Янгиликлар: Муфтий босимларга бардош беролмадими? Ҳайитни эълон қилиш баҳсларга сабаб бўлди

Ўтган йилги Рамазон ҳайити

Сурат манбаси, Muslim.uz

Сурат тагсўзи, Ўтган йилги Рамазон ҳайити

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси "астрономик маълумотларга асосланиб" Рамазон ҳайити 21 апрелга тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилди. Идора ҳузуридаги Фатво маркази бир кун олдин "фалакий ҳисоб бўйича ҳайит куни маълум бўлса-да" янги ойни кузатиб, эълон қилишини айтганди. Идора янги ой чиқишини кутмадими?

"Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Рамазон ойи ва ҳайитини аниқлаш учун тузилган Ишчи гуруҳи хориждаги нуфузли астрономия марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Астрономия институтидан олган маълумотларга кўра, 1444 ҳижрий йил Шаввол ойининг янги ой фазаси (ҳилоли) шу йил 20 апрель, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 09:12 да содир бўлган (туғилган)", дейилади Мусулмонлар идораси расмий хабарида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ислом дини таълимотлари ва мазкур астрономик маълумотларга асосланган ҳолда Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 2023 йил 21 апрель жума кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилган.

Мусулмонлар идорасига сўнгги йилларда ҳайит байрамларини белгилашда суннатга мувофиқ янги ой чиқишини кузатишни йўлга қўйгани баъзи мусулмонларнинг олқишларига сабаб бўлаётганди.

Идора ҳузуридаги Фатво маркази бир кун олдин, 19 апрел куни астрономик ҳисоб-китоблар маълум бўлса-да, суннатга мувофиқ янги ойни кўриб, якуний хулосаларни беришни маълум қилганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси янги ой чиқишини ўз кўзи билан кўриш учун махсус ишчи гуруҳи вакилларини АҚШ, Туркия, Жанубий Корея ва Россия минтақалари юборганини айтган.

"Фалакий ҳисоб бўйича ҳайит куни маълум бўлса-да, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар", деган ҳадиси шарифларига асосан мазкур Ишчи гуруҳининг АҚШ, Туркия ва Ғарб давлатлардаги вакилларининг ҳилолни кузатиш тўғрисидаги охирги маълумотлари олингандан кейин 2023 йил 20 апрель куни якуний хулосалар тақдим этилади, инша Аллоҳ", дейилади фатво маркази берган хабарда.

19 апрел куни астроном олимлар билан бирга кўрсатувда иштирок этган муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳам янги ойни кўриш кераклиги ҳақида гапирган.

"Биз бутун дунё астроном олимларининг айтган гапларини эътиборга оламиз, лекин шариат нуқтаи назаридан, барибир ойни кўриб қўйишимиз суннат бўлганлиги учун ўша суннатга эргашган ҳолатда қиляпмиз. Аммо фалакий нуқтаи назардан дунёнинг жуда кўп давлатлари ҳозир 21- кунни аниқ ҳайит деб эълон беришди. Бизнинг вакилларимиз у ерда ойни ўз кўзлари билан кўрганидан айтадилар, лекин ўша ойнинг ҳаракатларини олиб қараганда 9:12да ойнинг янгиланиши содир бўларкан", деган муфтий Нуриддин домла Холиқназаров.

"Муфтийни бардошлари етмади шекилли"

Ижтимоий тармоқдагилар Мусулмонлар идораси хабарида янги ой чиқиши кузатилганлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаганига эътибор қаратишган.

"Кеча Диний Идорамиз: "Ойни кузатамиз", деяётганди. Шунга қарамай, ой чиқмасидан аввал эртага ҳайит бўлишини эълон қилиб қўйишибди. Ҳа, майли, ўрганиб кетганмиз: кечаги гап бугунга тўғри келмаслигига. Ойни кузатувчи мутахассисларга кўра, янги ой (ҳилол) бугун кўринади. Шу томондан қараганда Диний Идоранинг ой кузатиладиган кун чошгоҳида, ҳали пешин ҳам бўлмай туриб берган эълони воқеликка (ой ҳақиқатда кўринишига) мос келиши аниқроқ. Фақат олдин бошқача гапириб - "Ойни кузатиб, кейин ҳайит қачонлигини айтамиз", деб, кейин эса яна ўтган йиллардагидек - ой чиқмасидан аввал ҳайитни белгилаб юбориши идорамизнинг бирсўзлилигини шубҳа остида қолдиради", дейди Мусанниф Адҳам.

Бошқалар муфти ва мусулмонлар идораси "ҳайит нега эълон қилинмаяпти", деб сўраганларнинг босимига бардош беролмади, дейишди.

"Ижтимоий тармоқларда ёзавериб идорага хам босим бўлди шекилли, шу кунгача ойни кузатамиз деб турганди. Кеча кун давомида ҳам бир неча бор расмий муносабат беришга мажбур қилишти. Афсус халқимиз сабрсизлик қилди. Ва қўшнилар ҳам олдиндан эълон қилгани ишни белига тепти. Аслида бирга қарор қабул қилиб кунни белгилаймиз деб келишишганди", дейди Umar Avazov.

Мубашшир Махмуд муфтийнинг босимларга туриб беришга бардоши етмаганини таъмин қилади.

"Муфтийни бардошлари етмади шекилли туриб беришга. Одатда ЯНГИ ҳилол аср вақтидан кейин шом намозидан аввал кўринар эди диний идорамиз ой кузатиб ҳайитни эълон қиламиз дейишганида Алхамдулиллаҳ бизда хам Суннатга амал қилинар экан деб хурсанд бўлгандик лекин, мана бу хабарни ўқиб хафсаламиз пир булди. Аллоҳ ислох қилсин", дейди у.

Ижтимоий тармоқдагилар балки дунёнинг бошқа жойида янги ой кўрингандир, деган фаразни ҳам ўртага ташлаган.

Бироқ унга жавоб берганлар Тошкент вақти билан эрталабки 9:12 янги ой дунёнинг бирор жойида кўрилмагани ва расмий хабарга таяниб, қарор астрономик ҳисоб-китоблар бўйича қабул қилинганини айтишган.

"Техника тараққиётини кўрганману, лекин бунақасини... Ёшим 64 га кириб, Тошкент вақти билан 9:12 да "янги ой кўрган"ларни энди кўришим! Ой дегани шом вақти кўринмасмиди?", дейди таниқли журналист Каримберди Тўрамурод.

Рамазон ҳайити эълон қилинишидан бир неча соат олдин Mubashshir Ahmad "ҳайит қачон бўлади", деб сўрайвермасдан мусулмонлар идорасини қўллаш кераклигини айтганди.

"Қачондан бери истаганимиз - Рамазон ва ҳайитларни ҳилолни кузатиб эълон қилиш йўлга қўйилди, алҳамдулиллаҳ. Энди бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идорасини қўллаб-қувватлашимиз керак. Бу қўллов "ҳайит қачон бўлади?" деб тоқатсизланавермаслик ва "фалон жойда эртага ҳайит экан, бизда нега ундай эмас" деган саволларни ўртага ташлайвермаслик билан бўлади", деганди у.

Ушбу пост остида изоҳ қолдирган Бахром Йўлдошев ойга қараб ҳайит белгилашни мусулмонлар 32 йил кутганини айтган.

"Ойга қараб" белгилашимизга 32 йилда эришган бўлсак, у ойни 29-Рамазон куни шомдан кейин кузатиш кераклигини яна 30 йилга суришларига йўл қўймаймиз, фатво ҳайъатида ҳурмат қилишга арзийдиган фитна қилмайдиган аҳли илмлар ҳам бор. Ўзим бориб гаплашганман, лекин уларни ҳеч қачон ижтимоий тармоқда кўрмадим. Ўшалар билан бундай масалаларни осон ҳал қилса бўлади, иншооллоҳ", дейди у.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.