутади.
Юшковга кўра, Қозоғистон ҳозирча Россия газини фақат ўз ҳудудидан ўтқазиб беряпти, лекин яқин орада у ҳам Россия газга муҳтож бўлади.
"Қозоғистон ҳам ички газ истеъмоли ўсишига юз тутяпти. У ҳали ҳам Хитойга газ сотаётган бўлса-да, вақт ўтган сари вазият мураккаблашиб бораётгани аён. 2023 йилда Қозоғистон газ ишлаб чиқаришни барқарорлаштиришга эришди, лекин келажакда танқислик юз бериши мумкин. Шу сабабдан, Қозоғистон энергия мувозанатидаги ўз газ эҳтиёжини ва кўмир ўрнини кўриб чиқиши керак. У нафақат Ўзбекистонга транзит, балки ўзидаги эҳтиёжни ҳисобга олиб газ нақлиётини тизимини замонавийлаштириши лозим. Бу шартнома, шунчаки - биринчи қадам. Келажакда Қозоғистон ҳам Газпромдан газ сотиб олиш бўйича шартнома тузиши ва ўз эҳтиёжи учун газ нақлиёти тизимини кенгайтириши мумкин", - дейди россиялик эксперт.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















