Янгиликлар. Россия: Ҳайит намози полиция қуршовида ўқилдими, ‘ҳар қадамда текшир-текшир’ ва Путин мусулмонларга нима деди, Ҳайит билан табрикладими? O‘zbekiston Rossiya Dunyo Yangiliklar

Rossiyada Hayit namozi

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Россиядаги мусулмонларнинг салмоқли қисмини Ўзбекистон ва қолган Марказий Осиё фуқаролари ташкил этишади.

Москвадан бу яқин йилларда кўрилмаган хабарлар олинмоқда.

Россия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп давлати бўлади.

Россиядаги мусулмонларнинг салмоқли қисмини ҳам Ўзбекистон ва қолган Марказий Осиё фуқаролари ташкил этишади.

Алоқадор мавзулар:

Нима гап?

Moskvadagi Hayit namozi

Сурат манбаси, AFP/SKRINSHOT

Россия пойтахтидан олинаётган хабарларга кўра, пойтахт Москвада Ҳайит намозига бу йил анча кам одам чиққан, теварак-атроф полиция билан ўралган.

Бу йилги Рамазон Ҳайити Россияда Москвадаги концерт залларидан бирида амалга оширилган ва 140 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган қонли ҳужумга ҳали унча кўп бўлмаган бир пайтга тўғри келган.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи масъулиятини ўз зиммасига олган, расмий Москва Киевга боғлаётган 22 мартдаги ҳужумни уюштирганлик ва унга алоқадорлик гумони билан эса, аксарияти Тожикистон фуқаролари бўлган ўндан ортиқ Марказий осиёлик меҳнат муҳожири қўлга олинган.

Мазкур ҳужум ортидан Россияда Тожикистон, Қирғизистон ва ўзбекистонлик мигрантларга қарши полиция рейдлари кескин кучайгани, аэропортлар, турли идораларда муносабат ёмонлашгани, кўча-куйларда уларга қарши ксенофобик хатти-ҳаракатлар фаоллашганига оид хабарларнинг сони ортган.

Марказий осиёлик айрим мигрантлар эса, ҳатто, соқолларининг мажбуран қирдириб ташланаётганидан ҳам шикоят қилишган.

Россияда ҳам Рамазон Ҳайити куни деб 10 апрел эълон қилинган.

Moskvadagi Hayit namozi

Сурат манбаси, AFP/SKRINSHOT

Moskvadagi Hayit namozi

Сурат манбаси, AFP/SKRINSHOT

"Франс-Пресс" ахборот агентлигининг ёзишича, "Тинчлик Проспекти"даги ҳар йил Ҳайит намозида мусулмонларга сиғмай кетадиган "Москва" Жомеъ масжидига кеча кўп одам чиқмаган, ён-атроф полиция билан тўсилган.

"Бу хабар(концерт залидаги ҳужум - таҳр.)дан мусулмонлар жабр чекишди. Ҳаммага таъсир қилди. Бу байрам эмас. Бу шунчаки байрам эмас. Одам кам. Авваллари кўчалар тўлиб кетарди, юриб бўлмасди. Келганларнинг сони ҳар доим икки мингдан ошарди. Ҳозир эса, масжид деярли бўм-бўш", - деб айтган россиялик мусулмонлардан бири мазкур ахборот агентлигига.

Iqtibos

Масжиддаги асли Марказий осиёлик кўнгиллилардан бирининг сўзларига кўра, Ҳайит намози чоғида текшир-текшир қаттиқ бўлган.

"Полиция ҳар қадамда текширди. Бу жуда хавотирли эди", - деб айтган у.

"Франс-Пресс" бу каби танг вазият россиялик мулозимлар "Крокус Сити Ҳолл"даги ҳужум исломий радикалчиларнинг иши эканига оид баёнотларни жиддий олмаётган бир пайтда кузатилаётганига ўзининг эътиборини қаратган.

Moskvadagi Hayit namozi

Сурат манбаси, AFP/SKRINSHOT

Россия аксарият Марказий осиёликлар учун энг йирик меҳнат бозори бўлади.

Ислом дини Россияда иккинчи йирик дин саналади.

Мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади.

Россиядаги мусулмонларнинг сони турли манбаларда 10 миллиондан 25 миллионгача экани айтилади.

Россиядаги мусулмонларнинг салмоқли қисмини, йилларки, Марказий осиёлик мигрантлар ташкил этиб келишади.

Уларнинг орасида катта кўпчилиги Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир.

Путин табриги

Moskvadagi Hayit namozi

Сурат манбаси, AFP/SKRINSHOT

Putin tabrigi

Сурат манбаси, RASMIY/SKRINSHOT

Россия Мусулмонлари Диний Кенгашининг кеча, 10 апрел куни ўз Telegram каналида маълум қилишича, президент Путин мамлакат мусулмонларини Ҳайит билан " чин дилдан" табриклаган.

"Ҳайит байрами асрлар давомида мусулмонлар учун янгиланиш қувончи, ахлоқий комилликка интилиш, фикрлар ва амаллар поклигини англатиши"ни таъкидлаган.

Ватанпарварлик, маърифий ва хайрия ташаббусларини амалга оширишда мусулмон ташкилотларининг "амалий" иштирокларини мақтаган.

Улар "давлат ва жамоат тузилмалари билан самарали ҳамкорлик қилишлари ва ёш авлод тарбиясига устувор эътибор қаратишлари"га ҳам тўхталган.

Табриги сўнггида эса, Путин "Россия мусулмонларига сиҳат-саломатлик, муваффақият ва энг яхши тилаклари"ни тилаб қолган.

Россия Мусулмонлари Диний Кенгаши ўз каналида президентнинг табриги нусхасини ҳам чоп қилган.

Аммо Россия президентининг расмий веб саҳифасида унинг Рамазон Ҳайити табриги ҳалича кўзга ташланмайди.

Rossidagi migrantlar

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ҳар йил ортга юбораётган миллиардлаб долларлик пуллар, айниқса, минтақада аҳолиси энг йириги (36 миллиондан ортувчи - таҳр.) бўлган Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритишда муҳим аҳамият касб этади.

Москвадаги қонли ҳужум ортидан Россиядаги марказий осиёлик мигрантларга нисбатан муносабат саноқли кунларнинг ўзида ҳатто минтақа давлатлари ҳукуматларининг жиддий хавотирларига сабаб бўлиш даражасига етган.

Россияда эса, устма-уст миграция сиёсатини кескинлаштиришга оид даъватлар янграган.

Марказий Осиё давлатларига виза киритиш ҳақидаги таклифларгача илгари сурилган.

Таклиф ҳатто Россия ҳар йили четдан миллионлаб ишчи кучига эҳтиёж сезиши факт бўлган бир манзарада янграган.

Бу мигрантларнинг салмоқли қисмини, йилларки, Марказий осиёликлар ташкил этиб келишади.

Сўнгги ҳужум манзарасида Россиядан ортга депортация қилинаётган, яна ўз юртига қайтиш ва қолишни афзал билаётган Марказий осиёлик мигрантлар сонининг ортиб бораётганига оид хабарлар олинган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи уларнинг ўз мамлакатларини жиддий инқироз ёқасида қолдиришига оид хавотирлар кучайган.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ҳар йил ортга юбораётган миллиардлаб долларлик пуллар, айниқса, минтақада аҳолиси энг йириги (36 миллиондан ортувчи - таҳр.) бўлган Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритишда муҳим аҳамият касб этади.

Аксар аҳолиси бугун ҳам ишсизлик ва камбағаллик кенг илдиз отган чекка қишлоқ ҳудудларида яшовчи Ўзбекистонда миллионлаб сондаги одамнинг тирикчилиги улар ортга юбораётган ана шу маблағлар орқасидан ўтади.

Бу пуллар, йилларки, мамлакатда ижтимоий тангликни юмшатиб, Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб келади.

Худди шу боис, ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон илова ҳар уч Марказий Осиё давлати ва ҳукумати учун бирдек муҳим аҳамият касб этади, айни ўринда Россия энг йирик меҳнат бозори сифатида жорий пайтда улар учун беқиёс ўрин тутади.

10 апрель. Рафаҳ масжиди вайронасида Ҳайит намози. Толибон раҳбари кўриниш берди

Ғазонинг Рафаҳидаги Ал-Фаррух масжиди вайронасида Ҳайит намози адо этилди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ғазонинг Рафаҳидаги Ал-Фаррух масжиди вайронасида Ҳайит намози адо этилди

10 апрель куни Ғазо аҳли ҳам Рамазон Ҳайитини қарши олди.

Бўлга жанубидаги Рафаҳ шаҳри атрофида бутун Ғазодан 1,5 миллион аҳоли кун кўраяпти.

Ҳайит куни Рафаҳнинг Исроил бомбардимонидан бузилган Ал-Фаррух масжиди вайроналарида бир неча ғазолик Рамазон Ҳайити намозини ўқидилар.

Бир неча кун олдин Исроил Хон Юнисдан ўз қўшинларини олиб чиқишга қарор қилган, хон юнисликлар ўз шаҳарларига қайтишни бошлаган эдилар.

Улар бир неча ойлик қаттиқ жанглардан кейин "ўз уйимиз ҳали ҳам бормикан?" деган савол билан айтишди.

Ўзлари учун зарур буюмларни елкасида кўтариб кетаётган эркаклар

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Хон Юнисликлар шаҳарга қайтмоқдалар

Хон Юнисликлар бугун байрам қилиш шароити йўқлигини айтадилар.

"Бу бино менинг уйим. У беш қаватли, 80 дан ортиқ одам истиқомат қиларди. Бино ер билан яксон қилинипти", деб айтди AFP ахборот агентлигига Муҳаммад Саггоҳ.

"Бу ер фақат вайрона - на сув бор, на электр. На устунлар, на девору эшик қолган. Бу шароитда қандай байрам қиламиз", дейди бошқа бир аёл.

Ғазолик она Амани Мансур Ҳайит куни ўғлининг қабри зиёратига борди.

"Бугун ўғлим ёнимда бўлишини хоҳладим. Агар тирик бўлганида бугун эрталаб масжидга борган бўларди. Кетишидан олдин "Она, менга олган ҳайитлик совғангизни тайёрлаб қўйинг!" деган бўларди. Ҳаётимдаги неки қувончли нарса бўлса, бирортаси ҳам қолмади", дейди аёл.

"Ўтган Ҳайит билан бу Ҳайитни солиштираман. Ўтган Ҳайитда атрофим тўла болаларим, уларга қувонч билан қарардим. Бугун эса ярадорман, ҳеч қаерга боролмайман", дейди ногиронлар аравасида ўтирган Маҳмуд ал-Ҳамайде.

Толибон Амири Охунзода Ҳайит намозида маъруза қилди

Толибон Ҳибатуллоҳ Охунзоданинг 35 дақиқалик аудиосини тарқатди

Сурат манбаси, .

Сурат тагсўзи, Толибон Ҳибатуллоҳ Охунзоданинг 35 дақиқалик аудиосини тарқатди

Толибон Амири Ҳибатуллоҳ Охунзода 10 апрель куни Рамазон Ҳайити намози олдидан намозхонлар олдида ваъз қилган.

Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид айтишича, Толибон раҳбари Қандаҳор вилоятидаги энг катта масжидда чиқиш қилган, масжидга минглаб намозхон тўпланган бўлган.

Толибон ҳаракати Амир Ҳибатуллоҳ Охунзоданинг маърузаси аудиосини тарқатди.

35 дақиқалик мурожаатда Ҳибатуллоҳ Охунзода Ғарбни танқид қилган, АҚШ етакчилигида Афғонистонга бостириб кирган мамлакатлар ҳамон "ташвиқот ва иблисий усуллар" билан Афғонистонга ҳужумини давом эттираяпти, деб айтган.

"Биз Имом Абу Ҳанифа мазҳабидамиз, ўз эътиқодимиздан қайтмаймиз", деган Толибон раҳбари.

2021 йил августида Афғонистонни Толибон тўла ўз назоратига олганидан кейин ҳам Амир Ҳибатуллоҳ Охунзода оммага кўриниш бергани йўқ, бу сафар ҳам Толибон унинг фото ёки видеосини тарқатмади.

Унинг анча олдин олинган фақат бир фотосурати оммавий ахборот воситаларига маълум.

9 апрель. Ўзбекистон ва Дунё: Hарх-наво ошдими ёки тушди, янги Ой кўриндими ва Мирзиёев Каримов қилмаган яна бир ишни қилди O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистон тарихида Рамазон Ҳайити муносабати билан авф эълон қилган биринчи давлат раҳбари бўлади.

Рамазон Ҳайити олдидан нима гап:

  • Ўзбекистонда Рамазон Ҳайити эртага, 10 апрел куни нишонланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати кеча, душанба куни расман хабар берди. Бу хусусда Ўзбекистон президентининг ҳам махсус қарори қабул қилинди.
  • Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон Ҳайити арафасида юзлаб маҳкумни авф этишга қарор қилди. Кеча, 8 апрель куни Авф тўғрисидаги махсус фармонни имзолади. Ўзбекистон президенти авфига тушганларнинг ўндан ортиғи хорижлик экани айтилмоқда.
  • Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоятма вилоят Ҳайит намози вақтларини ҳам эълон қилди. Пойтахт Тошкентда Рамазон Ҳайити куни жамоат транспорти соат саҳар 04:00 дан иш бошлаши айтилди. Рамазон Ҳайити муносабати билан Ўзбекистонда расман уч кун дам олиш куни қилиб белгиланди.
  • "Ўзгидромет" эса, Рамазон Ҳайити куни Ўзбекистонда об-ҳаво қандай бўлишини маълум қилди. Агентликка кўра, 10-11 апрел кунлари бутун Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчилик кузатилмайди. Ҳаво ҳарорати +22-27, мамлакат жанубида эса, +30 даражагача кўтарилади.

Тафсилотлари учун веб сайтимизни кузатиб боринг, мақоламиз эртага, 10 апрел - Рамазон Ҳайити куни ҳам янгилаб борилади.

Президент авфи

Masjid

Сурат манбаси, Muslim.uz

Шавкат Мирзиёев бу йилги Рамазон Ҳайити арафасида юзлаб маҳкумни авф этишга қарор қилди.

Ўзбекистон президенти кеча, 8 апрел куни авф тўғрисидаги янги фармонини имзолади.

Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, президент авфи жами 426 нафар шахсни қамраб олади.

Авф этилаётганларнинг орасида ўндан ортиқ чет эл фуқаролари ва ўнлаб аёллар ҳам бор, беш нафари эса, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашганлардир.

Президент авфига тушганлардан 135 киши асосий жазодан тўлиқ озод этилади, яна 200 таси жазони ўташдан муддатидан илгари шартли қўйиб юборилади, ўттизга яқинининг жазоси енгилроғига алмаштирилади, яна ўнлабининг қамоқ муддати қисқартирилади.

Президент ўз фармонида авф этишга қарор қилган шахсларнинг тезда ижтимоий ҳаётга қайта мослашиб кетишларида кўмак беришга ҳам эътибор қаратгани, бу хусусда топшириқлар бергани айтилмоқда.

Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистон тарихида Рамазон Ҳайити муносабати билан авф эълон қилган биринчи давлат раҳбари бўлади.

Президент Мирзиёевнинг бу авфи 2018 йилда эълон қилинган, ўшанда у жами 226 нафар маҳкумни кечирганди.

Мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг катта сондаги маҳкумни ҳам президент Мирзиёев афв қилган.

Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллиги арафасида у 2700 нафар маҳбусни озод этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Ўшанда қилган чиқишида Шавкат Мирзиёев "кўп-кўп одамларнинг адолатсиз қамалгани" ва ҳануз қамоқда ўтирганини айтган.

"Адолатсиз ўтиргани учун адолатсиз халққа ҳам, жамиятга ҳам душман бўлгани"ни таъкидлаган.

Prezident Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Президент Шавкат Мирзиёев бу йилги Рамазон ойида рўзадорлар билан бирга ифторлик ҳам қилган, Наманганда экан, оғзини Фарғона водийсидаги уч вилоят жамоатчилик вакиллари билан билан бирга очган.

Prezident Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Президент Шавкат Мирзиёев бу йилги Рамазон ойида рўзадорлар билан бирга ифторлик ҳам қилган, Наманганда экан, оғзини Фарғона водийсидаги уч вилоят жамоатчилик вакиллари билан билан бирга очган.

Бунақаси ҳам мамлакат мустақиллиги тарихида кўрилмагани билан Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Ифторлик тасвирлари билан президентнинг матбуот хизмати бўлишган.

Iqtibos

Шу соатларда эса, президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини расман Рамазон Ҳайити билан қутлаган.

Ўзбекистон президенти ўз табриги киришида, "Сидқидилдан қилган дуо ва ниятларимиз, эҳсон ва амалларимизни Парвардигори олам ўз даргоҳида қабул айласин! Инсон қадрини улуғлайдиган савобли ишларимиз бардавом бўлсин!", - дея тилак билдирган.

Londonda Ramazon

Сурат манбаси, Rasmiy

Londonda Ramazon

Сурат манбаси, Reuters

Ислом олами учун муқаддас Рамазон ойи ниҳоялаб бораркан, Британияда ҳам у шу пайтгача ҳеч кўрилмаган ишлар билан ҳам ёдда қолмоқда.

Айнан шу йил илк бор Рамазон ойи муносабати билан Лондоннинг дунёга машҳур West End ида 30 мингта махсус кўча чироқлари ёқилган.

Янгилик сарлавҳаларга чиқди, яхшигина шов-шув уйғотган.

Ислом Буюк Британияда иккинчи йирик дин саналади.

Ўзбекистонда янги Ой кўриндими ёки бу йил Ҳайит қайси кунга тўғри келади?

Oy

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ислом динида Ой тақвими ишлатилади

Янги Ой ёки ҳилолни кўриб белгилайдиганлар учун, дунёнинг қаерида бўлишингизга қараб, бу йилги Рамазон Ҳайити сешанба - 9 апрел ёки чоршанба - 10 апрел куни бошланади.

Аммо мусулмонлар буни тасдиқлаш учун барибир Ҳайитдан аввалги тунга қадар кутишлари лозим бўлади. Чунки тунги осмонда ҳилол қачон кўринишига қараб, қамарий ойлар 29 ёки 30 кун давом этиши мумкин.

Жаҳоннинг қаерида бўлмасинлар, маҳаллий ой изловчилар ҳилолни излаб, ойнинг 29 куни қуёш ботганидан сўнг осмонни кузатишга киришадилар.

Агар улар осмонда янги Ойни кўришса, эртасига Ҳайит бошланади.

Акс ҳолда 30 кунлик ойни якунлаш учун яна бир кун рўза тутилишига тўғри келади.

Буюк Британиянинг HM Nautical Almanac идорасига кўра, янги ой, яъни ҳилол 9 апрел - сешанба кунидан бошлаб осонлик билан кўринадиган бўлиши керак. Бу эса, Ҳайитнинг илк куни чоршанба - 10 апрел кунига тўғри келишини англатади.

Ўзбекистонда ҳам бу йил Рамазон Ҳайитининг худди шу куни байрам қилиниши айтилди.

Бу ҳақда кеча, 8 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг онлайн мажлиси бўлиб ўтган.

Унда соҳа мутахассислари ва уламолар томонидан бу йилги Рамазон Ҳайити қайси кунга тўғри келиши муҳокама қилинган.

Бу масалада бир тўхтамга келиш учун ҳижрий 1445 йил Шаввол ойи ҳилолини кузатиш бўйича қилинаётган ишлар ва фалакий ҳисоб-китоблар батафсил таҳлил қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фиқҳий қоидалар, фалакий ҳисоб-китоблар ва астрономик кузатишларга таянган ҳолда жорий йилда Рамазон Ҳайитининг 10 апрел - чоршанба кунига тўғри келишини маълум қилган.

Худди шу куни эса, Ўзбекистон президентининг қарори билан 10 апрелни мамлакатда Рамазон Ҳайити сифатида кенг нишонланиши ҳам белгиланган.

Ҳайит кунининг қандай асосда белгиланиши Ўзбекистонда анчайин муҳокамаларга сабаб мавзулардан бири экани кўрилади.

Жумладан, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг ўтган йилги Рамазон Ҳайитининг "астрономик маълумотларга асосланиб", 21 апрелга тўғри келиши ҳақидаги қарори ижтимоий тармоқларда баҳсу мунозараларни қизитган.

Ўшанда кўпчилик ўзининг эътиборини қарорнинг идора ҳузуридаги Фатво маркази томонидан Ҳайит куни "фалакий ҳисоб бўйича маълум бўлса-да", унинг янги Ойни кузатиб, кейин эълон қилинишига оид сўзларига қаратган, бу хусусда бир қарорга келишда "нега ҳилолнинг чиқиши кутилмагани"ни савол остига олган.

Ижтимоий тармоқдагилар ўшанда Мусулмонлар идораси хабарида янги Oй чиқиши кузатилганлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаганига эътибор қаратишган.

Кеча, душанба куни олинган хабарларга кўра эса, осмоннинг булутли экани ва Қуёшнинг тўлиқ тутилиши жараёни боис Саудия Арабистонида янги Ойни кўриб бўлмаган ва шу боис, подшоҳликнинг ҳам бу йилги Рамазон Ҳайитини эртага, 10 апрел куни байрам қилиши айтилган.

Мураккаб жараён

Hayit namozi

Сурат манбаси, Muslim.uz

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон постсовет ҳудуди ва минтақадаги энг йирик мусулмон давлати бўлади

Рўза ойи тугаши билан бошланадиган Рамазон Ҳайитини аниқлаш жуда мураккаб жараён.

Рамазон ойи якунига етаркан, дунёдаги 1.8 миллиард мусулмон булутсиз осмонга умид қилиб, ҳилолни кўриш учун кўкка кўз тикишади.

Ислом дини ойнинг жойлашув паллаларига қараб юритиладиган Қамарий тақвимга мувофиқ йўл тутади. Рамазон - тўққизинчи ой.

Ой тақвимига биноан ҳар янги йили ойлар аввалги санага қараганда 11 кун олдин бошланади.

Рамазон Ҳайити оқ тақвимидаги ўнинчи ой - Шаввалнинг биринчи куни нишонланади.

Аммо Ислом ичида ҳам Ҳайит қачон бошланиши борасида баҳслар бор. Кўплаб мамлакатларда одамлар осмонга ўзлари қарашмайди ва аксинча, расман ой чиққан кунни белгилашади.

Баъзилар аввалдан ҳисоблаб чиқилган ой тақвимини ишлатишади.

Бошқалар эса юлдузбон, яъни астрономларнинг ҳисоб-китобларини кузатиб бориб, ҳилол чиқишига қараб иш тутишади.

Шундай мусулмонлар ҳам борки, улар осмонда янги ойни кўришмаса, умуман, Ҳайит қилишмайди. Шу боис дунё бўйлаб Ҳайит куни бир кунда бўлмайди ва бир-икки кун фарқ билан нишонланиши мумкин.

Саудия Арабистонида бирон одам ҳилолни ўз кўзи билан кўрганига қараб, Рамазон ойи бошланиши ёки тугаши эълон қилинади.

Жаҳондаги кўплаб мусулмонлар кейин шу ҳисобга эргашадилар. Лекин айрим давлатлар бошқачароқ йўл тутишади.

Масалан, Шиа Эронда ҳилол чиққани ҳукумат тарафидан расман эълон қилинади.

Ўзбекистон ва Туркия каби сунний, аммо дунёвий давлатлар эса ойнинг чиқишини асосан дақиқама дақиқа ҳисоблайдиган астрономларнинг хулосасига қараб Ҳайитни белгилашади.

Шиа ва суннийлар аралаш яшовчи Ироқда эса одамлар мазҳабига қараб икки хил йўл тутишади.

Шиа ироқликлар Оятуллоҳнинг эълонига қулоқ солишса, Суннийлар ўз уламолари айтган гапга қараб байрамини қилишади.

Фақат 2016 йили Ироқдаги шиалар ва суннийлар узоқ муддат давомида илк марта бир кунда Рамазон Ҳайитини нишонлашган.

Европада яшовчи мусулмонлар ўз жамоалари етакчиларининг эълонига қарашади. Баъзида бу эълонлар бошқа йирик мусулмон давлати белгилаган Ҳайит кунига мосланиши ҳам мумкин.

Ўзбекистонда Рамазон Ҳайити: Нарх-наво ошдими ёки тушди?

Нишолдафуруш

Ўзбекистонда Ҳайит олдидан бозорлар гавжумлашади. Одамлар нафақат ифторлик, балки Ҳайит дастурхони учун ноз-неъматлар олиш учун шошадилар.

Мамлакатнинг энг машҳур миллий ва қадимий бозорларидан бири бўлган Чорсу гавжум.

Алоқадор мавзулар:

Чорсу

Ўзбекистонда байрам таомларининг аксариси гўштли.

Ҳайит дастурхонида ҳам асосий ўринда туради. Умуман, минтақада гўшт сотиб олиш имконияти бу оилаларнинг моддий аҳволини белгиловчи мезонлардан бири ҳам саналади.

Чорсу

Рамазон давомида энг кўп истеъмол қилинадиган гўштли овқатлар қаторига балиқ маҳсулотлари ва норинни ҳам қўшиш мумкин.

Бу йилги Рамазон эрта бори ёки иликузилди даврига тўғри келгани учун, рўзадорлар серқувват таомларни авло кўришган.

Буни бозорда таклиф этилаётган озиқ-овқатларга қараб ҳам билиш мумкин.

Нишолда, асосан, Рамазон ойи ширинлиги саналади. Айрим ҳудудларда дафн ва таъзия маросимларида ҳам нишолда қилинади.

Лекин бу ширинлик энг кўп фақат рўза ойида сотилади.

Чорсу
Чорсу

Байрамда одамлар меҳмоннавозлик қилишади ва айни анъанага мувофиқ совға-салом олиб бориш керак.

Бозор расталари ҳам тайёр совға сифатида таклиф этилаётган пишириқлар билан тўлиб-тошади.

Ўзбекистон бозорларида Рамазон ойида ва байрам олдидан нархлар ошгани айтилади. Шу боис арзонлаштирилган маҳсулотлар сотадиган махсус ярмаркалар ҳам ташкил этилган.

Чорсу
Бозорда

Йирик байрамлар олдидан арзон маҳсулотлар расталари бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилади.

Улар одатда энг муҳим мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини таклиф қилишади.

Вилоятлардаги бозорларда Ҳайит олдидан нарх-наво қандай?

Бахтиёр Турсунов,

Мустақил журналист, Сурхондарё

Бу йилги серёғин, нисбатан совуқ баҳор Рамазон кунларига ҳам тўғри келди. Бозорлардаги кўклам яшиллигига хос полиз маҳсулотлари нарх-навоси айни рўза фарз ва таомилига мос алоҳида кўрсаткичга ҳам эгадир, аммо нарх-наво одатдаги ҳолдан айтарли фарқ қилмайди. Оғиз очар вақтида рўзадорлар дармондориларга бой баҳорий неъматларга кучлироқ эҳтиёж сезишганда барибир маҳсулотлар чўнтак кўтарадиган миқдорда бўлиши алоҳида қизиқиш уйғотади.

Бозор растаси
Сурат тагсўзи, Қишки қовун-тарвўз тугамоқда, баҳорги кўкат ва равочлар чиқмоқда.

"Аслида рўза ойида иштаҳа у қадар кучли уйғонмайди. Куни бўйи одам ўзини оч тутганидан бунга ўрганиб қолади.. Устига устак айни Рамазон ойи бу йилдагидек мўътадил табиат ойида ўтса, муаммо кўп эмас" - дейди термизлик рўзадор 59 ёшли Муҳайё опа.

Айни пайтда нарх-наво ва моддий имкониятлар борасида бу қарашга зид фикрлар ҳам бор.

" Ҳозирги вазият ҳар бир ойда маошдан маошгача ёки нафақадан нафақагага рўзғор қилишда харажатни тежамкорлик асосида юритиш лозимлигини уқтиради. Масалан, 100 долларлик маблағ бир ойда 5-6 аъзоси бор оилага етмайди, аммо бунинг уддасидан чиқаётганлар борлигини ҳам истисно қилмаслик лозим. Ҳозир бозорда картошка ва пиёз каби маҳсулотларнинг узоқ ойлардан буён ўзгармаётган барқарор нархини кузатиш мумкин, лекин фақат шуларни истеъмол қилавериб яшаш мушкул, гўшт ва гуруч дастурхонда тансиқ бўлиб қолаётган неъматлар бўлиб қоляпти, уларнинг нархи чўнтакка қимматлик қилмоқда. 22-25 минг сўмга гуруч, 85-90 минг сўмга мол гўшти сотиб олиш ҳар кимнинг қурбида эмас"- дейди сариосиёлик 68 ёшли нафақахўр Норгул опа.

Бозорда
Сурат тагсўзи, Одамлар маҳаллий сабзавот ва полиз нархлар мўътадил қолса-да, гўшт баҳоси ошганидан шикоят қилишади.

Суҳбатдошимиз бугунги бозор нархлари Рамазон ойига боғлиқлигини ҳам урғулайди.

"Ўтган йилларда Рўзада маҳалламизда деярли ҳар куни ифторликлар ўтказиларди. Бу йили эса атиги уч-тўрт марта ифторликка чақиришди. Бизда охирги пайтда кўплаб сондаги кишилар рўза тутадиган бўлган. Ифторлик дастурхони ёзганда, ош дамлаш учун ўртача 10 кило гуруч керак. Менимча, айни вазиятда иқтисодий қийинчилик ифторлик камайишига олиб келди" - дейди Норгул опа.

Бозорда

"Нишолдани Денов туманининг Даҳана қишлоғидан олиб келиб сотяпмиз. Бу беҳ деган ўсимликдан тухумнинг оқи ва шакар аралаштириб тайёрланади ва у фақат бир йилда 30 кун Рўза ойида ейилади. Бир кунда 20 килоча нишолда сота оляпмиз. Махсус пластмассадан ясалган бир марталик идишдаги нишолда баҳоси 10 минг сўм туради. Илгари Термиз шаҳар аҳолиси маҳаллий тилда" нишолло" деб аталадиган бу егуликни унчалик билишмасди. Бу йилларда бир қадар унинг бозори чаққон бўлмоқда"- дейди Даҳана қишлоғилик тадбиркор 35 ёшли Халил.

Халил бозорда ҳар фаслда писта, бодом,ёнғоқ, ғўлин, туршак ва бошқа қуритилган қарс-қурс, қоқиларни сотади. Мазкур неъматларнинг нархи айтарли қиммат, ва унинг таъкидича унга талаб ва унинг хариди доим саёз бўлиб келган.

"Буларни одамлар мунтазам сотиб олишмайди. Агар кузатсангиз, кишиларнинг чўнтаги ҳар доим тўйимли харидни кўтармайди. Нишолдани ҳам баъзида тенг ярмини беш минг сўмга беринг деб илтимос қилишади. Ахир бу урвоқ ҳам бўлмайди дея эътироз билдирсангиз, бир-икки яласак кифоя дейишади. Муҳими динга берилган эркинлик кишилар имон-эътиқодини мустаҳкамлаб, уларнинг маънавиятини ўзгартирмоқда. Худодан қўрқиб, охиратни ўйлаб, яшашга ундамоқда"-дейди Халил.

Iqtibos

"Эътибор берсангиз, йил давомида кўкатлар нархи бир мунча ҳам ўзгармасдан қимматлигича қолди. Ўтган ҳафта бозорга тушсам, 2 минг сўмга уч боғ шивитни таклиф қилишди. Сотиб олмай эгасига қайтардим. Ҳозир бир боғ кўкат минг сўмга баҳоланмоқда. Ҳозир кўкат онда сонда, баъзида дастурхонда бўлиб ва бўлмайдиган, бу гап лофга ўхшаб қулоққа чалинса-да, тансиқ неъматга айланган. Тоғдан олиб келиб сотилаётган исмалоқлар ҳам фалон пул. Тунов куни 20 минг сўмга оз 10 боғ бўлсаям олиб келиб кўк сомса пишириб, оғиз очарда едик. Айнан оддий кўкатлар нархи бозор мезонини англата оладиган ҳолдир"-дейди Норгул опа.

Бозор растаси

"Ҳайит арафасида нарх бироз ошибти. Мен 4 сотих ерда иссиқхона қурганман. Унда помидор етиштиряпмиз. Илк ҳосил пишди. Икки кун олдин 22 минг сўмдан кўтарасига топширгандик. Бугун 50 кило помидорни 24 минг сўмдан олишди. Байрам арафаси билан боғлашди ошган нархни. Ўтган йили бутун ҳосилдан 18 млн сўм фойда кўргандик. Бу йил эса кетказилган харажатни ҳали қопламадик. Баракасини беради деган умиддамиз. Шундай улуғ айём кунларда шунинг дуосидамиз,"- дейди биз бозорда суҳбатлашган Термиз туманилик 42 ёшли деҳқон аёл Гулноза.

"Бу йилги Рамазон ойида бир марта ифторликни дугоналарим ва қариндошлар билан ўн беш чоғлик хотин-халаж ресторанда қилдик. Бунинг завқи ўзгача бўларкан. Аввалдан жойни буюртма қиласиз, ҳатто биринчи суюқ овқатга кесган ош билан текинга меҳмон қилишаркан. Ҳатто айрим давраларда мусиқа остида рақсга тушганларни ҳам кузатдик. Ҳайит арафасида яна ресторанда сўнгги ифторликка йиғилмоқчимиз. Бу йилги Рамазон рўзғор ташвишларидан орттириб, ёқимли кайфият ва руҳий енгиллик бағишламоқда"- дейди термизлик Ҳамида.

У кайфияти ҳозир баҳорий ва байрамона эканини урғулайди.

Сиз яшайдиган жойда байрам олдидан нархлар қандай ўзгарган ва Ҳайит дастурхони ёзиш қанчага тушмоқда?

Фикр мулоҳазаларингизни қуйидаги Телеграм манзилимизга юборинг.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002