Москва: Қурбон Ҳайити онлайн байрам қилинади, Ҳайит намози масжидларда ўқилмайди O‘zbekiston, Rossiya, musulmonlar, yangiliklar

Ҳайит

Сурат манбаси, EPA

Россия мусулмонлари диний идораси Уламолар кенгаши ўзининг қарорини айтди. Москвада Қурбон Ҳайити уйда байрам қилинади. Россияда коронавирус билан боғлиқ аҳвол оғир, ҳиндча штамм кенг тарқалган. Кунига 700 дан ошиқ одам ўлмоқда. Москва эса, коронавирус ўчоғи бўлади.

Россияда Ислом иккинчи йирик дин саналади.

Мамлакатдаги мусулмонлар сони 23 миллиондан ошади.

Уларнинг салмоқли қисмини Россияда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд Марказий Осиё фуқаролари ташкил этишади.

Россиядаги мусулмонлар сони айнан собиқ Совет шарқининг мусулмон аҳолиси ҳисобига янада ортиб бораётгани кўрилади.

Пойтахт Москва Санкт-Петербург билан бирга Россиянинг мусулмонлар энг кўп яшайдиган икки йирик шаҳридан бири бўлади.

Ҳайит намозида мусулмонларнинг масжидларга сиғмай, кўчаларда саф тортишлари бугунги Москва учун одатий манзара касб этгани кузатилади.

Россиядаги энг катта сондаги ўзбекистонлик мигрантлар ҳам айнан пойтахт Москва ҳисобига тўғри келади.

Мамлакат мусулмонлари диний идораси Уламолар кенгаши бу йилги Қурбон Ҳайитига оид қарорини кеча, 12 июль куни эълон қилган.

Россия ва ҳиндча штамм

Ҳайит

Сурат манбаси, AFP

Бу йилги Қурбон Ҳайити Россияда коронавируснинг ҳиндча штамми кенг тарқалаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Россияда ҳозир кунига 25 мингдан ортиқ одам коронавирусга чалинмоқда.

Ўлим кўрсаткичлари эса сўнгги кунларда 700 дан пастга тушмаётгани кузатилади.

Россия мусулмонлари диний идораси Уламолар кенгаши ҳам ўзининг сўнгги қарори сабабини пандемия билан изоҳлаган.

Айнан пойтахт Москва ҳозир яна коронавирус ҳиндча штаммининг ўчоғи бўлиб турибди.

Уламолар Кенгаши қарорига кўра, бу йилги Қурбон Ҳайити Москвада онлайн байрам қилинади.

Ҳайит куни масжидлар намозхонлар учун очилмайди.

Барчанинг Ҳайит намозини ўз уйларида адо этишлари, Қурбон Ҳайитини оилалари даврасида байрам қилишлари тақозо этилади.

Муфтият расмий сайтида маълум қилинишича, бу йилги Қурбон Ҳайити намози фақат Москвадаги Жомеъ масжидида ўқилади.

Аммо унга ҳам оддий намозхонлар қўйилмайди, Ҳайит намозини имомлар, муаззинлар ва муфтий ўринбосарларининг ўзларигина адо этишади.

Бошқа масжидларда, шунингдек, мусулмонларнинг маҳаллий диний идораларида Ҳайит намозини ўқиш тавсия этилмайди.

Россиянинг қолган минтақаларида Қурбон Ҳайитининг қандай адо этилиши борасидаги қарорни эса, эпидемиологик вазиятни инобатга олиб, мусулмонлар диний идораси минтақавий бошқармаларининг ўзлари беришлари айтилади.

Бу йилги Қурбон Ҳайити Россияда 20 июль куни байрам қилинади.

Глобал коронавирус пандемияси боис, ўтган йил ҳам Москвада Ҳайит намозини жамоат бўлиб ўқишга рухсат берилмаган.

Ўзбекистон ва Қурбон Ҳайити

Ўзбекистонда Ҳайит намози

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон постсовет ҳудудидаги энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси бу йилги Қурбон Ҳайитининг қачон ва қандай байрам қилиниши борасидаги қарорини ҳалича эълон қилмаган.

Коронавируснинг ҳиндча штамми Ўзбекистонга кириб келгани ҳалича расман ўзининг тасдиғини топмаган.

Аммо Ҳайит Ўзбекистонда ҳам коронавирус ва пневмония билан боғлиқ аҳвол яна ёмонлашиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Мавжуд вазият боис, Ўзбекистонда ўтган ой охирида карантин чоралари қайта кучайтирилган, масжидлар ёпилмаган, аммо жамоат намозлариниочиқ ҳавода ўқиш тавсия қилинганди.

Ўтган йил Ўзбекистонда ҳам глобал коронавирус пандемияси боис, Рамазон ва Қурбон Ҳайити намозини мамлакат мусулмонлари ўз уйларида адо этишган.

Агар, расмий статистикага таянилса, кеча, 12 июль куни Ўзбекистонда жами 497 киши коронавирус юқтирган.

Пневмония аниқланганларнинг сони 287 тани ташкил этган.

4 нафар бемор эса, ҳаётдан кўз юмган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони ҳозирга келиб 117 мингга яқинлашган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek